22:27 / 20.02.2020
3 447

Мўъжиза содир бўлмади. Ли Мён Бак нега қамалди?

Мўъжиза содир бўлмади. Ли Мён Бак нега қамалди?
Фото: AFP
19 февраль куни Сеул Олий суди Жанубий Кореянинг 10-президенти Ли Мён Бакни 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. У катта миқдорда пора олишда айбдор деб топилди.
«Мўъжиза содир бўлмайди» китоби билан танилган Ли Мён Бак қандай инсон эди?

Қамалиш сабаби
Коррупцияда айбланган собиқ президент 2018 йил 5 октябрда ҳибсга олинганди. У қамоқда бир йил ўтиргач саломатлиги ёмонлашгани боис гаров эвазига озодликка чиқарилганди, аммо суд 2020 йил 19 февраль куни собиқ президенти яна 17 йилга озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукм чиқарди.

Жанубий Кореяни 2008-2013 йиллар давомида бошқарган Ли Мён Бак акасига тегишли бўлган DAS корхонасининг асл эгаси эканлиги айтилган ҳолда компанияни ривожлантиришда президентлик ваколатини суиистеъмол қилганликда айбдор деб топилди. Шунингдек, собиқ президент ҳужжатларда авто эҳтиёт қисмлари сотиш билан шуғуллангани айтилган, аслида эса компания ҳисоб рақамидан йирик корпорациялар, хусусан Samsung Electronics’дан пора ундириш учун ишлатилган DAS компанияси билан алоқадорликда айбланган.

Айни вақтда 78 ёшда бўлган Ли Мён Бак 17 йил қамоқда ўтиришдан ташқари 15,7 миллион доллар миқдорида жарима ҳам тўлаши керак.

Шу ўринда бир савол туғилади: ўз вақтида бутун бошли мамлакат президенти бўлган одамни қамаш учун фақатгина пора айблови қанчалик ҳақиқатга яқин? Албатта, ҳамма қонун олдида тенг, аммо мамлакат раҳбари иши (гарчи у собиқ бўлса-да) бундан каттароқ ва шов-шувлироқ бўлиши керакдек гўё. Айтайлик, бу кимнингдир ёки кимларнингдир қасоси бўлсачи?

Ли Мён Бак президентлик вақтида Шимолий Корея билан муносабатлар максимал даражада совиб кетганди. Айнан унинг бошқаруви даврида шимол ва жануб денгизчилари ўртасидаги тўқнашувда 46 киши ҳалок бўлганди. Амалдаги президент Мун Жэ Ин ва унинг тарафдорлари шимол билан алоқалар ёмонлашгани катта хато бўлганини кўп марта такрорлаган. Шу боис, Ли Мён Бакнинг қўшни мамлакат билан алоқалари иш очилишида катта ўрин тутган бўлишини тахмин қилиш мумкин.

Собиқ президентга қўйилган айбловлар 16 банддан иборат. Улар орасида солиқлардан қочиш ва разведка ташкилотларининг махфий операциялари учун ажратилган пулдан 9,3 миллион долларни ўзлаштирганлик каби айбловлар ҳам бор.

«Менинг устозларим қашшоқлик ва онам»
Ли Мён Бакка қўйилаётган айбловлар бошқа масала. Келинг, унинг қандай одам бўлгани ҳақида гаплашсак. Ўзбекистонда унинг «Мўъжиза содир бўлмайди» асарини ўқиб Кореянинг бу собиқ президентига ҳурмати ошганлар ҳам бўлса керак. Жанубий Кореянинг бўлажак президенти 1941 йил 19 декабрда Япониянинг Осака вилоятида туғилган. Иккинчи жаҳон уруши тугагач Мён Бакнинг ота-онаси ўз юртлари Жанубий Кореяга қайтишади.

