
Ўзбекистонда маданий мерос объектлари ва музейлар фаолиятини тамоман янги босқичга олиб чиқиш, замонавий технологиялар асосида ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини кескин оширишга қаратилган навбатдаги муҳим қарор лойиҳаси тайёрланмоқда. Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаши кутилётган ушбу ҳужжат мамлакат музейларида хизматлар қамровини кенгайтириш, замонавий рақамли ечимлар орқали ташриф буюрувчилар учун қулайлик яратишни мақсад қилади.
Лойиҳага кўра, эндиликда музей ва зиёратгоҳларга “виртуал саёҳат” қилиш имкони пайдо бўлади. Ташриф буюрувчилар QR-кодлар орқали экспонатлар ҳақида батафсил маълумот олади, махсус мобил иловалар орқали эса чипта харид қилишдан тортиб, бошқа хизматлардан фойдаланишгача барча жараёнларни бир зинада амалга ошира олади.
Қарор лойиҳасида маданий мерос салоҳиятини ошириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланади. Бу вазифаларни ҳамоҳангликда амалга ошириш учун махсус Ташкилий қўмита тузилиб, унга “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва барча масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш юклатилади.
Маданий мерос агентлиги, Фанлар академияси, Рақамли технологиялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда ҳудудий ҳокимликлар қуйидаги йўналишларда жуда муҳим вазифаларни бажаради:
– музей ва археология объектларига кириш чипталарини тўлиқ рақамлаштириш ва БОЯЭТ ягона электрон тизимига улаш;
– музей фондларида сақланаётган ашёлар, коллекциялар ва архив материалларини босқичма-босқич рақамлаштириш;
– объектларга йўналтирувчи кўрсаткичлар, интерактив хариталар ва QR-кодли маълумотлар ўрнатиш;
– давлат музейлари учун «виртуал саёҳат» платформаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
– ҳар бир музейнинг шахсий бренди — museum brandbook яратиш, расмий сайтларни тубдан янгилаш, мобил иловалар ишлаб чиқиш.
Шу билан бирга, туризм салоҳиятини янада ошириш мақсадида инфотурлар ташкил этиш, хорижий ва маҳаллий туристик компанияларни фаол жалб қилиш, чипта нархларини мақбуллаштириш, экспозицияларни замонавий форматда қайта ишлаш каби вазифалар ҳам режадан ўрин олган.
Якунда айтиш мумкинки, мазкур қарор маданий меросни асраб-авайлаш билан бирга, уни халқ ва сайёҳлар учун янада очиқ, замонавий ва жозибадор қилиб беришга хизмат қилади. Музейлар энди шunchaki экспонатлар жойи эмас — интерактив, билим ва таассурот маконига айланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.