
Якшанба тонгида, бутун дунёдаги католиклар Пасха байрамини нишонлашаётган вақтда Шри-Ланкадаги меҳмонхоналар ва католик черковларида давомли портлашлар содир этилди. Қуйида ҳозиргача бу воқеа бўйича нималар маълумлиги эслаб ўтилади.
Барчаси қандай содир бўлди?

Фото: REUTERS
Дастлабки 6 портлаш бир вақтда содир этилди. Терактлар Кохчайкаде, Баттикалоа ва Некомбо шаҳарларидаги черковларда, шунингдек пойтахт Коломбодаги «Шангри-Ла», «Синнамон Гранд» ва «Кингсбери» номли элита меҳмонхоналарда рўй берди. Аввалига бир неча ўн киши ҳалок бўлгани айтилди.
Икки соат ўтиб Коломбода еттинчи портлаш содир этилди - ҳайвонот боғи яқинидаги кичик меҳмонхонадаги портлаш туфайли икки нафар полициячи ҳалок бўлди. Кўп ўтмасдан саккизинчи портлаш Коломбо яқинидаги Дематагода шаҳарчасида худкуш террорчи томонидан амалга оширилди ва бу теракт яна уч нафар полициячининг умрига зомин бўлди.

Қурбонлар

Фото: epa/vostock-photo
Охирги маълумотларга кўра, терактлар қурбонлари сони 215 нафарга етган, яна 450 нафардан ортиқ киши жароҳатланган.
Шу билан биргаликда, бу рақамлар якунийси эмас, юзлаб кишилар оғир аҳволда шифохоналарга ётқизилган ва қурбонлар сони вақт ўтиб ортиши мумкин.
Маҳаллий ҳукуматнинг расмий хабарларига кўра, қурбонларнинг 27 нафари хорижий фуқаролардир. Улар орасида Буюк Британия, АҚШ, Туркия, Португалия, Ҳиндистон ва Нидерландия фуқаролари бор. Хитойдаги нашрларда эса бу терактлар оқибатида ХХР фуқаролари ҳам ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Айни вақтда Шри-Ланкада комендантлик соати жорий этилган - ҳозирча қачонгачалиги маълум қилинмаган. Шунингдек, мамлакатда йирик ижтимоий тармоқлар ва интернет-мессенжерлар вақтинчаликка блокланган.
Мамлакатдаги барча мактаблар ва университетлар ёпилган.
Портлашларни кимлар уюштирган?

Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ бу хунрезликлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Аммо Шри-Ланка Мудофаа вазири Руван Виджеваранде портлашларни ким уюштиргани ҳукуматга маълум эканини билдирди.
«Биз бу даҳшатли терактлар ортида турган шахсларнинг барчасини яқин вақтлар ичида жавобгарликка тортамиз. Улар кимлиги бизга маълум ва уларнинг барчаси қўлга олинади», деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, портлашларнинг аксар қисми террорчи-худкушлар томонидан содир этилган. Айни вақтга келиб терактларга алоқадорликда гумон қилиниб 15 киши қўлга олинган. Гумондорларга қарши рейд давомида Коломбода уч нафар полициячи ҳалок бўлган.
ИШИДнинг Яқин Шарқда тор-мор этилиши ортидан бу ташкилот сафида жанг қилган жангарилар Шри-Ланкага қайтиши кузатилди ва собиқ жангарилар мамлакат хавфсизлигига жиддий таҳдидга айланди.
Шри-Ланкада христианлар - асосан католиклар - аҳолининг 7,6 фоизини ташкил этади. 2012 йилги ҳисобларга кўра, мамлакатда истиқомат қилувчи 22 миллион кишининг 70 фоизи буддизмга, 12,6 фоизи индуизмга, 9,7 фоизи ислом динига, 7,6 фоизи христиан динига эътиқод қилади.
Орол давлатдаги христианларнинг аксар қисми ғарбий қирғоқдаги округларда истиқомат қилади. Бугунги портлашлар содир этилган Коломбо ва Негомбо жойлашган ғарбий провинцияларда христианларнинг улуши 13 фоизгача етади.
Бугунги портлашлардан жабрланган Баттикалоа шаҳри оролнинг шарқий қирғоғида жойлашган, бу ҳудуд аҳолисининг 65 фоизи индуистлар, 25 фоизи мусулмонлар, христианлар эса 9 фоиз атрофида.

