Жанубий Корея қонунчилик майдонида муҳим қарор қабул қилди. Мамлакат парламенти 30 йилдан ортиқ вақт давомида амал қилиб келган татуировка соҳасига оид тақиқни расман бекор қилди. Энди татуировка усталари тиббий маълумотга эга бўлиш талабисиз, махсус лицензия асосида қонуний фаолият юритиш имкониятига эга бўладилар.
Маълумотларга кўра, 1992 йилда Корея Олий суди чиқарган қарорга мувофиқ, татуировка фақат шифокорлар томонидан бажарилиши мумкин эди. Бу эса санъат соҳасида фаолият юритган минглаб рассомлар учун жиддий тўсиқка айланиб, уларни йиллар давомида қонуний майдондан четда қолдирган.
Қабул қилинган янги “Татуировка рассомлари тўғрисида”ги қонунга кўра, усталар энди махсус лицензия олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бироқ қонун тўлиқ кучга кириши учун икки йиллик ўтиш даври белгиланган. Шу муддат мобайнида татуировка усталари миллий имтиҳондан ўтиши, хавфсизлик ва гигиена бўйича мажбурий курсларни якунлаши ҳамда ўз фаолияти жараёнида барча жараёнларни расмий ҳужжатлар билан юритиши шарт бўлади.
Шу билан бирга, татуировкани лазер орқали олиб ташлаш ҳуқуқи фақат тиббий мутахассисларга берилади. Бу талаб инсон соғлиғи билан боғлиқ хавфларни минималлаштириш учун сақланиб қолди.
Парламентнинг бу қарори Жанубий Кореядаги татуировка усталарининг узоқ йиллик кураши ва талаблари натижаси сифатида баҳоланмоқда. Мутахассислар таъкидлашича, энди мамлакатда татуировка санъатига расмий эътироф берилиши, унинг ривожланишига катта туртки бўлади. Шунингдек, бу қадам кўп йиллар давомида соя остида ишлаган минглаб усталарнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлайди.
Шу тариқа, Жанубий Кореянинг янги қарори нафақат ижодкорлар, балки ёшлар орасида тобора оммалашиб бораётган татуировка маданияти учун ҳам муҳим бурилиш нуқтаси сифатида қабул қилинмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!