13:06 / 04.10.2018
8 060

Имомнинг маникен қизи (3-қисм)

Имомнинг маникен қизи (3-қисм)
Орадан ҳафталар, ойлар ўтар, Фотима эса уйга телевизор олинишини сўраб туриб олди. Отаси:

– Баъзи телевизион каналлар разолатдан бошқа нарса эмас, қандай қилиб разолатни ўз қўлим билан уйга олиб кираман? – деса ҳам

Фотима ва онаси:

– Йўқ, биз фақат исломий каналларни томоша қиламиз, дедилар.

Шундоғам қизи тез-тез қўшниларникига чиқиб кетадиган одат чиқарган. Қизиқ, агар уйга телевизор олса қизининг бу исёнлари тугармиди? Ёқуб имом иккиланаётган эди. Юрагидаги дардини дўсти Аҳмадга очди.

– Нима дейсан, дўстим. Фарзандларимизнинг мияларига ўрнашиб олган бу дунёни уларга қандай берамиз?

– Тўғри айтасиз, лекин бошқа чорамиз ҳам йўқ-да. Мен ҳам роса ҳаракат қилдим оиламни фикрларидан қайтаришга. Лекин охири барибир телевизор олдим. Уйдалигимда исломий каналлар кўришади, йўқлигимда эса яна ўша сериаллар, беҳаё клиплар... Олдини олиб бўлмаяпти. Ҳатто баъзи исломий каналлар ҳам ҳозир ўша каналларга йўл очиб бераётгандай. Нима қилишни билмай қолдим. Бошқа чора бўлмагандан кейин олиб берасиз-да.

– Майли нима бўлганда ҳам олишга рози бўлдим дейлик, лекин қайси пулга? Баъзида онамни кўриб келгани ҳам пул топа олмай қолсам. Одамларчи? Одамлар нима дейди? Мен уйга телевизор олганимдан кейин...

– Имомлар нима деса десин, халқ аллақачон олиб бўлган. Маҳаллада кимнинг телевизори йўқ экан, мана ўзингиз айтинг.

Ёқуб имомга телевизор сотиб олиш жуда оғир бўлаётган эди.

– Эй дўстим. Қани энди шу фильмларни оила даврасида кўриб бўлсайди? Болаларимни йўлдан оздиради деган қўрқувда бўлмаганимда эди. Тўғри ўзимниям телевизорга эҳтиёжим бор. Янгиликларни, баҳс кўрсатувларини кўргим келади. Лекин аҳволимизни қара. Ҳатто Россия ҳам бунақанги фильмларни кўрсатишга йўл қўймаса керак. Ҳа майли, сени ҳам бошингни оғритиб юбордим.

– Йўқ, асло. Нима деяпсиз, шунча йиллардан бери сиз бизнинг дардимизни тинглар эдингиз, биз ҳам бирозгина сизникини эшитсак эшитибмиз-да. Кошки, дардингизга дармон бўла олсайдим.

Ёқуб имом уйга келганида ярим кеча бўлган эди. Ҳар доимгидай уйга кирар кирмас қизининг оёқ кийимларига қаради. Фотиманинг оёқ кийими йўқ эди. Бошидан қайноқ сув қуйиб юборишгандай ҳис қилди. Дарров аёлини уйғотиб сўради:

– Фотима қани?

– Бетуш холасиникига кетган. Борма десам ҳам гапимга кирмади.

Ёқуб имом бу гапни эшитиб қаттиқ жаҳли чиқди.

– Тез кийин, ўша Бетуш холаникига борамиз.

Гул хоним уйқусираганидан рад этаётган эди:

– Роса уйқум келяпти. Ўзингиз бориб келақолинг.

– Уйида эркаги йўқ уйнинг эшигини аёлимсиз тақиллатмайман. Бу менинг принципларимга тўғри келмайди. Тур ўрнингдан, кийин. Жудаям асабийлашиб кетяпман ўзи, йўқ демагин.

– Хўп, хўп мана турдим. Ўзи гапингизни фақат менга ўтказасиз.

Кўп ўтмай Бетуш холанинг эшик қўнғироқларини чалишди. Салдан кейин эшик очилди. Ёқуб имомни кўрган одам унинг қаттиқ асабий эканлигини дарров сезар эди:

– Фотима шу ердами?