Фото: REUTERS
1983-2009 йилларда Шри-Ланкада марказий ҳукумат ва «Озод Тамил йўлбарслари» гуруҳи ўртасида фуқаролик уруши бўлиб ўтган. Бу гуруҳ оролдаги этник гуруҳларнинг энг йириги (11 фоиз) бўлмиш тамиллар томонидан тузилган бўлиб, улар ўзлари мустақил давлатга эга бўлишни исташади.
«Тамил йўлбарслари» кўп йиллар давомида асосий аҳолиси мусулмон динига эътиқод қиладиган туманларда назорат ўрнатган. Фуқаролик уруши вақтида мусулмонлар қатағонга учраган, уруш ҳукумат кучлари ғалабаси билан якунланган.
2014 йилда Шри-Ланкадаги мусулмонлар жамияти раҳбарлари ҳукуматни мамлакатдаги мусулмонлар халқаро гуруҳлар таъсирида радикаллашаётганидан огоҳлантирганди. 2016 йилда Шри-Ланка Адлия вазири мусулмон оилалар фарзандлари бўлган 32 йигит ИШИД аъзосига айлангани ҳақида маълумот тарқатган.
Кейинроқ оролда ИШИД таъсиридаги кучлар ҳаракати фаоллашди. Шу йилнинг январида шарқий қирғоқдаги қишлоқлардан бирида жангарилар машғулот ўтказадиган лагерь аниқланди. Бу лагерда тайёрланган жангарилар Анурадхапур шаҳридаги буддистик обидаларни портлатишни режалаштиргани маълум бўлди.
AFP маълумотига кўра, шу ой бошида, 10 кун муқаддам Шри-Ланка полицияси бошлиғи хориж разведкаси томонидан эҳтимолий терактлар ҳақида огоҳлантирилганди.
Дунёда ушбу терактга қандай муносабат билдирилмоқда?
Бутун дунёдаги сиёсатчилари Шри-Ланкадаги фожиага эътибор қаратишди ва мамлакат аҳолисига ҳамдардлик сўзларини билдириб ўтишди. Ҳиндистон президенти ва бош вазири, Австралия бош вазири биринчилардан бўлди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Шри-Ланка президенти Майтрипале Сирисенега таъзия билдириб телеграмма йўллади.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шри-Ланкада юз берган портлашлар оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан мамлакат президенти Майтрипала Сирисенага ҳамдардлик билдирди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
АҚШ президенти Дональд Трамп ўз таъзияномасида террорчилик актини қаттиқ қоралаб, Қўшма штатлар Шри-Ланкага ёрдам беришга тайёрлиги ҳақида маълум қилди.
Россия президенти Владимир Путин ҳам ўз телеграммасида ушбу фожиадан қаттиқ қайғуда эканини билдириб, Россия халқаро терроризм таҳдидига қарши курашда Шри-Ланканинг ишончли ҳамкори бўлиб қолишини таъкидлади.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған «турклар шри-ланкаликлар билан ҳамдард» эканини билдириб, бу терактларни «инсониятга қарши қаратилган хунрезликлар» сифатида баҳолади.
Рим папаси Франциск Ватикандаги Пасха маросими вақтида Шри-Ланкадаги портлашларни «шафқатсиз зўравонлик» сифатида қоралади.
Европарламент раҳбари Антонио Таяни ушбу ҳодисани христианларга қарши геноцид сифатида баҳолади.
Манба: Kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар