08:33 / 10.11.2019
2 620

Инқилоб кимларга манфаат келтирди?

Инқилоб кимларга манфаат келтирди?
Фото: Google Photos
Берлин девори қулаши ҳақида гапирган Гельмут Коль ўша тарихий 1989 йилда «Ҳеч кимга олдингидан ёмон бўлмайди, аммо кўпчиликка анча яхши бўлади», деб айтган эди. Унинг сўзлари коммунистик мафкура тизимидан кейин Европада иқтисодий ва сиёсий ўзгаришларни тезлаштиришга ёрдам берди.
Орадан ўттиз йилдан ошиқроқ вақт ўтди; Европа раҳбарлари ваъдаларига қай даражада содиқ қолди, деган саволга жавоб излайди The Project Syndicate нашри.

Европанинг Прага, Бухарест ва Киев каби шаҳарларига борсангиз, импорт истеъмол маҳсулотларига тўлган савдо дўконлари-ю марказларига кўзингиз тушади. Катта залли кинотеатрларда маҳаллий шаҳар ёшларининг Marvel блокбастерларини томоша қилиш учун навбатга турганининг гувоҳи бўласиз. Эҳтимол, улар юпқа, сенсорли iPhone’ларига тикилганча кейинги таътилини Буэнос-Айрес, Париж ёки Гоада ўтказиш ҳақида ўйлаётгандир.

Шаҳарлар марказида мижозлар аримайдиган қаҳвахона ва ресторанларга, расталари тўла супермаркетларга дуч келасиз. Улар маҳаллий элитадан тортиб шаҳарга ташриф буюрган барча-барчага хизмат кўрсатади. Етишмовчилик, талон тизимини кўрган коммустик ўтмишдан фарқ қилиб, бугунги Шарқий ва Марказий Европа учун янги имкониятларнинг чеки йўқ.

Лекин худди шу шаҳарларнинг қашшоқлари ва пенсионерлари энг оддий қулайликларга ҳам аранг пул топади. Кексалар иссиқлик, дори-дармон ва егулик орасидан энг зарурини танлашига тўғри келади. Қишлоқ жойларда айрим оилалар хўжалик юритишнинг эскича усулига ўтиб олган. Ёшлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, яхши ҳаёт илинжида хорижга кетмоқда. Сиёсий нигилизм, иқтисодий қийинчиликлар жамиятда ишончсизлик ўсишига, авторитар ўтмиш барқарорлиги ва хавфсизлигини эслашга, соғинишга олиб келмоқда. Популист сиёсий раҳнамолар эса жамиятнинг тушкун аҳволдаги аҳоли қатламидан фойдаланиб қолишга уринмоқда.

Икки дунё ёнма-ён яшаб келмоқда. Кейинги 30 йиллик давр Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиёдаги озчилик учунгина ижобий ўзгаришлар олиб келган бўлса-да, бу собиқ коммунистик мамлакатлар аҳолисининг катта қисми учун улкан иқтисодий фалокатларни ҳам келтирди.

1990-йиллардаёқ мутахассилар бу мамлакатларда рецессия бўлиши мумкинлигини яхши билар эди. Лекин улар рецессия бу қадар вайронкор бўлиши мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмас эди. АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Жаҳон банки ҳамда Европа тараққиёт ва тикланиш банки маълумотига кўра, Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиё давлатларидаги инқирозни АҚШда кечган 1929 йилдаги Буюк инқироз кўлами билан тенглаштириш мумкин.

Посткоммунистик мамлакатлардаги иқтисодий фалокат миллионлаб муддатидан олдинги ўлим, оммавий эмиграция ва коммунистик даврда бўлмаган ижтимоий касалликлар, хусусан, уюшган жиноятчилик кўламининг ўсиши, ошиб борувчи тенгсизликка олиб келди. Кўплаб пост коммунистик мамлакатларда ялпи ички маҳсулотнинг умумий рақамлари даромад қарама-қаршилиги ўсаётганини яшириб келмоқда.

Бу мамлакатларда аҳоли сони ўлимнинг кескин кўпайгани ва эмиграцияга кетаётганлар ҳисобига кескин камайиб бормоқда.

Ғарб ва Шарқдаги либерал элита совуқ уруш тинчлик билан ниҳоясига етганини нишонлаб, кейинги 30 йилда юз берган ютуқлардан қувонмоқда. Бироқ кўпчилик капитализм кириб келганидан фойда кўрмаганини ҳам унутмаслик лозим. Ижтимоий сўровлар жамиятда ишонч даражаси пасайиб бораётгани, давлат идораларига ишончсизлик ортаётгани ва даромад нотенглигидан норозилик ўсиб бораётганини кўрсатмоқда.

Буларнинг барчаси кейинги ўн йиллар мобайнида сиёсий ва иқтисодий ҳаётга таъсир кўрсатиб бораверади.

Берлин девори қулаганидан кейинги 30 йил Гельмут Коль айтганларининг тескарисини исботлади: кўпчилик учун ҳаёт илгаригидан ёмонлашди, озчилик учун яхшиланди. Фаровонлик ҳамма учун етарли бўлмагунича 1989 йил бошланган инқилоб ниҳоясига етмаган бўлиб қолаверади.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Инқилоб кимларга манфаат келтирди?