Ёқуб имомга бошдан оёқ разм солгач Бетуш хола:

– Шу ердаку-я. Бугун бизникида ётиб қолса яхши бўларди-да, – дея жавоб берди.

– Йўқ бўлмайди, агар малол келмаса уни менга чақириб берсангиз.

Бир–неча дақиқадан сўнг эшик олдида Фотима кўринди. Дадасининг қаттиқ жаҳли чиққанини кўргач, ҳеч қандай эътироз билдирмай устига кийимини кийиб йўлга тушди.

Йўл бўйи гаплашмай келдилар. Уйларига етиб келгач Ёқуб имом қизига деди:

– Мен кечаси қизимни ҳеч кимникига юбормаслигимни билмасмидинг?

Фотима жавоб бермади. Ёқуб имом охирги сўзини айтди:

– Бундан кейин бундай иш қила кўрма. Сенга яхшиликча гапиряпман. Мени суистеъмол қилма, хўпми?

Фотима эса гапни бошқа ёққа бурди:

– Сиқилиб кетяпман. Рўмолимни деб ўқитмадингиз. Ҳеч бўлмаса ишлай. Бугун айтишди. Биздан ўн дақиқача йўл нарида тикув фабрикаси бор экан. У ерга ишчилар керак дейишди. Эркаклар умуман йўқ экан.

Ёқуб имом бироз ўйлаб қолгач деди:

– Сен нима фақат эркаклар хавфли бўлади деб ўйлайсанми, қизим? Ҳозирги пайтда эркак ё аёлга энг катта зарар ўз жинсидан келади. Мен билмаган инсонларимнинг орасига қизимни юбора олмайман.

– Улар менга нима ҳам қила олардилар?

– Дунёқарашингни ўзгартира олишади. Эътиқодингни...Сени ўзгартира олишади, қизим. Агар Аллоҳдан узоқ жамият бўлса, шунақанги таъсир қилишадики, ўзингни ўзинг топа олмайдиган ҳолатга олиб келишади. Тўғри яхши, дуруст инсонлар ишлайдиган фабрикалар ҳам бор. Кўрамиз. Агар ростдан ҳам яхши жой бўлса юборамиз. Буни ҳам сендан пул кутаётганим учун эмас...

Гапини тугата олмади у.

Эртаси куни Фотима онаси билан фабрикага боришди. Фабрикага киришдан аввал Фотима рўмолини орқадан ўраб, юбкасини сал кўтариб олди. Улар иш жойини кўриб, ҳамма нарсани келишиб олишди. Уйга қайтаётганларида эса Фотима онасига танбеҳ бера бошлади.

– Қаранг ойи. Дадамга “у ердаги қизлар очиқ-сочиқ экан” – дея кўрманг. “Ҳаммаси намозхон экан. Хўжайини эса ҳожи экан, – дейсиз, хўпми?

Йўл бўйи ҳам юриб, ҳам эсига тушганида онасига гап ўргатар эди:

– Айтганча, “у ерга эркак кишиларнинг кириши мумкин эмас экан” – деб қўйинг, тағин кўргани келиб қолмасин... Сал ўзимга келиб қолардим мен ҳам.

– Ёки умуман ўзингдан кетасан.

– Дадамга ўхшаб гапирманг. Айтганларимни дадамга етказасиз-а?

– Бошқа чорам бормиди? Иккалангизнинг орангизда қийналиб кетдим. Мен ҳам сал нафас олай энди.

Шундай қилиб Гул хоним эрига биринчи хиёнатини амалга оширар ва қизининг “келажаги” учун замин ҳозирлар эди.

Масжиднинг ёнига келишганида улар ногирон йигитчани кўриб қолишди. У айвонда ўтирганча китоб ўқир эди. Китобдан бошини кўтарганида кўзлари Фотиманинг кўзлари билан тўқнаш келди-ю, бироқ у яна китобини ўқишда давом этди. Фотима унга эшитиладиган овозда онасига деди:

– Биласизми ойи, баъзи одамлар ўзларини ловияга ўхшаб неъмат ҳисоблашади.

Гул хоним қизининг нима демоқчи бўлганини дарров тушунган эди.

– Нима ловия неъмат эмасми?

Йигитча Фотимани кўрмаганга олиб, Гул хонимга деди:

– Гул хола, ассалому алайкум. Яхшимисиз?

– Яхши ўғлим, раҳмат, ўзинг тузукмисан?

– Шукур, мен ҳам яхшиман. Имтиҳонларга тайёрланяпман.

