Жиддада «Барселона» шоуси: «Атлетик» Билбао йирик ҳисобда таслим бўлди

Испания Суперкубоги ярим финалида «Барселона» «Атлетик» Билбаони 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Каталонияликлар учрашув тақдирини танаффусгача амалда ҳал қилиб қўйди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Ўйин бошида «Барселона» юқори прессингни йўлга қўйиб, ҳужумларни тезлаштирди. Ҳисобни ўнг қанотдан узатилган тўпдан кейин Ферран Торрес очди. Орадан кўп ўтмай, Фермин Лопес узоқ бурчакка аниқ зарба йўллаб, фарқни иккитага етказди.
Шундан кейин Билбао жамоаси ҳимоядаги ихчамликни йўқотиб, босим остида тез-тез хатога йўл қўя бошлади. Учинчи гол эпизодида дарвозабон Унаи Симон ҳам муваффақиятсиз ҳаракат қилди ва вазиятдан Руни Барджи фойдаланиб, ўнг томондан аниқ зарба билан гол урди.
Кейин Рафинья кучли зарба билан тўпни тўсин остига жойлаб, ҳисобни 4:0 кўринишига келтирди. Танаффусга қадар интрига деярли қолмади.
Иккинчи бўлимда «Барселона» темпни бироз пасайтирган бўлса-да, тўп назоратини сақлаб қолди. «Атлетик» бир неча имкониятлар яратди, бироқ якунловчи зарбаларда аниқлик етишмади. Якунда Рафинья яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол этиб, дубл қайд этди ва ҳисоб 5:0 бўлди. Шундан сўнг каталонияликлар мураббийлар штаби қатор алмаштиришларни амалга оширди, учрашув эса йирик ғалаба билан якунланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!