Корейсча исмлар биз учун мураккаб ва ҳеч қандай маъно билдирмайдигандек кўринади, аммо аслида бундай эмас. Масалан, қаҳрамонимизнинг онаси ойдин кечалардан бирида туш кўради ва унда қорнидаги боласи ўғил эканига ишора сезади. Шу сабаб бўлажак фарзандига Мён Бак деб исм қўяди. Яъни, Мён — ёруғлик, Бак — тарқатувчи. Бўлажак президент шу тариқа Мён Бак исмини олади. Унинг японча исми ҳам бор: Цукияма Акихиро.

Деҳқон оиласида туғилган Мён Бак 3 ўғил ва 3 қиз билан бирга ўсади. У оиласида бешинчи фарзанд эди. Бўлажак президентнинг оиласи Жанубий Кореяга қайтиб келаётганда улар бўлган кема ҳалокатга учраб, кемадагилар зўрға омон қолишади. Турган гапки, барча буюмлари сувга ғарқ бўлган оила ҳаммасини бошдан бошлашга мажбур бўлади.

Мён Бак иккинчи ўғил бўлгани учун катта акаси билан бирга рўзғор тебратишда ёрдам беради. Кўчада гугурт, нон ва турли егуликлар сотадиган Мён Бак мактабни яхши баҳолар билан тамомлайди, аммо ўқишни давом эттира олмайди. Чунки ўқиш учун тўловлар оилага оғирлик қилар ва корейс оилаларида ота-оналар оиладаги катта ўғилга асосий эътиборни қаратарди. Шу боис бўлажак президент ўзининг кўчадаги «бизнес»ини давом эттириб катта акасининг ўқиши учун пул йиғишда ёрдам беради.

Кейинчалик кечки мактаб (коллеж даражасидаги ўқув муассасаси)га ўқишга киради ва кундузи кўчада савдо қилишда давом этади. Номус сабаб Мён Бак кўчада савдо қилиб юрганида сомондан тўқилган катта шляпа кийиб олар, аммо шунда ҳам танишлари кўриб қолишидан қўрқарди. Собиқ президент бу ҳақда шундай эслайди: «Ҳаётимдаги энг уятли ҳолат? Ўсмир вақтим аёллар мактаби олдида нон сотганимда жуда уялганман».

Ли Мён Бак ҳаётда қийналгани ҳақида кўп ҳам гапиравермайди, аммо унинг иқтибослари болалиги қандай ўтганини кўрсатади. Бир сафар у ўз онасини эслаб шундай деганди: «Менинг ҳаётдаги устозларим қашшоқлик ва онам бўлган».

23 ёшида қамалган демократия тарафдори
Мён Бакнинг орзуси барибир амалга ошади ва у университетга ўқишга киради. Акасининг ўқиши учун оила Сеулга кўчиб келишга қарор қилади. Бундан фойдаланган Мён Бак ҳам Коурё университетига ўқишга киради. Ўқиш учун пулни эса бозорда кечаси фаррошлик қилиб топади. Мён Бакка энг яхши талабалар қаторида стипендия белгиланади, аммо у пулни ололмайди. Чунки спортчи дўстларини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиҳонлардан бирига бойкот эълон қилиб стипендиядан маҳрум бўлади.

1964 йилда Ли Мён Бакнинг ҳаётида катта ўзгариш содир бўлади. У Сеулда талабалар кенгаши раҳбарига айланиб, мамлакатнинг Япония билан муносабатлари тўғрисидаги келишувга қарши намойишларга бошчилик қилади. Унга 12 минг талаба эргашади ва намойишчилар ўз мақсадларига етиб, одамларнинг Сеул-Токио муносабатларига нисбатан кайфиятларига таъсир кўрсатишади. Фаоллар етакчиси бўлган Мён Бак 6 ой қамоқда ўтириб чиқади. Кейинчалик унга университетни битириш имкони берилади.

