date
views 3 719

«Вирус хитойликларни янада жипслаштирди» – Уханда қолаётган ўзбек талабаси

«Вирус хитойликларни янада жипслаштирди» – Уханда қолаётган ўзбек талабаси
31 январь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2019-nCoV коронавируснинг тарқалишини халқаро даражадаги тиббий фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда вирусдан зарарланиш оқибатида камида 259 киши ҳалок бўлган, 11 791 минг киши вирусни юқтириб олган, уларнинг 1795 нафари оғир аҳволда. Вирусдан зарарланиш ҳолатлари Хитойдан ташқари 23 давлатда аниқланган.

Шундай ҳолатда эпидемия ўчоғи бўлган Хитойнинг Ухан шаҳрида 72 нафар Ўзбекистон фуқароси қолмоқда.
Kun.uz мухбири Уханда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба Роза Ортиқбоева билан боғланиб, карантинда қолаётган шаҳар, у ердаги ўзбекистонлик талабалар аҳволи ҳақида суҳбатлашди.

«Бакалавр босқичини Тошкент текстил ва енгил саноат институтида 2018 йилда тамомладим. Ҳозирда Ухан текстил университетининг магистратура босқичи 2-курсида таҳсил олмоқдаман.

Хитой ва Ўзбекистон ўртасида «Бир макон – бир йўл» лойиҳаси асосида турли келишувлар мавжуд. Улар орасида икки давлат университетларининг ўзаро талаба алмашиш дастури ҳам амал қилади. Шу келишув бўйича ҳозирда Хитойдаман.

Аслида вирус декабр ойида маълум бўлишни бошлади. Вирус ҳақида дастлаб Хитой сайтлари орқали ўқидим. Ўша пайтда мендаги ҳолат унчалик хавотирли эмасди, сабаби бу хабар ҳали бирор рақам ва статистикалар билан тасдиқланмаган эди.

Шунинг учун бошида вирусни Хитойда одатдаги, тез-тез учраб турадиган касаллик деб ўйладим. Уни тезда давоси топилади, деб ўйлагандим», — дейди Роза Ортиқбоева.

– Ҳозир вирусдан сақланиш учун қандай чоралар кўряпсиз?
– Биз шаҳар ҳали карантинга олинмаган пайтдаёқ эҳтиёт чораларини кўриш ҳақида огоҳлантирилганмиз. Сабаби бу каби университетларда халқаро бўлим мутахассислари талабалар билан доимий алоқада бўлиб туришади.
Карантин эълон қилингандан кейин назорат янада кучайтирилди. Масалан, талабаларга ҳар уч кунда 10тадан хавфсизлик ниқоблари берилади.

Университетга кириш ва чиқишда доимий назорат ўрнатилган. Талабалар таълим муассасаси ҳудудига кирганда ҳам, чиққанда ҳам махсус маълумотнома тўлдиришади. Бу маълумотномада ўзининг соғлиғи, чиқишдан мақсади ва бошқа маълумотлар тўлдирилади. Ҳар бир талаба албатта тана ҳароратини ўлчовчи махсус детектор текширувидан ўтади.

Бундан ташқари, кун бошланиши билан барча талабалар «Илтимос, кўчага камроқ чиқилсин, одам кўп тўпланувчи жойга борманг!» мазмунидаги смс хабарнома олишади.

– Сиз ўқийдиган университетда вирус юқтирган талабалар учрадими?
– Йўқ, учрамади. Университетда 6та ўзбекистонлик талаба ўқиймиз. Бундан ташқари, 70га яқин турли давлат ёшлари таҳсил олади. Аммо бу каби ҳолат ҳали учрамади.

– Уханда ҳозир қандай вазият ҳукм сурмоқда? Карантин талаблари қандай?
– Вирус ҳозир Хитойда учрамаганида ҳам бу ерда ҳозир таътил мавсуми. Бу давлатда ҳар йил 5 январдан 17 февралгача талабаларга таътил берилган. Шу муддатни ўз давлатида ўтказмоқчи бўлган талабалар аллақачон ватанига қайтиб кетишган. Таътилни Хитойда ўтказишни хоҳлаганлар эса Хитойда қолишган. Биз вирус бўлмаганда ҳам таътилни ётоқхонада ўтказган бўлардик.

Иккинчидан, Хитойда йил давомида бир марта оммавий дам олиш бўлади. Бундан кўпчиликни хабари бор. Яъни янги йил арафаси, 25-30 январь кунлари дам олиш сифатида уйда ўтказилади.

Бу ерда ҳозир барча савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш марказлари ёпилган. Фақатгина саноқли катта супермаркетлар ишлаб турибди.
Кеча Хитой расмий сайтларидан бирида ўқидимки, дам олиш кунлари вирус тарқалиши муносабати билан 2 февралга қадар чўзилди.

