17:27 / 19.09.2018
5 672

10 миллион уйғур учун концлагерь: Синьцзян (1-қисм)

10 миллион уйғур учун концлагерь: Синьцзян (1-қисм)
9 сентябрь куни Human Rights Watch Хитойнинг Синьцзян туманида мусулмон аҳолининг таъқибга олиниши ҳақидаги ҳисоботини эълон қилди. Ташкилот маълумотига кўра, сўнгги йилларда бу ерда уйғурлар оммавий ва аксар ҳолларда асоссиз равишда қўлга олиниб, турма ва қайта тарбиялаш лагерларига юборилмоқда. Туманда миллионлаб инсон учун видеокузатув ташкил этилган, уларнинг ижтимоий ҳолати ва тақдири “ижтимоий кредит” деб аталувчи тизимда ҳисоблаб бориладиган балларга боғлиқ. Human Rights Watch ташкилотининг қайд этишича, Хитойда бундай кўламдаги қатағонлар Маданий инқилоб давридан бери содир бўлмаган эди.

“Медуза” нашри русийзабон сайёҳ ва журналистнинг материалини эълон қилди: у жорий ёзда Синьцзянга бориб, янги технологиялар оммавий таъқиб, ирқий камситиш ва таҳқирлашларга қандай ёрдам бераётганига шахсан гувоҳ бўлди. Муаллиф ва унинг ҳамсуҳбатларининг хавфсизлиги нуқтаи назаридан уларнинг исмлари келтирилмаган, айрим исмлар ва деталлар эса ўзгартирилган.

БИРИНЧИ БОБ

Чегара

Қирғизистонни Хитойдан ажратиб турувчи Иркаштом довонига илк бор бундан ўн беш йил аввал келганман. Мен автостоп билан саёҳат қилаётган ва бутун бошли ўтказиш пункти – занглаб кетган симтиканли бостирмадаги ягона сайёҳ эдим. Пункт ўртасига қўйилган пештахта ортида эса қирғиз аскари уйқусираб ўтирарди. Баландлик туфайли нафас олиш қийин эди, гапириш ундан мушкул: чегара бўйлаб эсаётган шамол сўзларни ютиб юборарди. Тоғлардан Синьцзянга элтадиган икки изли йўл ўтган бу жой меҳмонсуймас эди. Пештахтанинг шундоққина орқасида – ўзга мамлакат.

Шлагбаумнинг ҳар икки томонида юк машиналари тизилиб турарди. Хитойдан Ўрта Осиёга, ундан нари Россияга кенг истеъмол моллари, Қирғизистон ва Тожикистондан Хитойга эса металл ва тўхтаб қолган совет заводларидан арралаб олинган дастгоҳлар ташилган. Кимнинг тезроқ ривожланаётгани тушунарли эди, бироқ симтўсиқнинг камроқ занглаганлиги ва аскарларининг янги будкада ўтиргани ҳисобга олинмаса, Хитой томонида ҳам тараққиётнинг излари унчалик пақалмасди.

1935 йилда Англиянинг “Таймс” нашри мухбири Питер Флеминг бу ўлкаларга саёҳати ҳақидаги “Тартариядан янгиликлар” деб номланган ажойиб китобини чоп эттирган. Хитой ҳудудининг олтидан бирини эгаллаган – Каспийдан Ҳиндистонгача бўлган катта, етиб бориш қийин ва сирли ҳудуд XIX асргача айнан Тартария деб аталган. Бу ерга кела олганлар кам сонли эди, бу ердаги янгиликлар дунёга тарқалиши учун ойлаб вақт кетган.

Синьцзян хитойчада “янги чегара” ёки “янги доминион” деган маънони билдиради. Хитой томонидан илк бор XVIII асрда босиб олинган ҳудудда қадимдан уйғурлар – тили ва либослари хитойлардан кўра Марказий Осиё халқларига анча яқин ҳисобланувчи туркий халқ яшаб келган. Саҳро атрофидан ўтган Ипак йўли бу ердаги шаҳарларни бир-бирига боғлаган. Мазкур шаҳарларда уйғурлар, қирғизлар, қозоқлар, тибетликлар ва руслар тинч-тотув яшаган, буюк савдо йўлагининг яқинлиги шарофати туфайли Ғарб, Ҳиндистон, Хитой ва Эрон билан маданий алоқалар таъминланган. Умумий номи Шарқий Туркистон бўлган бу ҳудуд ўзини бўйсундиришга уринган Пекин билан, баъзида эса қўшнилари билан бир неча аср давомида кураш олиб борди.

Вақти-вақти билан бу ерда ғалаёнлар ва ички урушлар рўй берган ёхуд катта давлатларнинг манфаатлари тўқнашган. Газеталар ана шундагина Шарқий Туркистон ҳақида хабарлар тарқатган. 1949 йилда Хитой буткул босиб олганидан кейин эса Шарқий Туркистон унутилди.

Қирғиз чегарасига энг яқин ҳисобланувчи Қошғар 2003 йилда ана шундай – унутилган шаҳар бўлиб кўринди. Онда-сонда келадиган сайёҳларни икки меҳмонхонага – 1949 йилда ёпилган рус ва инглиз элчихоналарига жойлаштиришар экан. Шаҳар бир хилда қурилган янги турар жойлар ва ҳашаматли расмий бинолар билан ўралган. Марказий майдонда 1968 йилда – уйғурларнинг исёни авж олган паллада ўрнатилган ва бир пайтлар Хитойда энг катта ҳисобланган Мао ҳайкали қад ростлаган. Унинг ортида эса экскаваторлар улкан тупроқ ғовни бузаётган эди.

