Тинчлик кенгаши атрофида геосиёсий манфаатлар тўқнашди...

АҚШ президенти Доналд Трамп ташаббуси билан илгари сурилган Тинчлик кенгашига ҳозиргача 19 давлат расман қўшилди. Эътиборли жиҳати шундаки, уларнинг 12 тасида аҳолининг асосий қисмини мусулмонлар ташкил қилади. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, бу ҳолат тасодиф эмас: мазкур мамлакатлар кенгашни Яқин Шарқда қарийб 80 йилдан бери давом этаётган зиддиятга ечим сифатида кўряпти.
Мутахассис фикрича, мусулмон давлатлари бу формат орқали Исроилнинг Фаластин ва бошқа ҳудудлардаги ҳаракатларини чеклаш, ўз позициясини АҚШ раҳбариятига тўғридан-тўғри етказиш ва кенгаш ичида туриб таъсир ўтказишни мақсад қилган. Яъни, гап шунчаки янги тузилмага қўшилишда эмас, балки ундан сиёсий инструмент сифатида фойдаланишда кетяпти.
Айни пайтда Швейцариянинг Давос шаҳрида навбатдаги Жаҳон иқтисодий форуми бўлиб ўтмоқда. Бу гал форумнинг асосий интригаси айнан Трампнинг иштироки ва унинг чиқиши бўлди. Чунки у нутқида Гренландия, Россия–Украина уруши, Яқин Шарқдаги кескинлик каби глобал масалаларга тўхталиши кутилган эди. Бироқ Давосдаги энг катта сюрприз форумдан кейин содир бўлди — Трамп “Тинчлик кенгаши” Низомини имзолаш маросимини бошлаб юборди.
Қизиғи, ушбу маросим олдиндан кенг жамоатчиликка эълон қилинмаган. Таклиф этилган давлатлар ҳам бу ҳақда бир неча кун олдин хабардор қилингани айтилмоқда. Дастлаб, “Тинчлик кенгаши” 2025 йилда Ғазо секторида тинчлик ўрнатиш ва ҳудудни тиклашга қаратилган вақтинчалик лойиҳа сифатида тақдим этилган, ҳатто БМТ ҳам уни шу шаклда қўллаб-қувватлаган эди.
Бироқ кейинги ойларда вазият ўзгарди. ОАВга сиздирилган маълумотларга кўра, Трамп томонидан ишлаб чиқилган янги Низом бу кенгашни фақат Ғазо ёки Яқин Шарқ билан чекламайди. Аксинча, у бутун дунёда муддатсиз фаолият олиб боришни кўзламоқда. Айрим таҳлилчилар бундан “де-факто БМТга альтернатива яратиш” уринишини ҳам кўряпти.
Низомда Тинчлик кенгаши дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, қонуний бошқарувни тиклаш, можароли минтақаларда узоқ муддатли тинчлик ўрнатишни мақсад қилиши қайд этилган. Кенгашнинг доимий раиси сифатида эса Трампнинг ўзи белгиланган. У президентлик ваколати тугаганидан кейин ҳам ушбу лавозимда қолиш ниятида экани айтилмоқда.
Маълум бўлишича, Кенгаш ижроия органида ҳозирча тўрт нафар шахс бор: АҚШ давлат котиби Марко Рубио, Яқин Шарқ бўйича махсус вакил Стив Уиткофф, Жаред Кушнер ва Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блейр. Низомга кўра, камида учта давлат тасдиғи билан Кенгаш расман тузилган ҳисобланади, Трамп эса 49 давлатга таклиф юборган. Давосдаги маросимда эса 19 давлат раҳбарлари ёки олий даражали вакиллари иштирок этди.
Бу 19 давлат таркиби ҳам қизиқ манзарани кўрсатади. Постсовет ҳудудидан Озарбойжон, Арманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон қатнашди. Европадан Венгрия, Болгария ва Косово, Лотин Америкасидан Аргентина ва Парагвай бор. Энг катта гуруҳ эса мусулмон давлатлари бўлди: Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбойжон билан бирга Саудия Арабистони, Қатар, Туркия, БАА, Баҳрайн, Иордания, Покистон, Индонезия ва Мағриб.
Шу сабабли бўлса керак, “Ғазода тинчлик” шиори билан юзага келган ушбу кенгашни имзолаш маросимида Исроил вакиллари иштирок этмади. Исроил ОАВлари эса Трампнинг бу ташаббусини, айниқса Туркия ва Қатарнинг таклиф этилганини очиқ танқид қилмоқда.
Албатта, Тинчлик кенгаши қанчалик самарали бўлади, узоқ яшай оладими — бу ҳали очиқ савол. Эҳтимол, у Трампнинг шахсий сиёсий манфаатлари билан боғлиқ лойиҳа сифатида қисқа умр кўрар. Бироқ унга қўшилган давлатларни бир хил мотив билан ҳаракат қиляпти, деб бўлмайди.
Масалан, мусулмон давлатлари бу платформани Исроилга таъсир қилиш ва Фаластин масаласини кучайтириш воситаси сифатида кўряпти. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбойжон каби давлатлар эса ўзларининг кўп векторли, мувозанатли ташқи сиёсатини сақлаб қолишни устувор деб билади. Улар на Россияга қарши чиқяпти, на Хитой билан алоқаларни сусайтиряпти — аксинча, барча томонлар билан ижобий муносабатни ушлашга ҳаракат қиляпти.
Дунёда ноаниқлик кучайган, турбулентлик авжига чиққан бир пайтда давлатлар янги мувозанат нуқталарини излаяпти. Ўзбекистон ҳам ўз манфаатлари ва қарашларини илгари суриш учун Трампнинг Тинчлик кенгашини яна бир майдон сифатида кўряпти. Асосий мақсад эса — Яқин Шарқда йиллар давомида ечим топмай келаётган можарога таъсир қилиш ва ўз сўзини айтиш.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!