31 июль куни Украина пойтахти Киев шаҳрида Россия томонидан амалга оширилган ракетали ҳужум оқибатида ҳалок бўлган фуқаролар хотирасига бағишлаб расмий мотам куни деб эълон қилинди. Бу ҳақда Украина расмий манбалари орқали маълум қилинди.
Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотига кўра, зарба натижасида жами 31 киши, шу жумладан 5 нафар бола ҳаётдан кўз юмган. Шу билан бирга, 159 нафар фуқаро тан жароҳати олган.
Киевда амалга оширилган бу ҳужум 2022 йилдан буёнги энг қонли зарбалардан бири сифатида қайд этилди. Украина ҳукумати БМТ Хавфсизлик Кенгашининг шошилинч йиғилишини ўтказиш ташаббуси билан чиқди.
Президент Владимир Зеленский ижтимоий тармоқда қуйидагича изоҳ қолдирди:
«Россия томонидан амалга оширилаётган ҳарбий жиноятларни оқлаш мумкин эмас. Бизнинг фуқароларни ўлдириш, шафқатсиз зарбаларни биз ҳеч қачон унутиш ёки кечириш ниятимиз йўқ. Бу зарба 31 инсоннинг ҳаётини олиб кетди, 159 киши эса жабрланди. Барча жабрдийдаларнинг яқинларига чуқур таъзия билдирамиз.»
Айни пайтда, Россия президенти Владимир Путин Валаам оролида ўтказилган матбуот анжуманида мазкур ҳодиса ҳақида изоҳ бермаган бўлса-да, у Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тугатиш имкониятларини муҳокама қилар экан, “доимий ва муддатсиз тинчликни таъминлаш зарур”лигини таъкидлади.
Путин шунингдек, “Россия ва Украина хавфсизлигини кафолатлайдиган, ҳар икки давлат учун мақбул тартиблар” кераклигини ҳам қайд этди.
Ўз навбатида, Зеленский халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб, Россияга нисбатан санкцияларни янада кучайтиришга чақирди. Унинг маълумотича, Россия фақат июль ойида Украина ҳудудига 5100 дан зиёд ҳаво бомбаларини, 3800 тадан ортиқ “Shaheed” дронларини ҳамда 260 га яқин ракета, жумладан 128 баллистик ракетани йўллаган.
“Агар Россия томонидан янграётган баёнотлар вақтни чўзиш ёки санкцияларни кечиктиришга уринмаган, балки ҳақиқий ва мустаҳкам тинчликка эришишга бўлган жиддий тайёргарлик белгиси бўлса, у ҳолда Украина етакчилар даражасида учрашувга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлайди”, — деб ёзди Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, жорий ойда Истанбул шаҳрида Россия ва Украина делегациялари ўртасида ўтказилган музокараларнинг уч босқичи фақат ҳарбий асирларни алмашиш масаласида бир қарорга кела олди, бошқа масалаларда эса аниқ келишувга эришилмади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!