Лақаби «бульдозер»
Ли Мён Бак фаолиятини 1965 йил у вақтда оддий қурилиш компанияси бўлган «Хёндэ Констракшн»да бошлайди. Унинг ташаббуси билан корхона Таиланддаги йирик магистрал қурилишини қабул қилади. Бу «Хёндэ Констракшн»нинг чет элдаги илк лойиҳаси эди. Корхона Ли Мён Бакни Таиланддаги қурилишга масъул қилиб юборади. Бир куни маҳаллий ишчилар норозилик уюштириб компаниянинг Таиланддаги офисига ҳужум қилишади. Мён Бак эса офисдаги ҳужжатлар сақланаётган сейфни ўзи хавф остида қолган бўлса-да, сақлаб қолади.

Компанияга садоқати унинг 29 ёшида эндиликда кенгайиб бораётган «Хёндэ Констракшн» директорлар кенгашига киришига сабаб бўлади. Дарвоқе, Ли Мён Бакнинг ишчи вақтидаги лақаби «бульдозер» бўлган, чунки у бульдозерни жуда яхши ишлатган.

Ли Мён Бак 33 ёшида унда жигар хасталиги аниқланади ва шифокорлар ишлашни тақиқлайди. Аммо турмуш ўртоғи уни илонбалиқ гўшти билан даволашга киришади. Аёл балиқ тутгани дарёга ўзи борарди.

«Горбачёв бир киши кўп нарсани ўзгартириши мумкинлигини исботлади»
47 ёшида «Хёндэ» директорлар кенгашининг раиси бўлган Ли Мён Бак бизнесдаги фаолиятини якунлаб сиёсатга ўтади. Бу қарорини шундай изоҳлайди: «Дунё бир киши — Горбачёв сабаб қанчалик ўзгарганини кўрдим, шу боис мен ҳам нимадир қилишим керак». Сиёсий фаолиятида ҳам кўплаб қаршиликларга дуч келган Ли Мён Бак 2002 йилда Сеул мэрига айланади.

У бу лавозимда катта ишлар қилади. Масалан, марказий кўчалардан биридаги автобус қатновига ўзгартириш киритилади. Ли Мён Бакнинг таклифига кўра, кўчада автобус учун алоҳида йўл кўчанинг четидан эмас, ўртасидан белгиланади. Икки томонни ажратиб турадиган тўсиқ олиб ташланиб, ўрни автобус линиясига айлантирилади. Натижада йўлларда кесишмаларга дуч келмайдиган автобуслар олдингидан 3 баравар тез ҳаракатланиб, ўша катта кўчадагилар учун шаҳар марказига қатнаш шунча марта осонлашади.

Мён Бакнинг пойтахт раҳбари сифатида қилган яна бир иши Чхонгечхон дарёсини тарихий ўзани бўйлаб ҳаракатланишини тиклаш бўлади. Ўтган асрнинг 50-йилларида шаҳар ташқарисига катта қувурлар ёрдамида чиқариб юборилган дарё инфекция чиқарадиган жойга айланиб қолади. Ли Мён Бак эса миллионлаб доллар сарфланадиган лойиҳа асосида дарё шаҳар марказидан оқиб ўтишини таъминлайди. Унинг бу фикрига қарши бўлишади, аммо кейинчалик дарё атрофи шаҳар ичидаги дам оладиган зонага айлангач, одамлар бу тўғри фикр бўлганини тан олади.

2005 йилда Ли Мён Бак яна бир лойиҳага қўл уради. У Сеулда худди Нью-Йорк ва Лондонда бўлгани каби шаҳар марказида ўрмон яратиш лойиҳасига киришиб, бир йилдан сўнг очилиш маросимини ўтказади. У ерда 400 минг туп дарахт экилади ва 100га яқин турдаги жонзотлар яшай бошлайди. Ўшанда Time журналида бу ҳақда мақола эълон қилинган, унга Ли Мён Бакнинг Чхонгечхон дарёсида тушган сурати илова қилинганди.

