11:55 / 29.11.2018
4 406

Скрипаль иши: собиқ жосусни заҳарлаш кимга керак эди?

Скрипаль иши: собиқ жосусни заҳарлаш кимга керак эди?
2018 йил 4 март, якшанба куни Буюк Британиянинг сокин Солсбери шаҳри марказидаги ўриндиқда собиқ иттифоқ ва Россия развведкачиси, истеъфодаги полковник Сергей Скрипаль ҳамда унинг 33 ёшли қизи Юлия ҳушсиз ҳолатда топилди. 1995 йилда Буюк Британия фойдаси учун жосуслик қилиш, шу орқали давлат тўнтарилишини содир этганликда айбланиб, 2006 йилда ҳукм қилиниб, полковник унвонидан маҳрум этилган 67 ёшли собиқ разведкачининг заҳарланиши Ғарб мамлакатларининг Россия билан муносабатларини янада таранглаштириб юборди. «Скрипаль иши» бўйича машмашалар, турли давлатларнинг эътироз ва муносабатлари, Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар ва бошқалар ўзбек матбуотида ҳам эълон қилиб борилди. Аммо аксарият ҳолларда маълумотларнинг узуқ-юлуқлиги ёки асосан бир томонлама – Россия нуқтаи назаридан ёритилиши (зотан ўзбек интернет нашрларининг асосий ахборот манбаи рус ОАВларидир) тушунасиз ва мавҳум тасаввурларни ҳосил қилди.

Айтиш мумкинки, «Скрипаль иши» ҳақида биз ҳам аниқ ва мутлақо ҳақиқат бўлган маълумотларни келтира олмаймиз. Чунки бу ишга алоқадор бўлган икки томон ҳам ўзини ҳақ деб ҳисоблайди, бунинг учун факт ва далилларни истаганимизча тақдим этиши мумкин. Аммо собиқ жосуснинг заҳарланиши нима учун бу қадар кенг кўламли можаролар, санкциялар тўлқинини келтириб чиқарди, бу шов-шувлардан ким кўпроқ манфаатдор деган саволларга ўзимизнинг тахминий жавобларимизни беришимиз, энг камида муносабатимизни билдиришимиз мумкин. Ундан аввал эса Скрипаль биографияси, заҳарланиш воқеасининг бориши ва «Скрипаль иши» оқибатлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

Скрипаль ким?

Сергей Викторович Скрипаль 1951 йил 23 июнда Киевда туғилган. Узоқ вақтлар давомида у Россия Разведка бош бошқармасида ҳамда бир неча йил РФ ТИВда ишлаган. 1999 йилда Скрипаль истеъфога чиқади. Истеъфо даврида у ўз бизнесига эга бўлади – майдонларни минасизлаштириш билан шуғулланувчи «Юниэкспл» компаниясининг 10 фоизлик улушига эгалик қилади. Ҳарбий-муҳандислик таълимини олган Сергей Скрипаль махсус портлатиш ишларини олиб борди, эскирган қурол-аслаҳалар ва жанговар техникаларни утилизация қилиш билан шуғулланди.

2004 йилда ФСБ Скрипални 1995 йилда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги Махфий разведка хизмати – МИ-6 билан ҳамкорлик қилиш, ўзининг собиқ ҳамкасблари орқали махфий маълумотларни британларга етказиб турганликда айблади.

Рус матбуоти Скрипаль ўз айбини тан олгани, 100 минг доллар гонорар эвазига Россия махсус хизматларининг 300 нафарга яқин агенти номини фош қилганини тан олгани ҳақида ёзди. Маълумотларга кўра, у жами 20 минг махфий ҳужжатни британ махсус хизматларига топширган. Суд уни давлат тўнтаришида айблаб, 13 йил муддатга қамоқ жазосини тайинлади. Скрипал белгиланган муддатнинг ярмини қамоқда ўтказди. 2010 йил июлида эса Скрипал ҳамда АҚШ ва Буюк Британия фойдасига жосуслик қилганликда айбланган яна уч россиялик 2010 йил июнида АҚШда қўлга олинган ўнлаб Россия разведкачилари билан алмашув бўйича операция доирасида афв этилди. Шундан буён у Британияда яшаб келмоқда. Буюк Британия Скрипалга нафақа тайинлади, ҳаётий муаммолар туғилган тақдирда қўллаб-қувватлашни кафолатлади.

