16:12 / 29.09.2018
3 949

Абрамович Лондондан зериккан кўринади, миллиардер ҳақидаги тафсилотлар эълон қилинди

Абрамович Лондондан зериккан кўринади, миллиардер ҳақидаги тафсилотлар эълон қилинди
Миллиардер Роман Абрамович шу йилнинг баҳоридан бери Лондонга келмади ва ҳатто ўзининг Британиядаги энг қиммат активи – “Челси” клубини сотишни режалаштирган. Абрамович уни 3,9 млрд долларга сотмоқчи. 2,3 млрд долларлик таклифни эса у рад этди, деб ёзади Bloomberg'га асосланиб "Кун" нашри.

Тафсилотлар

Абрамович 2018 йил баҳоридан буён Лондонда кўринмаяпти – ўшанда The Bell биринчи бўлиб бизнесмен инвестицион визасини узайтириш борасида муаммога дуч келганини ёзганди. Май охирида Абрамович Англия Кубоги финалини ўтказиб юборишига тўғри келди – ўшанда унинг клуби “Манчестер Юнайтед” устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

The Bell бутун дунёдаги самолётлар транспондерларидан маълумот йиғувчи ADS-B Exchange маълумотлар базасидан Абрамовичнинг Boeing 767 самолёти Лондонда охирги марта 1 апрелда бўлганлигини аниқлади.

Кейинроқ Британия ОАВ Абрамович виза олиш учун берган аризасини қайтариб олгани, бунинг ўрнига унга Буюк Британияда визасиз олти ой бўлиш имконини берувчи Исроил паспортини олгани ҳақида хабар қилди.

Британия визаси билан боғлиқ муаммолар ва Америка санкциялари нишонига тушиб қолиш хавфи миллиардерни “Челси”ни сотиш ҳақида жиддий ўйлашга мажбур қилди, деб ёзади Bloomberg. Абрамович клубни тўлиқ ёки қисман сотиш учун Нью-Йоркнинг Raine Group банкини маслаҳатчи сифатида ёллади. Нашр манбаларининг билдиришича, у клубни 2,3 млрд долларга сотиш ҳақидаги таклифни рад этган.

Абрамовичга “Челси”дан айрилиш қийин бўлади, деб ёзади Bloomberg уни яқиндан билган манбаларга таяниб. У жамоага қаттиқ боғланиб қолган. «Унинг уйида ва яхтасида деярли ҳар бир бурчакда футбол ўйини намойиш этилаётган телеэкранларга кўзингиз тушади», — деган унинг яқин танишларидан бири.

Бизнесмен 2003 йилда Британия клубига 220 млн доллардан ортиқ сармоя киритган ва ўшандан буён клуб учун 1,4 млрд доллардан ортиқ пул сарфлади. Клубнинг зарарга ишлаши Абрамовични ташвишлантирмаган. “Челси” фақат бир марта – 2014 йилда даромад топган.

Бизнесмен клубга нафақат кўп пул сарфлаган, балки уни фаол бошқарган ҳам. У трансферлар бўйича қарор қабул қилган ва бўлажак мураббийлар билан шахсан ўзи суҳбатлашган. Июлда Абрамович Антонио Конте ўрнига Маурицио Саррини мураббийликка қўйди. У “Челси”нинг 15 йил ичидаги 11-мураббийи бўлди.

Энди кўп миллионли харажатларга чек қўйилади — “Челси” яқинда “ноқулай инвестицион муҳит” сабабли ўз стадиони қурилишини тўхтатганини эълон қилди.

Абрамовичнинг Буюк Британиядаги активлари

Абрамович —Лондонград (Londongrad) (россиялик бойларнинг меҳр қўйганлиги туфайли Британия пойтахтини ҳазиллашиб шундай деб аташади) шаҳрининг ҳақиқий рамзи ҳисобланади, деб ёзади Bloomberg. Миллиардерга футбол клубидан ташқари, Буюк Британиянинг энг қиммат кўчаси — Kensington Palace Gardens’даги 15 хонали кошона ҳам тегишли (уй 2011 йилда 118 млн долларга сотиб олинган). Абрамовичнинг етти фарзандидан бештаси Буюк Британияда ўқиган.

Бизнесменга 30% акцияси тегишли бўлган Россиянинг Evraz металлургия компанияси штаб-квартираси ҳам Буюк Британия юрисдикцияси остида. АҚШ томонидан қўйилиши мумкин бўлган санкциялар эҳтимоли туфайли Абрамович компаниянинг бошқа эгалари билан бирга ўз улушларини бўлиб олишди ва алоҳида тузилмаларга қўйишди.

The Times’нинг ёзишича, виза билан боғлиқ муаммодан олдин россиялик миллиардер Лондонда қарийб 40 млн долларга пентхаус сотиб олган. Пентхаус Stamford Bridge — унинг жамоаси уй стадиони ёнида жойлашган.

Bloomberg миллиардер шунингдек Британияда Truphore, Velocys, AFC Energy ва Highland Gold компанияларида ҳам активларга эга эканлигини ёзади.

Сабаблар

Россия ва Буюк Британия ўртасидаги муносабатлар 4 март куни Солсберида ГРУ собиқ офицери Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия заҳарланганидан сўнг бузилди. Британия ҳукумати бу воқеада Москвани айбламоқда. Россия эса айбловни рад этмоқда.

Скрипаллар заҳарланганидан кейин Буюк Британияда яшовчи россиялик бизнесменларда ташвишланиш учун бир нечта сабаблар пайдо бўлди. Аввалига Британия ҳукумати инвестицион визаларни бериш ва узайтириш жараёни қайта кўриб чиқилишини эълон қилди.

Бундан ташқари, мазкур можарога қадар Британия ҳукумати Unexplained Wealth Orders (UWO) деб аталувчи қонунни қабул қилган бўлиб, унга мувофиқ, мамлакат ҳудудида ўз активлари тоза йўл билан топилганини исботлай олмаган хорижлик шахсларнинг мулклари ҳибсга олинади.

Май ойида шунингдек, Британия парламенти Американинг Магнитский қонунига ўхшаш қонунга тузатишлар киритди. Унга кўра, инсон ҳуқуқларини бузишда айбланган шахсларнинг активлари ҳибсга олинади.

«Британия ҳукуматида худди граната портлаганга ўхшайди ва бундан кейин нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Ҳамма Британиядаги активларини камайтирмоқда», — деди ЮКОСнинг анчадан бери Буюк Британияда яшайдиган собиқ юристи Дмитрий Гололобов Bloomberg билан суҳбатда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Абрамович Лондондан зериккан кўринади, миллиардер ҳақидаги тафсилотлар эълон қилинди