date

Тошкент йўл ҳаракати учун янги интеллектуал давр бошланади

Тошкент йўл ҳаракати учун янги интеллектуал давр бошланади

Тошкентда транспорт тизимини тубдан янгилайдиган, замонавий технологиялар асосида ишлайдиган йўл ҳаракатини бошқариш маркази ташкил этилди. Президент қарорига биноан фаолияти бошланган ушбу марказ пойтахтнинг интеллектуал транспорт тизимига асосий оператор вазифасини бажаради. Мақсад — 2027 йил 1 февралгача трафик бошқарувини тўлиқ рақамлаштириш ва шаҳар инфратузилмасини глобал даражада модернизация қилиш.

Энг муҳим янгиликлардан бири — экологик стикер рангига мос келмайдиган автомобиларнинг белгиланган зоналарга кириши автоматик равишда чекланади. Бу нафақат экологик ҳолатни яхшилайди, балки шаҳар марказидаги тирбандликларнинг олдини олишда ҳам катта аҳамиятга эга бўлади.

Янги марказ қуйидаги йўналишларда иш олиб боради:
- шаҳар бўйлаб транспорт, йўловчи ва пиёдалар ҳаракатини доимий мониторинг қилиш;
- илғор халқаро тажриба асосида йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳужжатлар тайёрлаш;
- Тошкентнинг тўлиқ транспорт маълумотлар базасини ва мастер-режасини шакллантириш;
- барча йўл ва транспорт соҳаларидаги ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;
- жамоат транспортини жозибадор қилиш, шахсий автоқўлланишни камайтириш ва экологик муҳитни яхшилаш;
- ер усти метро, йўл ўтказгичлари ва асосий кесишмаларда кўп қаватли автотураргоҳлар ташкил этиш;
- қоидаларга риоя қилиш, йўл маданиятини ошириш ва хавфсизликни тарғиб қилиш.

Бундан ташқари, 2028 йил охиригача вазирлик ва идораларнинг бир қатор ваколатлари ҳуқуқий эксперимент сифатида ушбу марказга вақтинча ўтказилади.

Интеллектуал транспорт тизими эса замонавий технологияларни ўз ичига олади. Янги тармоқ видеокузатув камералари, сенсорлар ва автоматлаштирилган светофор бошқаруви орқали реал вақтда ҳаракатни таҳлил қилади. Агар махсус хизматлар — тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги, ЙПХ — ҳаракат жадвалидан четга чиқса, улар учун устуворлик берилади.

Автотранспорт воситалари ҳаракати, юк ташиш қоидалари, оғирлик ва ҳажм меъёрлари доимий назоратда бўлади. Бундан ташқари, тизим Экология қўмитасининг Ситуацион марказига уланади ва экологик тоифасига мос келмайдиган машиналар автоматик тарзда аниқланади.

Шу билан бирга, жароҳатлар ва ЙТҲ хавфи юқори бўлган нуқталар аниқланиб, уларни камайтириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилади. Тошкент транспорт тизимини 2030 йилгача ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар ҳам тасдиқланган.

Бу ислоҳотлар нафақат тирбандликларни камайтиради, балки пойтахтни янада қулай, хавфсиз ва экологик барқарор шаҳарга айлантиришни мақсад қилади. Мазкур тизим барча йўл ҳаракати иштирокчилари учун янги, замонавий ва қулай босқични бошлаб беради.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тошкент йўл ҳаракати учун янги интеллектуал давр бошланади