Сергей Скрипал заҳарланиши ва санкциялар хронологияси

4 март. Сергей Скрипал ва унинг қизи Юлия Солсбери шаҳридаги савдо марказларидан бирида хушсиз ҳолатда топилди.

7 март. Британиянинг The Guardian нашри собиқ жосус ва унинг қизи асабни шол қилувчи модда билан заҳарланганини маълум қилди.

12 март. Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй заҳарлаш учун қўлланилган модда катта эҳтимол билан Россияда ишлаб чиқарилганини маълум қилиб, Россия ҳукуматидан изоҳ беришни талаб қилди.

14 март. Россия томони Тереза Мэй қўйган муддатда изоҳ бермагани сабабли Британия 23 нафар россиялик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборди.

28 март. 27 мамлакат Буюк Британияга содиқлик изҳор қилиб, 140 нафар Россия дипломатини ўз мамлакатидан чиқариб юборди.

9 апрель. Юлия Скрипал шифохонадан чиқарилиб, хавфсиз ерга жойлаштирилди. Россия элчихонаси бу ишлар унинг ихтиёрисиз амалга оширилганини исботловчи далилларни талаб қилди.

12 апрель. Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича ташкилот Британия ҳукумати Сергей Скрипал ва унинг қизи заҳарланган моддани тўғри аниқлаганини тасдиқлади.

18 май. Сергей Скрипалнинг ҳам шифохонадан чиқарилгани, у қўриқланувчи ишончли жойга жойлаштирилгани маълум бўлди.

8 август. АҚШ ҳукумати Скрипалнинг заҳарланиши ортида Россия турганини, унга нисбатан санкциялар жорий этилишини маълум қилди. Ўз навбатида, Россия бу айбловларни рад этиб, уни номақбул ва ноқонуний деб атади.

27 август. Скрипалга суиқасд уюштирилгани ортидан АҚШнинг янги санкциялари кучга кирди. АҚШ Россия кимёвий қуролларни ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланишдан воз кечишни кафолатламаса, янада қатъий санкциялар жорий этилишини маълум қилди.

5 сентябрь. Британия бош вазири Тереза Мэй парламентда нутқ сўзлар экан, Скрипалларни заҳарлашда гумон қилинаётган икки россиялик номини маълум қилди. Улар Британияга Александр Петров ва Руслан Боширов номи билан кирган.

Скрипални заҳарлашдан кимга фойда?

Скрипал заҳарланганидан сўнг Ғарб матбуотида деярли ҳар куни воқеалар ривожи, янгидан-янги тафсилотлар эълон қилинди ва жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларининг асосий мавзуларидан бирига айланди. Аслини олганда Скрипални ким заҳарлагани номаълум. Юқорида таъкидлаганимиздек, ушбу воқеаларни томонлар ўз манфаатидан келиб чиқиб ёритди, ўзича хулосалар чиқарди. Эҳтимол уларни Россия ва Ғарб ўртасида келишмовчиликлар чиқишидан манфаатдор учинчи томон заҳарлагандир. Россия ҳукумати собиқ жосусни террористлар заҳарлаган бўлиши мумкин, деган тахминни илгари сурганда, балки ҳақдир. Яна бир тахмин шундан иборатки, уларни Британия махсус хизматининг ўзи заҳарлаган. Чунки шу баҳона Россияга янгидан-янги санкциялар жорий этиб, уни сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан заифлаштиришни, айрим минтақаларда кучайиб бораётган таъсир кучини кесишни мўлжаллаган бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Украина ташқи разведкасининг собиқ раҳбари, генерал Николай Маломужнинг фикрича, Скрипалларнинг заҳарланишини Россияда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари олдидан Владимир Путиннинг рақиблари уюштирган бўлиши ҳам мумкин. Бунда аввал Россияда яшаган кимёгарлар ёрдамидан фойдаланилган бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей эса собиқ разведкачининг заҳарланишида Россияни айблаш учун аниқ йўқлигини таъкидлаган ҳолда, урғуни британ ташқи ишлар вазири Борис Жонсон ва бошқаларнинг баёнотларига қаратади. У парламент ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг расмий баёнотларида заҳарлашда қўлланилган қурол «гўёки Россияда ишлаб чиқилгани» кўрсатилганини таъкидлаб ўтади. «Мазкур жумла мазкур бу рус қуроли, дейишдан жуда фарқ қилади», - дейди собиқ элчи.