Бу аслида ғов эмас, кўҳна шаҳар девори эканини англаш учун менга икки кун керак бўлди. Қошғардаги ана шу девор ортида яна бир шаҳар жойлашган эди. Бу ердагилар нафақат ўз анъаналари, балки ўзларининг вақтига мувофиқ яшарди: Пекин соатига кўра ишлайдиган хитойликлар ухлаш учун ётганида қадимий уйғур марказидаги одамлар кечки овқатни ейишга эндигина шайланаётган бўларди. Оломон марказий масжиддан аста-секин чиқар ва майдон атрофидаги тор кўчалар бўйлаб тарқаб кетарди: одамлар кўчалар бўйлаб қўйилган столларга бамайлихотир жойлашар ёки кўранинг тутуни ва тандирдан эндигина узилган ноннинг иштаҳани қитиқловчи ҳиди таралган кечки бозор томон йўл оларди.

Эркаклар эгнига узун тўн, бошига мўйна ҳошияли қалпоқ, оёқларига эса тиззагача келадиган этик кийган. Аёллар кўзларига сурма сурган, эркаклар эса белбоғига қўшни Янгиҳисор шаҳрида тайёрланган машҳур пичоқларни осиб олган. Улкан бозорда гиламлар, қўйлар, қуритилган калтакесак ва илонлар сотилар, кўчаларда сартарошлар мижозларига хизмат кўрсатар, отбоқарлар эса отларига қўшни темирчилар тайёрлаган тақаларни қоқарди. Бу ерда худди Флеминг – унгача эса XIX асрнинг охирлари ва ХХ асрнинг бошларидаги буюк сайёҳлар – тасвирлаганидек ҳаёт қайнар эди.

2000-йилларнинг бошида Қошғарга бориш “Минг бир кеча”га тушиб қолишдек гап эди, бироқ бир пайтлар шаҳар четида жойлашган хитой даҳалари эски биноларни ҳалқада сиққандек сиқиб борарди. Ойсиз кечаларда масжидларни безаб турган юзлаб ҳилоллар остида кезар эканман, буларни охирги марта кўриб турганимни тушунар ва уйғурларнинг бу ўзгаришларга нисбатан тоқатига ҳайрон бўлар эдим. Ҳолбуки, ўша пайт қўшни Тибетда ўзгаришлар полициянинг кучли назорати остида амалга оширилаётганди.

Лекин қаршиликлар кўп куттирмади.

2009 йилда Синьцзян пойтахти Урумчида полиция Жанубий Хитойда уйғур ишчиларнинг ўлдирилишидан ғалаёнга келган оломонни тарқатишга уринди. Тартибсизликларда 197 киши – асосан хитойлар ўлдирилди. Ҳукумат митингда қатнашган минглаб кишиларни ҳибсга олди, улардан камида 30 нафари отувга ҳукм қилинди. Бунга жавобан уйғурлар жўн, ёмон ташкиллаштирилган, бироқ мунтазам терактларни бошлаб юборди.

2010 йилда Оқсувда бир эркак ва аёл одамларга қарата порловчи мосламаларни отди: ҳалок бўлган етти кишидан беш нафари полиция ходими эди. Бир йил кейин пичоқлар билан қуролланган ўн беш киши ҳижобнинг тақиқланишига норозилик сифатида Хўтандаги полиция бўлимига ҳужум қилди: ҳодисада ҳужумчиларнинг бари ва икки полициячи ўлди. 2011 йининг июлида Қошғарда юз берган портлашлар ўн кишининг ўлимга сабаб бўлди. 2014 йилда Куньмин вокзалидаги пичоқли ҳужум оқибатида 33 киши ҳалок бўлди. Ўша йили Хитойнинг Қирғизистондаги элчихонасига ҳужум уюштирилди ва хитой сайёҳлари орасида машҳур бўлган Бангкокдаги ибодатхона портлатиб юборилди.

Бу пайт Синьцзяндаги қатағонлар шу даражада кучайиб кетдики, пировардида кўплаб уйғурлар халқаро террорчи гуруҳлар сафига қўшила бошлади. Суриядаги жанглардан кейин Туркияда яшаётган уйғур жангариларидан бири АР агентлигига берган интервьюсида уларни аслида Суриядаги уруш эмас, ватанларида келгусида қўллаш учун ҳарбий тажриба қизиқтирганини айтли. Улар бошқа ИШИДчилардан яширин равишда сионистларнинг ишларини синчиклаб ўрганишган ва давлат қуришнинг яҳудийча тажрибасини ўз давлатларини барпо этишда қўллашга умид қилишган. Нима бўлганда ҳам, Сурияга камида минг нафар жангари жўнатган “Шарқий Туркистон исломий ҳаракати” аксар Ғарб давлатларида террорчи ташкилот ҳсобланади.

2014 йилда “террорга қарши халқаро уруш”га қўшилган Пекин учун эса бу катта омад бўлди.
Давоми бор...

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » 10 миллион уйғур учун концлагерь: Синьцзян (1-қисм)