– Қанақа имтиҳон экан?

– Университет имтиҳонларига-да! Уларга ҳам оз вақт қолди.

– Имтиҳондан ўтсанг, қаерда ўқийсан?

– Тиббиёт соҳасида ўқимоқчиман.

– Аллоҳ ёрдамчинг бўлсин!

– Омийн.

Фотима йўлда давом этар эканлар, деди:

– Кўрдингизми, ойи. Атайлаб менга эшиттириб гапирди.

– Сен шунақа деб ўйлайвер. Нима энди у бечора гапирмай юрсинми?

– Унинг ҳар бир сўзи асабимни ўйнатади. Овозини эшитишга ҳам тоқатим йўқ.

* * *

Орадан икки ҳафта ўтмасдан Фотима ўзига бошқа иш топди. Бу ерда ойлик маоши кўпроқ берилар, аммо у отасига бу ҳақда оғиз очмаганди.

Ёқуб имом қизида кун ўтган сайин бўлаётган ўзгаришларни сезиб турарди. Бу ҳол уни ранжитар эди, албатта. Минглаб ёш қизлар ишласалар ҳам, тўғри йўлдан адашмас эдилар; лекин имом қизининг характеридан хабардор бўлгани учун унга ишонмас эди. Ичидан бир овоз қизини йўқотаётганини таъкидлар эди нуқул. Шунинг учун имом пул топишнинг турли йўлларини қидирар эди.

Ниҳоят бир қарорга келди. Масжид деворининг тагига аравада мева сабзавотлар сотиб, пул топади ва қизини иш жойидан бўшатиб олади. Ҳозирча бу қарорини ҳеч кимга айтмади. Озгина пул топсин, дарров қизига керакли нарсаларни олиб беради.

Бир куни Фотима ишга кетгач, хонасига кирган Ёқуб имомнинг сигарет ҳидидан кўнгли беҳузур бўлиб кетди. Қизи сигарет чекишни бошлабди. Бу ёмон одатларга ташлаган илк қадами эди. У дардини бориб яна дўсти Аҳмадга тўкиб солди:

– Мана қизим охириям чекишни бошлади. Ҳали бир кун келиб ичишга ҳам ўтади. Олдинлари чекиш ичишдай айб саналар эди. Ҳамма чекишга ўтгач, ҳозир ҳатто ҳижобли қизлар ҳам кўча-кўйда бемалол чекиб юришади, гапирсангиз сиркаси сув кўтармайди. Эрта бир кун ичиш ҳам одатий ҳолга айланади. Нима қилсам экан? Қизимга исломий тарбия бера олмадим. Битта–ю битта чорам аравада қовун-тарвуз, сабзи пиёз сотиш.

Аҳмад ҳам жуда хомуш эди:

– Жуда ҳақлисиз, бир чора топиш керак. Унга исломни тушунтириш билан иш битмайди шекилли. Лекин чекишига сиз қаттиқ сиқилманг. Чунки ҳамма сигарет чекадиганлар бузилиб кетган ҳисобланишмайди. Ҳаммасиям ичишга ўтиб кетмайди. Инша Аллоҳ ҳаммаси ўз йўлига тушиб кетади. Қизингиз ҳали ёш. Ақл кириб қолади.

Ёқуб имом хафа бўлиб:

– Балки яхши бўлиб кетар, ишқилиб мени адойи тамом қилиб кейин тўғри йўлга кирмаса бўлди.

Ёқуб имом ич-ичидан ёниб, адойи тамом бўлаётган эди. Қаерда хато қилди экан? Нега қизига исломни севдира олмади?

Масжидда намоз ўқиётганларида ҳам, маъруза ўқиётган пайтида ҳам ич-ичидан эзиларди. Баъзида ўзига ўзи “демак мен намунали инсон эмас эканман, намунали бўлганимда эди қизимни тарбия қила олган бўлар эдим” – деб маърузани ҳам қисқа қиладиган бўлди. Ёқуб имом тушкунликка тушиб қолган эди, илгари ўзини ҳеч қачон бундай даражада ёмон ҳис қилмаган эди. Овози жонсиз, гаплари эса бўлак-бўлак тушунарсиз туюларди ўзига. Ҳолбуки бу курсига чиқиш учун анча–мунча ҳаракат қилган эди. Профессорларнинг ўша даражага чиқиш учун қилган сай-ҳаракатлари ҳисобга олинади-ю, имомларники назарга ҳам илинмайди.

