21:10 / 18.11.2018
6 923

"Кўринг, ҳавас қилинг! Менинг 44 фарзандим бор"

"Кўринг, ҳавас қилинг! Менинг 44 фарзандим бор"
Бу аёл бир эркакдан 44 нафар фарзанд кўрган. Аммо уларни эркаксиз вояга етказмоқда…

Мариам Набатанзи Бабирье Угандада истиқомат қилади. Болаликдан кўп фарзандлиликни орзу қиларди. Фаришталар омин деган экан, Оллоҳ орзусига етказди. У эридан оз эмас, кўп эмас, 44 нафар фарзанд кўрди. У айни кунда Африка қитъасидаги энг серфарзанд аёл сифатида эътироф этилган.

Ўзининг тан олиб айтишича, 12 ёшида, 1993 йили уни турмушга узатишган. Оилавий ҳаёти давомида Мариамхон жами 44 нафар фарзандни дунёга келтирди. Шуларнинг олти нафари ўлиб кетган. Ҳозир 38 нафар фарзандни бир ўзи ёлғиз вояга етказмоқда. Тўнғичи ўғил. У 24 ёшни қаршилади. Энг кенжаси эса 2 яшар.

— Эрим биз билан бирга яшамайди, — дейди Мариамхон. — У аҳён-аҳёнда кўриниб қолади. Шунда ҳам узоқ ўтирмайди. Фарзандларим дунёга келган пайтлар қандай исм қўйишни телефон орқали айтарди. Болаларнинг аксарияти уни танимайди ҳам.

МАҲЗУН БОЛАЛИК
Мариам болалигидаёқ меҳрга ёлчимади. Онаси ҳали эсини таниб улгурмай оламдан ўтган экан. Отаси эса дарров бошқа аёлга уйланди. Улар оилада беш фарзанд эди. Ўгай она уларни сира сиғиштирмади. Кунларнинг бирида ҳаммаларидан бирданига қутулиш илинжида ўгай она овқатга майдалаб кукунга айлантирилган шиша қўшиб қўйди. Шунинг натижасида опа-акалари ўлиб берди. Фақат Мариам уйда йўқ эди. Шу нарса қизнинг ҳаётини сақлаб қолди. Ўгай она эса барибир уни йўқ қилишдан воз кеча олмаганди. Кунларнинг бирида 12 ёшли Мариамга 40 яшар эркакни топди. Шу эркакка узатишга қарор қилди.

— Мен нималар бўлаётганини фаҳмлай олмасдим, — дейди Мариам. — Уйимизга меҳмонлар келишди, отамга совғалар беришди. Улар кетгач, холам мени олиб уйига жўнади. Уйига етиб келганимиздан кейин мени 40 яшар эркакнинг ихтиёрига топширди. Шундагина эрга беришганини билдим…

ХЎРЛИК

Оилавий ҳаёт ҳам Мариамга татимади. Эрининг собиқ хотинларидан бир талай болалари бор эди. 12 яшар Мариам ҳам хотин вазифасини адо этиши, ҳам шу етимчаларга қараши лозим эди. Агар яхши қарай олмаса, эридан калтак ерди. 13 ёшида ниҳоят ўзи эгизакларни дунёга келтирди. Икки йилдан кейин уч эгизак дунё юзини кўрди. Бир йил-у етти ой ўтиб тўрт эгизак туғилди. Аммо Мариам бундан сира ҳайратланмади. Чунки эгизак фарзандларни дунёга келтириш авлодида бор. Отаси раҳматли ҳам турли аёллардан жами 45 нафар фарзанд кўрган экан.

«ТУҒМАСАНГ, ЎЛАСАН!..»
Олтинчи туғруқдан сўнг Мариамнинг болалари 18 нафарга етди. У дарҳол туғишни тўхтатиш ҳақида ўйлай бошлади. Ахир, шунча болани қандай боқади? Қаерга сиғдиради шунча болани?.. Лекин маҳаллий врачлардан бири уни қўрқитиб қўйди.

— Сизнинг организмингизда тухумдон тўқималари жуда кўпчиликни ташкил этган, — деди врач. — Улар бир-бири билан жой талашиб ётишибди. Агар туғишдан тўхтасангиз, ўлим топасиз…

Угандадаги гинеколог ва акушерлар ассоциацияси президенти, доктор Чарльз Киггунду айтдики, Мариамнинг эгизак туғиши тасодиф эмас. Бу ота-буваларидан қолган мерос. Эгизак фарзанд кўриш ҳам қондан ўтади.

