Сайёрамиз аҳолиси орасида энг кўп ўлимга олиб келаётган касаллик сифатида юрак-қон томир тизими билан боғлиқ хасталиклар яна биринчи ўринни эгаллаб турибди. Бу ҳақда 1990 йилдан 2023 йилгача бўлган 204 мамлакат маълумотлари асосида тайёрланган янги халқаро ҳисоботда маълум қилинди.
Ҳисоботга кўра, юрак ва қон томир касалликлари ҳар учинчи ўлим ҳолатига сабаб бўлиб келмоқда. Агар 1990 йилда бу хасталиклардан 13,1 миллион киши ҳаётдан кўз юмган бўлса, 2023 йилга келиб ушбу кўрсаткич 19,2 миллионга етди. Яна бир хавотирли жиҳати шундаки, кўплаб минтақаларда эркаклар ўлим даражаси аёлларникидан юқорироқ бўлиб чиқди.
Юрак-қон томир касалликлари шунингдек DALY индикатори – эрта ўлим ёки ногиронлик сабабли йўқотилган соғлом ҳаёт йиллари кўрсаткичида ҳам асосий омил сифатида қайд этилди. Бу эса муаммонинг кўламини янада очиқроқ намоён этади.
Мутасадди экспертлар таъкидлаганидек, хавф омилларининг 80 фоизигача олдиндан барҳам бериш мумкин. Улар қаторида семизлик, юқори қон босими, қанд миқдорининг кўплиги ва холестерин даражасининг юқорилиги каби салбий ҳолатлар бор.
Шу боис, овқатланиш тартибини назорат қилиш, доимий жисмоний машқлар билан шуғулланиш, турмуш тарзини тўғри йўлга қўйиш ва шифокор кўригидан мунтазам ўтиб туриш юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!