Ёқуб имомнинг хаёлида исломий қонунларга асосланган оила қуришдан бошқа нарса йўқ эди. Бу ниятига етиш учун у кўп ҳаракат қилди. Болаларига севикли ота бўлишни хоҳлаган эди. Бироқ нега натижа бундай бўлди-ю, қаерда хато қилди?

Бугун қизи билан яхшилаб гаплашиб оладиган бўлди, балки уни тушуна олар. Масжид эшигидан уйига чиқадиган зинадан осилиб чиқар эди. Шунча йиллардан бери уни кўтариб юрган оёқлари гўёки ундан тўйиб кетгандек эди. “Демак” – деди у, “оёқларнинг жонли қадам ташлаши ҳам инсоннинг миясига боғлиқ экан. Менинг хомушлигимни билиб, улар ҳам ўз хомушликларини билдирмоқдалар”.

Чўнтагида калити бўлса ҳам, эшик қўнғироғини чалди. “Балки уйда аёл меҳмон бордир” – деб доим шундай қилар эди.

Столга ўтирганча яна бошини чангаллаб олди. Бу ўй-хаёллардан қутула олмаётган эди. “Қизига қандай усул қўлласа экан? Келақол қизим, гаплашиб оламиз”, деса, қизини яхши билади. Фотима ҳеч нарса демай отасини тингларди. Ёки “гаплашадиган гаплар қолмади–ку, неча йилдан бери гапирасиз”, – дерди. Майли нима бўлса ҳам бугун яна бир бор уриниб кўради.

Фотима уйга яна кечикиб келди. Ёқуб имом қизини хонасига чақирганида яна қалби тўла меҳр билан сўзлар эди.

– Фотима қизим, кел сен билан бир дардлашайлик. Фотиманинг эса овози чиқмас эди. Бу сафар сал баландроқ товушда деди:

– Фотима, мени эшитяпсанми?

– Ҳа, мана келдим.

– Хуш келибсан, қизим. Кел мана бу ерга ўтир, бир гаплашайлик.

Фотима ҳавотирли кўринар эди. Дадасининг муомаласини ёқтирмади. Тинчликмикан? Ёки отаси бирор нарсани сезиб қолдимикан? – деб хаёлидан ўтказди. Секин кўрсатилган жойга ўтирди. Шаддодлиги йўқолиб, айбдор одамдай дадасининг нима дейишини кута бошлади.

Ёқуб имом қизига бир разм солгач:

– Қандайсан қизим? Иш жойинг ёқяптими? – деб сўради.

– Ал... албатта ёқяпти.

– Биласанки қизим, одам яшаган жойида қўшниси муҳим бўлса, иш жойида ҳамкасблари муҳим ҳисобланади. У ердаги ўртоқларинг қанақа қизлар экан? Сенга фойдалари тегяптими ёки зарарларими?

– Уларнинг менга қандай зарарлари тегиши мумкин?

– Ёмон бўлишса зарарлари жуда катта бўлади. Яхши бўлишса фойдалари.

Фотима ўйлаб ҳам ўтирмай жавоб берди:

– Ҳаммалари жуда яхши одамлар. Ундан кейин менга ким ҳам таъсир эта олади? Менинг ўзимга яраша фикрим бор.

– Ундай дема қизим, инсоннинг дўсти қайси томонга юрса, шеригини ҳам ўша йўлга даъват қилади. Сигарет чекса, сенга ҳам чектиради. Наркотик моддалар қабул қилса, сени ҳам шу йўлга бошлайди. Шунинг учун сен билан гаплашишни хоҳлагандим. Улар сенга тўғри йўлни кўрсатишмаса, сен уларга тўғри йўлни кўрсатишинг керак.

Қизи билан нари бери бўлиб қолмаслик учун у шу усулни қўллаётган эди. Кейин яна гапида давом этди:

– Кўриб турибсан, ҳозир ҳамма нарса ёшларни издан чиқариш учун режалаштириляпти. Сен ўртоқларингга намуна бўлишинг керак. Сенга “Имомнинг қизи эканлигингни унутма демайман” “Аллоҳнинг қули эканлигингни унутма” – дейман. Шуни ёдда сақлагинки, сен Аллоҳни унутсанг, мажозан айтаман, У ҳам сени унутади.