– Карантин ҳолатидаги шаҳарда одамларнинг ўзаро муносабатида ўзгариш кузатилдими? Масалан, одамлар ўртасидаги меҳр-оқибат кучайгани, ҳамдардлик каби туйғуларга мисоллар келтира оласизми?
– Мен ҳозир сизга айтадиган мисолим аниқ манбага асосланган. Бир неча кун аввал Хитой расмий сайтларидан бирида Ухан шаҳри ҳокими Чжоу Сяньваннинг аҳолига мурожаатини ўқидим.

Мурожаатни инглиз тилига таржима қилиб ўқидим. Эътиборимни тортган жиҳат ҳокимнинг фикрлари остидаги уханликларнинг изоҳлари бўлди.
Изоҳларни ўқиб, хитойликларнинг сабри, матонати ва бирдамлигига қойил қолиш мумкин.

Масалан, изоҳлардан бирида Хитойда бўлган табиий офатлар, касалликлар мисол келтирилади. 1954,1998 йилларда Уханда катта сув тошқинлари рўй берган. 2003 йилда эса шаҳарда SARS номли вирус эпидемияси тарқалади.

Ва ниҳоят, 2016 йилда ҳам Уханда йирик сув тошқинлари кузатилади. Изоҳларда мана шу воқеалар ва бунда уханликларнинг жасорати эсланади.

Изоҳларда нафақат ҳокимни, балки шифокорларни қўллаб-қувватлашмоқда. Айтганимдек, халқнинг бирдамлиги шу каби воқеаларда ҳам яққол сезилмоқда. Менимча, руҳий томондан халқ тушкун кайфиятда эмас.

– Интернетда коронавирус билан боғлиқ ҳолда тарқалаётган хабарларга қандай муносабатдасиз?
– Шу фурсатдан фойдаланиб, юртдошларимизга айтмоқчи эдимки, хавотиримиз ўринли, аммо таҳликаларимиз жудаям ўринли эмас. Вирусга даво топиш устида дунёнинг турли давлат вакиллари изланишмоқда. Улар орасида Хитой, Япония, АҚШ каби тиббиёти ривожланган давлат олимлари бор.

Биз кўпроқ вирусдан вафот этганлар ҳақида гапиряпмиз. Аммо ундан тўла халос бўлаётганлар ҳам бор. Улар вафот этаётганлар сонидан жудаям кам эмас. Демак, нимадир қилинаётгани рост. Албатта, бу тиббиёт ва даво топиш маълум вақтларни олади.

– Айрим давлатлар ўз фуқароларини Ухандан алоҳида карантин ҳудудига олиб кетмоқда. Ўзбекистон ҳам шундай қилиши керакми. Бу вазиятни оғирлаштирмайдими? [Суҳбат 29 январь куни ёзиб олинди.-таҳр].
– Тўғриси, кетиш имконияти бўлганда ҳозир ҳам Ўзбекистонга қайтмай турган бўлардим. Нега? Албатта, менинг бу жавобим шахсан ўзим учун ва у Ухандаги барча ўзбек ёшлари номидан айтилмаяпти.

Биринчидан, агар мен Ўзбекистонга қайтадиган бўлсам, касалликнинг 7-14 кунда маълум бўлиши мумкинлиги нуқтайи назаридан оиламни, халқимизни хавфга қўйишим мумкин. Бизда эпидемия ҳолати аввал кузатилмаган ва тиббиёт жиҳатидан бизни қайтишимиз хавфли бўлиши мумкин.

Иккинчидан, агар шундай бўлганда ҳам, солиштирайлик. Ўзбекистондаги тиббиёт кучлироқми, Хитойдагими? Қаердаги шифокорлар бизга кўпроқ ёрдам бера олади? Ҳозир Хитойда бутун дунёдан энг кучли шифокорлар ишлашмоқда.

Учинчидан, ўқиган маълумотларимга кўра, карантиндаги ҳудуд бошқа ҳудудларга нисбатан хавфсиз бўлади. Нега? Чунки карантиндаги ҳудуд ёпиқ ҳисобланади. Кириш-чиқиш йўқ. Бу ерда биринчи ва тўғри ёрдамни кўрсатиш имконияти кўпроқ. Айниқса, бошқа миллат фуқаролари ва талабаларга нисбатан биринчи бўлиб ёрдам кўрсатилади.

Айтмоқчиманки, яқинлар билан бўладиган тўрт кунлик, борингки бир ойлик дийдорни деб бутун оила аъзоларимни хатарга қўйгим келмайди.
Қачонки вирус йўқолиб, хавфсиз ва тўла соғлом эканлигимни билгачгина уйга қайтаман.

Ҳозирда элчихона вакиллари ҳам биз билан доимий алоқада бўлиб туришибди.
Юқорида айтганимдек, бу шахсан ўзимнинг фикрим ва бошқа ўзбекистонликлар фикрини ифодаламайди.

– Сизга мустаҳкам соғлиқ, ўқишларингизда омад тилайман.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Вирус хитойликларни янада жипслаштирди» – Уханда қолаётган ўзбек талабаси