Хорватиянинг Дубровник шаҳри сўнгги йилларда сайёҳларнинг ортиб кетиши билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда. Шаҳар аҳолига нисбатан 27 баробар кўп сайёҳ қабул қилмоқда, бу эса маҳаллий ҳаётга ва тарихий меросга салбий таъсир қилмоқда.
Ҳоким Мато Франкович туризм оқимини бошқариш учун янги чораларни жорий этди. Эндиликда кемалар сони кунига иккита билан чекланади ва улар камида саккиз соат шаҳарда қолиши шарт бўлади. Дубровник Пасс орқали шаҳар деворлари ва музейларга ташриф вақт бўйича олдиндан брон қилинади.
Шунингдек, тарихий ҳудуддаги бинолар сотиб олиниб, ёш оилаларга ижарага берилмоқда. Собиқ саройда мактаб очилиши эса шаҳар марказида аҳолининг қайтишига ёрдам бермоқда. Бу қадамлар қисқа муддатли ижара ва шовқинли сайёҳликни камайтиришга қаратилган.
Мутахассисларнинг фикрича, Дубровник туризмни тўлиқ тўхтатмасдан, уни бошқариш орқали шаҳарни асраб қолмоқда. Ҳокимнинг айтишича, мақсад – аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш ва сайёҳликни узоқ муддатли барқарор даражага келтириш.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!