Мюррейнинг фикрича, Скрипалларга суиқасд қилишдан Британия ҳарбий-саноат мажмуаси вакиллари манфаатдор бўлиши мумкин. Чунки бу каби ҳодисалар мудофаа учун ажратилувчи бюджет маблағларининг ортишига ижобий таъсир кўрсатади. Унинг фикрича, бу ҳолат янги совуқ урушнинг авж олишига хизмат қилади.

«Британия мудофаа секторида 100 минг нафарга яқин киши ишлайди: 60 миллион аҳолига эга мамлакатда бу жуда кучли ва даромадли соҳа», - деди собиқ элчи ва консерваторлар учун «Скрипал иши» ўз позициясини мустаҳкамлаш учун жуда енгил йўл эканини қўшимча қилди.

Экспертлар Скрипалларни заҳарлаш кимга фойда экани ҳақида баҳс ва мунозараларни давом эттираётган бир вақтда Британиянинг ўша сокин шаҳарчаси – Солсберидаги Zizzi итальян ресторани бугун мижозлар билан гавжум. Гап шундаки, Скрипаллар заҳарланиши ортидан ҳодисалар марказига айланган бу ресторанда ўша куни Сергей ва Юлия Скрипаллар тушлик қилишган.

Ресторан ходимининг эслашича, паркдаги ўриндиқда Скрипаллар заҳарланган куни полиция ходими кириб келади ва муассасани зудлик билан ёпишни буюради. Шундай қилиб, мартда ёпилган ресторан шон ва шуҳратга кўмилган ҳолда ноябрда «дунёга қайтадан келиб», дунёнинг таниқли ресторанларидан бирига айланди. Табиийки, ресторан эгалари «Скрипал иши»дан фойда кўришни бошлаганлардан бири.

Санкциялар Россияни ҳақиқатдан ҳам заифлаштира олдими?

Қрим аннекцияси, Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларидаги жанговар ҳаракатлар, «Боинг»нинг уриб туширилиши ва бошқа бир қатор воқеа-ҳодисалардан ортидан Россияга нисбатан жорий этилаётган санкциялар Россия иқтисодиётига, унинг халқаро имиджига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмаслиги аниқ. Шу билан бир қаторда, Ғарб мамлакатларининг санкциялари Россиянинг Хитой, Эрон, Туркия, Жамол Қошиқчи атрофидаги можаролардан сўнг Саудия Арабистон каби бошқа мамлакатлар билан алоқаларини янада мустаҳкамлаши ҳам бор гап. Хусусан, яқинда Британияда чоп этилувчи Financial Times нашрида шарҳловчи Ҳенри Фой санкциялар Россияни ташқи дунёдан изоляциялаб, уни заифлаштирмади, деб ёзди.

«Россия мудофаа саноатига қаратилган санкциялардан кўзланган асосий мақсадлардан бири мамлакат учун ўта муҳим ҳисобланган С-400 зенит-ракета тизими экспортига чек қўйишдан иборат эди. Шунга қарамасдан, Москва дунёдаги энг илғор зенит мажмуаларидан бирини фаоллик билан сотишда давом этмоқда. Сўнгги бир йилда Туркия ва Ҳиндистон билан сотиб олиш тўғрисидаги шартномани имзолади, Хитой эса биринчи партияни олиб улгурди. Шунингдек, Саудия Арабистони, Қатар ва Ироқ билан С-400 сотиб олиш тўғрисида музокаралар олиб бормоқда», – дейилади мақолада.

Санкциялардан Россия қанчалик зарар кўргани ёки заифлашмагани мавзусида узоқ мулоҳаза юритиш, иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий оқибатлар тўғрисида кўплаб маълумотларни келтириш мумкин. Бу – алоҳида мавзу.
Санжар САИД

Манба: Tahlil.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Скрипаль иши: собиқ жосусни заҳарлаш кимга керак эди?