17:30 / 17.12.2017
4 383

Шишахўр, металлхўр ва мечкай эркаклар...

Шишахўр, металлхўр ва мечкай эркаклар...
Кўпчилик овқат истеъмол қилишда жуда эҳтиёткор. Айниқса, эркаклар. Шундайлар борки, таомидан бир дона қил чиқса, иштаҳаси бузилиб, ейишни буткул тўхтатади. Бироқ бунинг буткул акси бўлган, хўрдани ҳам, бурдани ҳам бирдек паққос туширадиганлар йўқ эмас. Бундайларга “ошқозони тошни ҳам ҳазм қиладиган”, деб таъриф берилади. Ҳазил ўз йўлига, бироқ чиндан ҳам тош, темир-терсак, шиша бўлакларини ейдиган одамлар бор. Масалан, тарихда ана шундай антиқа одамлар ўтган:

Шишахўр Ван Сиянжунь
Маълумки, хитойликликларни “тиш ўтадиган қарийб барча нарсаларни ейди», деб муболаға билан ҳазил қилишади. Тиш ўтса-ку, майли, тишни синдирадиган шиша ейдиган хитойлик борлигига нима дейсиз?! Хитойнинг Сичуань провинциясида истиқомат қилувчи Ван Сиянжунни қўни-қўшниларидан кимдир «дайди», кимдир «масхарабоз», яна кимдир «шайтон» дейди. Сабаби, у 12 ёшидан бери чироқ(лампочка) истеъмол қилган. Ҳисоб-китобларга қараганда, шу пайтагача у еган лампочкалар сони 1 ярим минг донадан ортган. Ваннинг айтишича, мактабда ўқиб юрган пайтларида бир куни балиқ суягини ютиб юборади. Аммо унда ота-онаси хавотир олгандек ёмон ҳолат кузатилмади. 12 ёшида эса у энди синган ойна бўлакларини ютиб юборади. Аммо бу сафар шиша синиқлари унга жуда мазали туюлади. Шундай қилиб, аста-секин нонушта менюсига бошқа шиша маҳсулотлари ҳам қўшилиб боради. Йиллар ўтиб, Ван Сиянжун туппа-тузук «шишахўр»га айланди-қолди.

Металлхўр Мишель Лотито
1950 йилда Франциянинг Гренобль шаҳрида дунёга келган Месье Лотито телешоулардаги антиқа чиқишлари билан одамларга танилади. Аниқроқ айтганда, у ҳеч нарсадан тап тортмайдиган “иштаҳа”си билан бутун дунё оғзига тушади. Айниқса, у велосипедларни жуда ҳам яхши кўрарди. Айтишларича, Лотито шу пайтга қадар 18 та велосипедни “паққос” туширган.

Мишель еган “таомлар” ичида энг тўйимлиси кичкина «Сессна 150» самолёти бўлиб, уни тошқозон, йўғе, ошқозони нақ икки йил(1978-1980) ҳазм қилади.

Жаноб Лотито 16 ёшида еб бўлмайдиган нарсаларни ҳам истеъмол қила бошлайди ва бундан яхшигина пул ҳам ишлаб олади. Аммо санъат махсус диетани ҳам талаб қиларди. Шу боис, у кунига 1 кг.дан ортиқ металл, пластика, резина ва ойна емасди.

Ҳар бир «овқатланиш» олдидан Мишель учун бир чашка минерал мой ва кўп миқдорда сув тайёр туриши шарт. Француз банан ва қайнатилган тухумни умуман ётирмаган. Маълум бўлишича, у 1959 йилдан 1997 йилгача тахминан 9 тонна металл истеъмол қилган. Мишель Лотито 2007 йилнинг 25 июнида вафот этади.

МЕЧКАЙ ТАРРАРЕ
Лион(Франция)лик бу инсон “очофат” деган нисбатнинг айнан тирик намунаси, дейиш мумкин. Оиласи унинг карнай иштаҳасидан жуда қийналишган. Инқилоб пайтида уни ҳарбий хизматга жўнатиб, аранг қутулишди. Тарраре айнан армияда ақл бовар қилмас даражадаги иштаҳаси билан тирик жонларни ейишни бошлайди. Умуман олганда, Тарраре ерда ёки деворда ўрмалаган ҳамма жонзотни ушлаб, ерди.

Бир куни аскар госпиталга тушиб қолади. Шифокор унинг иштаҳасини, қанча овқатни ея олиши мумкинлигини синовдан ўтказишни мақсад қилади. Бироқ уруш, етишмовчилик. Ноилож шифокор мечкай аскарнинг хонасига тирик мушукни киритиб юборади. Тошни еб юборишга тайёр Тарраре, киприк қоқмай, бечора мушукни “паққос” туширади. Доктор ҳайратда. Кетидан кучуклар, калтакесак, илонларни олиб киради. Улар ҳам Тарраре учун эрмак вазифасини ўтайди, холос.

Айтиш керакки, мешполвондан антиқа ошқозонида армияда яхши фойдаланишди. Унга махфий маълумотлар жойлашган махсус идишни ютишни топширишади ва у буйруқни яхши адо этади.

Албатта, бундай «тубсиз» ошқозон билан узоқ яшаш қийин. Мечкай Тарраре 26 ёшда силдан вафот этди. Мутахассислар Тарраренинг ошқозонини текшириб, у чиндан ҳам бошқаларникига қараганда каттароқ ва ичи тўла яра эканини аниқлашди. Қолаверса, унинг ошқозонидан тилла санчқи ҳам топилади.

Манба: Erk.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Шишахўр, металлхўр ва мечкай эркаклар...