07:31 / 11.11.2019
2 233

Фақатгина Илон Маск эмас: келажакни яқинлаштираётган тўрт миллиардер

Фақатгина Илон Маск эмас: келажакни яқинлаштираётган тўрт миллиардер
Инсониятнинг шиддат билан ривожлана боришида ахборот технологияларининг ҳиссаси улкан. Лайфхакер фикрлаш тарзи бошқалардан ўзгача бўлгани учун ҳам шу соҳада юксак натижаларга эришган ва келажакни яқинлаштирган тўрт инсонни санаб ўтди.

Билл Гейтс

Билл Гейтс рафиқаси Мелинда билан
Фото: Frederic Stevens / Getty Images

Билл Гейтс — Microsoft асосчиларидан бири, илк Windows’ни ишлаб чиққан инсонлардан. 64 ёшли миллиардер дунёни янада яхшироқ ва технологик кўринишга келтириш ҳаракатида давом этмоқда, бироқ у эндиликда фаолиятини Microsoft раҳбари эмас, эркин инвестор ва филантроп сифатида олиб бормоқда. У турли соҳалардаги технологик ишланмаларни фаол тарзда молиялаштириб, улар ҳақида оммага маълум қилиш орқали қўшимча маблағ жалб этяпти.
Мисол учун, Билл Гейтс уран-235ни оддий уран-238га алмаштириш истагидаги энергетика компанияларига сармоя киритяпти. Шунингдек, у ОИВга қарши курашиш учун ирсият терапиясини ишлаб чиқаришни молиялаштирмоқда ва сунъий гўшт ишлаб чиқариш бўйича стартапларга пул тикяпти.

Ана шу ташаббусларнинг айримлари аллақачон самара бериб улгурди. Масалан, Impossible Foods тайёрлаган гўштли бургерлар Америка ресторанларида оммалашиб бормоқда.

Павел Дуров

Фото: Manuel Blondeau / Getty Images
Дуров биринчи галда Россиядаги энг машҳур ижтимоий тармоқ – «ВКонтакте» асосчиси сифатида машҳур. У «Одноклассники»дан бироз кейинроқ пайдо бўлди, бироқ ўша заҳотиёқ мулоқот учун асосий сервис ўрнини эгаллади.

Дуров компанияни 2014 йилда тарк этди. Кўп ўтмай, Telegram мессенжери билан халқаро миқёсдаги муваффақиятга эришди. Йирик рақобатчиларга қарамай, Павел сервис хавфсиз ва ундаги ёзишмалар махфий бўлиши керак, деган асосий ғояни ишлаб чиқди ва унга содиқ қолди.

Ёзишмаларнинг ҳимоялангани, тезкорлик, булутли сервис ҳамда минглаб стикер, бот ва каналлар Telegram’га машҳурлик олиб келди. Ҳозир мессенжер фойдаланувчилари сони 200 миллиондан ортиқни ташкил этади.

Telegram такомиллаштирилиб, янги функциялар билан бойиб бормоқда. 2020 йил баҳорида мессенжернинг ўз криптовалютаси – Gram ишга тушиши мумкин. 2018 йили сармоядорлар унга 1,7 миллиард доллар сармоя киритишган эди. Акционерлар қаторида Роман Абрамович ҳам бор.

Режага биноан, Gram – Bitcoin ёки Ethereum’га ўхшаб қолмайди, балки Visa ва MasterCard кабиларнинг муқобилига айланади. Яъни илк оммавий криптовалюта бўлиши кутилмоқда. Gram шундай шаклда яратиладики, ундан Telegram`нинг исталган фойдаланувчиси фойдалана оладиган бўлади.

Жефф Безос

Фото: Grant Miller / GWBPC
Amazon асосчиси нафақат дунёнинг бадавлат кишиси, балки прогрессив технологияларга сармоя киритувчи визионер сифатида ҳам машҳур.

Безос Amazon’га 1994 йилда асос солган. У вақтда Безоснинг ғояси кичик интернет-дўкондан иборат эди. Бугунга келиб лойиҳа – деярли исталган нарсани топиш мумкин бўлган йирик савдо майдонига айланган.

Савдолардан ташқари Amazon ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланади. Kindle электрон китоблари ва ўз овозли ёрдамчиси Alexa’га эга ақлли Echo колонкалари шулар жумласидандир.

Буюртмаларнинг улкан оқими Amazon’ни ички логистикани такомиллаштириш ва омборхона ҳамда етказиб беришни оптимизация қилиш билан шуғулланишга ундади. Бунинг учун компания машина ёрдамида ўрганишга асосланган сунъий идрокдан фойдалана бошлади. Безоснинг тадбиркорлик қобилиятлари бу сафар ҳам қўл келди: Amazon савдо майдони ичида ташқи мижозларга турли технологияларни таклиф этишни бошлади. Шу тариқа, Amazon Web Services пайдо бўлди.

Ҳозирда компания ишланмаларидан Toyota ҳам фойдаланади. Сунъий идрок автоконцернга ҳайдовчисиз автомобилларни яратишда ёрдам беради.

2000 йилда Жефф Безос Blue Origin хусусий аэрокосмик компаниясига асос солди. Унинг мақсадлари жуда улкан – инсонларни Ойга қайтариш. Blue Origin 2020 йилда Ойни ўзлаштиришга тайёрланмоқда.

Шунингдек, Amazon ҳайдовчисиз етказиб берувчилар борасида ҳам етакчи саналади. Авиахизмат рухсат берса бўлгани, осмон Безос компанияси логотипи туширилган юзлаб дронларга тўлади.

Марк Цукерберг

Chesnot / Getty Images
Марк Цукерберг — Facebook ижтимоий тармоғининг асосчиларидан бири. Ундан ҳозирда 2 миллиарддан ортиқ киши фойдаланмоқда.

2019 йилда Facebook платформаси асосида янги Libra криптовалютаси синовдан ўтказила бошланди. Таҳлилчиларга кўра, бу криптовалюта воситасида ўтказилган операциялар учун Facebook комиссия олмайди, курс эса бир неча валюталар бирликлари қийматига асосланади, бу эса нисбий барқарорликни таъминлайди.

Бироқ Цукерберг муваффақиятли тадбиркорлик билан чекланмаган. У маблағининг ярмидан кўпини ҳадя этиш бўйича миллиардерлар дастурига қўшилган. 2015 йилда рафиқаси Присцилла билан «Чан Цукерберг ташаббуси» фондига асос солди. Жуфтлик жамғармага Facebook акцияларининг 99 фоизини ўтказишга қарор қилган. Фонднинг пуллари кўплаб касалликларни даволаш ва профилактикаси, шунингдек, ҳужайраларни биологик тадқиқотлар учун визуализация қилишга йўналтирилди.

Цукерберг давлат мактаблари ва таълим соҳасидаги стартаплар, жумладан информатика даражасини янги босқичга олиб чиқувчи Code.org ташкилотига маблағ ажратади. Шунингдек, у Vicarious – неокортекс (бош миянинг қатламлари соҳаси) функцияларини ўрганиш ва уни компьютер кодига айлантириш билан шуғулланадиган стартапни ҳам молиялаштирган. Агар тадқиқотлар муваффақиятли якунланса, сунъий идрок инсон идрокига етиб олиши мумкин.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Фақатгина Илон Маск эмас: келажакни яқинлаштираётган тўрт миллиардер