23 ёшга етганда, Мариамнинг болалари 25 тага етди. Туғишдан чарчади ва дўхтирлардан туғишга қарши қандайдир уколлар қилишни ёки дорилар ёзиб беришни сўради. Ёзиб беришди. Укол ҳам қилишди. Ёрдам бермади. Мариам туғишда давом этаверди.

— Спирал ҳам қўйдириб кўрдим, — дейди Мариам. — Лекин кўнглим айниб, қуса бошладим. Орадан ҳеч қанча ўтмай, ҳушимдан кетдим. Кейин билсам, комага тушган эканман. Бир ой комада ётибман. Шундан кейин туғишда давом этишга қарор қилдим.

«ЭРИМНИНГ БЕТИ ҚУРСИН!..»

Ҳозирги кунда Угандада қаҳрамон онага айланган Мариам эри ҳақида шундай дейди:

— Бети қурсин. 25 йил никоҳда ундан яшаб яхшилик кўрмадим. Эрим нуқул мени камситар, калтакларди. Уйга ғирт маст ҳолда келарди. Кейин ташлаб кетди. Бизга моддий жиҳатдан ҳеч қачон ёрдам ҳам кўрсатмаган. Болаларимнинг кўпи отасини бир мартаям кўрмаган. Чунки улар дунёга келса, келиб кўриш тугул раҳмат ҳам демайди. Болага қандай исм беришни эса телефон орқали айтади…

Мариамнинг тўнғичи ўғил, у ҳозир 24 ёшда. Отасини охирги марта 13 ёшида кўрган экан. У ҳам ота бўлиб ҳеч қачон оиласига, болаларига ёрдам кўрсатмаганини айтди.

— Уйга эрим бир йилда бир марта келади, — давом этди Мариам. — Шундаям кечаси аста кириб келади-да, эрта тонгда жуфтакни ростлайди. Шу билан келаси йилгача қадам босмайди…

Шунча хўрликларга қарамай, Мариам аёл учун оила биринчи ўринда туриши лозим, у ўта сабрли бўлиши керак деб ҳисоблайди.

ОВҚАТ ҲАМ ПУЛ ТУРАДИ
Мариамнинг боғи ҳам, фермаси ҳам йўқ. Егуликни майда-чуйдасигача сотиб олади. Кунига 100 минг Уганда шиллинги миқдорида овқат учун пул сарфлайди. Бу пулларга 22 кило маккажўхори уни, етти кило нўхат, икки ярим кило шакар, учта совун сотиб олади. Шуларнинг ҳаммаси бир кунда тамом бўлади.

— Худо бизни яхши кўради, — дейди Мариам. — Болаларим ҳар куни иссиқ овқат ейишади, оч қолишмайди. Энди пул йиғиб ҳовлига водопровод ўрнатишни режа қилганман. Шунда биз ичимлик сувини сотардик. Олган даромадимиз болаларимнинг кунлик овқати учун етиб ортарди.

Болаларини боқиш учун Мариам аёлларнинг сочини турмаклайди. Келинларни тўй маросимига тайёрлайди. Кийимлар тикади, торт пишириб, шифобахш гиёҳлар йиғиб сотади.

— Мен болаларим учун ҳамма нарсага тайёрман, — дейди Мариам. — Улар оч қолмаслиги учун нимаики иш бўлса туриб бераман. Асосийси, улар яхши яшашса бас. Худойим менга шунча фарзандни ҳадя этибдими, демак, мен бу тортиқларни авайлаб-асрашим зарур…

Мариамнинг бир армони бор. У мактабни тугата олмади. Ўрта маълумотсиз қолиб кетди. Шунинг учун болаларининг ҳаммасини ўқитмоқда. Улар маълумотли бўлишини хоҳламоқда. Улғайиб қолган болалари онасига ҳамма ишда ёрдам беришади. Кичик ука-сингилларига қарашади.

— Болаларим — менинг бахтим, — дейди йиғлаб Мариамхон. — Улар худойимнинг менга кўрсатган марҳамати. Мен бу болаларни парваришлаб чарчамайман. Худойимнинг ўзи сабр беради. Ишонаманки, болаларим бир кун келиб машҳур доктор, муҳандис, ҳарбий ва бошқа касбларни эгаллашади. Қариган чоғимда мени ҳашаматли уйларда етти қават кўрпача устига ўтқазиб қўйишади. Қимматбаҳо машиналарда олиб юришади. Худойим, ўзингга, яратганингга, шунча фарзандни ато этганингга беадад шукр! Беадад шукр! Беадад шукр!!!

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » "Кўринг, ҳавас қилинг! Менинг 44 фарзандим бор"