АҚШ Президенти Доналд Трамп Россия хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг "жанговар риторикаси"га жавобан иккита АҚШ ядро сувости кемасини “тегишли ҳудудларга” ҳарбий эҳтиёт чораси сифатида жойлаштиришни буюрди.
Трамп бу қарорни ижтимоий тармоқлардаги баёноти орқали маълум қилиб, Медведевнинг АҚШга нисбатан билдирган “провокацион” таҳдидларини жиддий қабул қилганини айтди. Трампнинг сўзларига кўра, Медведев томонидан совет даврига оид “охирги чора сифатида қўлланиладиган ядровий зарба салоҳияти” эслатилиши бехавотир қарши олинмайди.
"Сўзлар муҳим аҳамиятга эга. Улар кўпинча кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. Умид қиламанки, бу ҳолат улардан бири бўлиб чиқмайди," — деди Трамп ўзининг ижтимоий тармоқдаги хабарида.
АҚШ Мудофаа вазирлиги ва Ҳарбий-денгиз кучлари Трампнинг баёнотларига изоҳ бермай, сувости кемаларининг ҳаракати бўйича маълумот беришдан бош тортди. Ҳарбий экспертларнинг фикрича, бу каби сувости кемаларнинг жойлашуви ва ҳаракатланиши ҳар доим махфий ҳисобланади, уларнинг стратегик роли эса ядро тийиб туриш салоҳиятига таянади.
Федерациядаги Америка Олимлари Жамияти вакили Ҳанс Кристенсен Трампнинг баёнотига изоҳ берар экан, шундай деди:
"АҚШ ядро триадасининг бир бўлаги бўлган ядро сувости кемалари доимий равишда жанговар тайёргарликда бўлади. Уларни алоҳида ҳаракатлантириш шарт эмас."
Ядро қуролларини тилга олиш ва уларни сиёсий баёнотларга аралаштириш кўплаб хавфсизлик мутахассисларини хавотирга солди. Қуролларни назорат қилиш билан шуғулланувчи Дарйл Кимбалл бу ҳолатни “масъулиятсиз ва ножоиз” деб баҳолади:
“Ҳеч бир раҳбар, хусусан, ижтимоий тармоқ орқали, ядро уруши билан боғлиқ таҳдидларни қилмаслиги керак.”
Собиқ Пентагон расмийси ва ҳозирги МcCаин Институти директори Эвелин Фаркас эса Трампнинг бу қарорини жиддий ҳарбий эскалация эмас, балки “сиёсий сигнал” сифатида баҳолади:
“Бу баёнотлар Россияни Украинадаги позициясидан қайтаришга хизмат қилмайди. Аксинча, уларнинг ички риторикасини кучайтириши мумкин.”
Трамп ва Медведев ўртасидаги сўнгги кунлардаги ижтимоий тармоқлардаги сўз алмашуви Россия–Украина уруши фонида содир бўлди. Трамп Москва томонига 10 кун ичида (8-августгача) сулҳ битимига эришиш ҳақида чақириқ йўллади, акс ҳолда иқтисодий босим ва тарифлар оширилишини айтди.
Кремл эса бунга ҳозирча жавоб бермади. Президент Владимир Путин эса 1-август куни берган баёнотида Россия “тинчлик музокараларини исташи”ни билдирган бўлса-да, фронтдаги ҳарбий ҳолат Россия фойдасига бўлиб турганини таъкидлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!