Ёқуб имом гапида давом этар, қизи эса жимгина тинглар эди-ку, ҳеч қандай таъсири сезилмаётган эди. Ёқуб имом буни кўриб тургани учун, сўзини тугатиб, қизига жавоб берди.

Бир неча кун ўтгач Ёқуб имом аравача сотиб олган эди. У қарз олиб ишини ҳал қилган эди.

Бир куни Фотима уйдан чиқиб иши томон йўл олар экан, дадасининг аравача тепасида бақирганча одамларни чорлаётганини кўриб қолди:

– Келиб қолинг, яп-янги узилган помидорлардан олинг!

Фотима муздай бўлиб кетди. Дадасини бу аҳволда кўришни истамас эди. Унга яқинлашиб жаҳл билан сўради:

– Бу нима қилганингиз дада?

– Савдо қиляпман, қизим. Пул топишим керак. Сени бахтли кўришни истайман. Ойингга айтаётганингда эшитиб қолдим. Эски креслоларимиздан уялар экансан. Биринчи қиладиган ишим сени магазинга олиб бориш бўлади, ўзинг бизга янги кресло танлайсан. Сени иш жойингдан бўшатиб оламан, қизим. Уйда ўтир. Сиртқи ўқишга кир. Китоблар ўқи, билим ол. Лекин танимаган инсонларингнинг орасида бўлма, болам. Шунинг учун мана бу ишларни қиляпман, болам.

Ёқуб имом қизининг жудаям хурсанд бўлиб кетишини кутгани учун унинг кўзларига тикилиб қараб турар эди. Отасининг бу фидокорлигини англадими у? Фотима ҳайрон ва ҳавотирли тарзда отасига қаради. Кўп ўтмай дарров уйга қайтди. Онаси дастурхонни йиғиштираётган эди. Уйга ғазаб билан кириб, ўкириб-ўкириб йиғлай бошлади.

– Тўйиб кетдим, тўйиб кетдим дадамдан. Менга қаранг ойи. Эрингизга айтинг, мени ўз ҳолимга қўйсин. Менга сарой олиб берса ҳам ишимни ташламайман. Мен ишимни яхши кўраман. Унга ҳеч нарса дея олмаганим учун ўзидан кетмасин. Айтиб қўйинг, мени ишдан бўшатиб олишни хаёлига ҳам келтирмасин.

Бу сафар у бақириб–бақириб йиғлар ва қўлига тушганини деворга отар эди. Кўзлари катта-катта бўлиб, жойидан чиқиб кетай дерди. Баъзан сал тинчланар, баъзан яна ўзини тута олмай оғзидан кўпик сачраб бақирар эди. Инсон исён қилаётганида жуда хунук кўриниб кетар экан.

– Бу қандай азоблар бўлди? Нима мен сизларни деб бошқа ёшлар каби яшай олмайманми? Болалигимдан бошланди ўзи. Арқон ўйнасам, имомнинг қизи арқонда сакрар эканми? Тўп ўйнасам, ҳожининг қизи тўп ўйнар эканми? Дадам имом бўлганига менинг ҳам имом бўлишимни хоҳлашди. “Отаси имом бўлса нима қилибди, майли барибир бола бола-да” – дейишмади. Нуқул менинг қилган ишларим, хатти-ҳаракатларимни ҳисоб–китоб қилишарди. Яна ўша гап-сўзлар билан ёшлигимни ўтказмоқчисизлар. Ўтказмоқчисизлар!

Гул хоним хотиржам оҳангда қизидан сўради:

– Қизим, исломга бўйсуниб ёшликни яшаб бўлмайдими? Сен ёшлик деганингда ўша кўчасанғи, очиқ–сочиқ кезадиганларнинг ҳаётини айтяпсанми? Гуноҳ ичида “эркинлик” бўлганда яшаладими ёшлик? Исломий чегарадаги “эркинлик” етмайдими сенга? Имомнинг қизи бўлишга келсак, у азобларни мен ҳам тортганман. Менинг ҳам ҳар бир ҳаракатимни кузатиб юрадиганлар бор эди. Бу миллат агар имомни, боласини-ю аёлини кузатиб юрганчалик ўз оиласини тартибга солиб олса эди, ҳаётимиз анча изга тушган бўлар эди. Буларнинг ҳаммасини биламан, лекин нима қилай? Сенга яна бир марта айтаман, исломий “эркинлик” билан яша.

Фотиманинг кўз ёшлари тинмай оқар эди. У ҳам кўз ёшини артар, ҳамда овозининг борича қичқирар эди:

– Қаёқда? Исломий “эркинлик”ни яшашимга ҳам имкон беришмади–ку. Қўғирчоқ ўйнаш гуноҳмиди? Арқонда сакрашим, тўп ўйнашим гуноҳмиди? Менга эркинлик берилдими? Айтинг-чи, берилдими? Нима қилсам, “болам, сен имомнинг қизисан” демасмидингиз? Имом қизининг Аллоҳи бошқа-ю, бошқа болаларнинг Аллоҳи бошқами? Нега мендан ўзгача бола бўлишимни хоҳлашди?

Залдаги йиғма краватда бағрини ерга бериб йиғлашда давом этди. Кейин бирдан ўрнидан сакраб туриб, онасига деди:

– Эрингизга айтинг, ишларимга аралашмасин. Бўлмаса уйдан кетаман.

Уй ичида бирдан жимжитлик ҳукм сура бошлади. Гўё мотам ҳавоси ҳукм сурар эди. Бу гаплар душманлар учун ғалаба эди. Илгари қайси фарзанд “уйдан қочиб кетаман” дея олар эди?

Фотима юз-қўлини ювиб яна уйдан чиқди. Дадасининг юзига ҳам қарамай ўтиб кетди. Ёқуб имом қизининг йиғлаб, кўзлари ишиб кетганини сезди. Тушунарли, демак, қизи бориб онасига хархаша қилибди. Нима деди экан? Савдосини ташлаб, дарров аёлининг олдига келди. Зиналардан ҳаяжон билан кўтарилди. Ичкарига кирганида аёлининг йиғлаб идиш юваётганини кўрди-ю, вазиятни янаям аниқроқ тушунгандай бўлди. Қўлини ошхона эшигига тираганча, сўради:

– Нима деди?

Гул хоним кўзларини эридан беркитгандай, бошини кўтармай:

– Ҳеч нима демади, – дея жавоб берди.

– Мендан беркитишга уринма, чунки фойдаси йўқ барибир.

– Қизимиз бошидан оёғигача исёнга тўла. Гапирмаган гапи қолмади. Дадам ишларимга аралашмасин, деяпти. То кичкиналигида имомнинг қизи деб тўп ўйнатишмаганидан тортиб, бугунгача бўлган ҳамма нарсани санаб, роса йиғлади. Имом қизининг Аллоҳи бошқа бўладими, деди. Болалигини ҳам мириқиб яшай олмабди.

Ёқуб имом чўкиб қолган, руҳидаги олов аланга олган эди. Бироз вақт хотинига қараб қолгач, секин ерга чўккалади.

– Қизимизнинг гаплари тўғрику-ю, лекин исён қилишга ҳаққи йўқ. Исён этишнинг ҳеч қандай узрли бир иш эмаслигини унга тушунтиришим керак. Халқимиз жуда тушунчасиз. Имом қизини бошқача бўлиш керак деб ўйлашади.

– Ҳа, менинг ҳам имом бўлишимни хоҳлашди, деб айтди ўзи. Шунақанги гапларни гапирадики, одам нима дейишни билмай қолади.

– Биламан, азизам. Қизимиз, анча ақлли. Шайтонни ҳам орқада қолдиради.

Гул хоним эрининг сўзини бўлиб, ичидагиларини тўкиб сочмоқчи бўлди:

– Сизга бир нарса айтай: биз қизимизни йўқотяпмиз. Нима қилсак ҳам уни тўғрилайлик. Унинг бутун фикру хаёли бошқа ёқларда.

– Тўғри, лекин қаерда, нима истайди?

– Билмайман, лекин менимча, очилиб сочилмоқчи шекилли.

– Балки у бирортасини севиб қолгандир. Агар шундай бўлса, сен бир аниқлагин-чи, ким экан. Керак бўлса, ўзим бориб таклиф қиламан.

– Унга асло бундай дея кўрманг. Бирор безорини севиб қолиб куйдирмасин.

– Нима бўлса ҳам майли, мусулмон йигит бўлса бас. Яхши мусулмон бўлса бўлди.

Бу гаплардан сўнг елкасидаги юк янаям оғирлашгандай бўлди. Бу юк унинг бутун жисмини эгиб қўйди, кўзларида ёш билан растасининг бошига бориб ўтирди. У одатда пешингача савдо қилиб, намоз вақти бўлганида аравачасини масжид ҳовлисига олиб кириб қўярди.

Ёқуб имомнинг руҳи йиғлар эди. Қизини қандай йўл билан тўғри йўлга солиши ҳақида ўйлайверганидан, ўғлини унутиб қўйибди. Қизиқ ўғли нималар қилиб юрган экан? У-чи, у қайси оламда юрган экан? Энди ўғлининг қайғусига тушди. Эртага биринчи қиладиган иши ўғлининг мактабига бориб суриштириб келиш бўлади.

Ўша куни Фотима уйга яна кеч келди. Остона хатлар хатламас дадасига эшиттириб:

– Ишда ушланиб қолдим, шунга кеч қолдим, – деди овозини баландлатиб.

Кейин хонасига кириб кетди. Ёқуб имом эса қизининг ортидан қараб қолди.

Эртага қизини кузатиб боради.

Тонгда қизидан аввал уйдан чиқиб, таксига ўтирди–ю, қизининг ўтадиган йўлида кутиб турди. Ниҳоят Фотима қўлида сумкасидан ташқари бир пакет билан кўринди. Таксининг ёнидан ўтаётганида имом кўринмаслик учун эгилиб турди. Қизи автобус бекатига бориб, кута бошлади. Кўп ўтмай, хусусий такси келиб бекатда тўхтади. Имом ўзи ўтирган такси ҳайдовчисига четроқда тўхтаб туришни айтди-да, қизининг нима қилишини кузата бошлади. Фотиманинг ўша хусусий таксига ўтирганини кўргач, ўзини бутунлай йўқотиб қўяёзди. Ҳайдовчи эса ҳеч нарсага тушуна олмаганидан сўради:

– Энди нима қиламиз?

Ёқуб имом жавоб бера оладиган ҳолатда эмас эди.

Саволни яна такрорлаган ҳайдовчи бу сафар ҳам жавоб ололмагач, орқага ўгирилиб қаради. Ёқуб имом титраб-титраб, аммо унсиз йиғлар эди. Бироз муддат ўтгач зўрға:

– Мана шу машинанинг ортидан борайлик, – деди.

– Хўп бўлади, нима десангиз шу, – жавоб берди ҳайдовчи.

Ёқуб имомнинг кўзлари қизида эди. Қизи ҳеч қандай истиҳоласиз эркин ҳаракатлар билан бошидаги рўмолини ечиб, сумкасига солди. Энди эса сочларини тараб, ёнидаги одам билан кулишиб алла нималарни гаплашиб кетар эди. Ёқуб имом кўз олдидаги манзарани кўрар экан, ич-ичидан ёнар эди. Қизи уни эшитмаса ҳам йиғлаб унга гапириб кетарди.

– Кетма қизим, болажоним. Уларнинг тузоғига тушма. Ўзимнинг гўзал қизим, кетма болам. Ёлвораман, кетма...

Ёқуб имом ўкириб-ўкириб йиғлар эди. Шунча йиллардан бери қизининг ҳақиқий мусулмон бўлиши учун ҳаракат қилган эди-ю, аммо ҳозир кўзлари нималарни кўрмаяпти-я.

Ўша лаҳзаларда у Қуръоннинг яна бир ҳикматини тушуниб етаётган эди. Ёқуб алайҳиссаломнинг ҳам ислом амрига зид ишлар қилган ўғиллари укаларини қудуққа ташлаган эдилар. Лекин Ёқуб алайҳиссалом укаларини ўлдириш учун режалар тузган ўша ўғилларидан воз кечмас, ҳатто уларнинг ҳидоятга эришишлари учун Аллоҳга тинмай ёлвориб, дуо қилар эди.

У жуда яхши билар эди. Булар “Юсуф”имга ёмонлик қилиб, энди менга ҳам ёлғон гапиряпти, дер эди. Йўқотган ҳам, йўқолган ҳам ўз жигарбанди эди. Лекин у тилидан дуо тушмай, сабр билан кутди.

Ёқуб имом мен ундан яхшироқ вазиятдаман, деб ўйлади. Ҳеч бўлмаганда қизимни бошқа болам йўлдан ургани йўқ. Мен азалдан бери душман бўлган тузум йўлдан урди.
Давоми бор...

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Имомнинг маникен қизи (3-қисм)