Ли Мён Бак Сеулдаги бир қарич ер ҳам бекор турмаслиги керак деб ҳисоблайди ва шу мақсадда шаҳар администрацияси олдидаги катта бетонланган майдон майсазорга айлантирилади. Кейинчалик бу ерда санъаткорлар пул тўлаб ўз концертларини ўтказар, қишда эса майдон табиий учиш майдончасига айланарди. Шунингдек, Мён Бак бошқаруви даврида Сеул шаҳар администрацияси дунёда замонавий технологиялардан энг кўп фойдаланадиган шаҳар раҳбариятига айланади.

Президентлик
Ли Мён Бак 2007 йил декабрда Жанубий Корея президентлиги сайловларида ғолиб бўлади. У 48,7 фоиз овоз тўплайди, аммо президентлигининг илк йилларида рейтинги кескин тушиб кетади. АҚШдан Жанубий Кореяга мол гўшти олиб кириш импортига қўйилган чеклов олиб ташланиши одамларда норозилик кайфиятини пайдо қилади. Оқибатда 2 ой давом этган намойишларда мамлакат бюджети катта зарар кўради.

Фото: Оқ уй
Ли Мён Бакнинг президентлик дастури ўзига хос ном олади: «Корея 7-4-7». Унга кўра, мамлакат ЯИМ ҳажми 7 фоизга ошиши, ЯИМ аҳоли жонбошига 40 минг АҚШ долларидан тўғри келиши ва Жанубий Корея иқтисоди бўйича дунёда 7-ўринга кўтарилиши керак эди.

Ли Мён Бак президентлик вақтида илм-фанга катта эътибор беради. Айнан унинг даврида ўқиш учун пул тўлашда ўзига хос «насия» тизими ишлаб чиқилади. Яъни, ўқиш пулини вақтида тўлай олмаганларга кейинчалик ҳам тўловни амалга ошириш имкони берилади. Балки президентнинг ўзи ёшлигида ўқишга пул топишда қийналгани учун шундай қилгандир.

Ли Мён Бак 2013 йил 25 февралгача, яъни президентлик муддати охиригача ўз лавозимида қолади ва унинг ўрнини олдинги сайловларда ўзига имкониятни бой берган Пак Кин Хе эгаллайди. 2018 йил март ойида Ли Мён Бакка қарши иш очилиб, унинг боши узра қора булутлар айлана бошлайди. Собиқ президент бу ҳақда гапирар экан барчаси рақибларининг қасоси эканини айтади.

У коррупционер бўлиши мумкинми?
Шу ўринда савол туғилади: ёшлиги шундай қийинчиликда ўтган, ўз вақтида акаси коррупцияда айблангани учун телевизорда бутун миллатдан бош эгиб кечирим сўраган инсон коррупционер бўлиши мумкинми? Албатта, Корея судининг қарори эълон қилиб бўлинган, аммо бу мулоҳаза юритса арзийдиган мавзу.

Фото: Reuters
Ли Мён Бак Шимолий Корея раҳбариятига нисбатан унчалик яхши муносабатда эмаслигини яширмагани учун ҳам танқид қилинади, аммо бу борада уни тушуниш мумкин. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Ли Мён Бак оиласини боқиш баробарида қийналиб ўқиб юрган вақтида шимолда Кимлар династияси ҳукуматни авлоддан авлодга ўтказишарди. Бунинг устига, Мён Бак синглиси ва укаси айнан шимолликлар билан тўқнашувлар вақтида ҳалок бўлганини ҳеч қачон унута олмайди.

Ли Мён Бак коррупцияда айбланиб қамалган бугунги кунда у инаугурация маросимида айтган баъзи сўзларига эътибор берсак:
«Барчамиз балиқчи ва фермерларнинг фарзандларимиз. Шу боис бу соҳаларга беписанд қарашга ҳаққимиз йўқ.

Биз бошқа мамлакатлардан ёрдам пули оладиган давлатдан бошқаларга ёрдам берадиган давлатга айландик. Бу баъзилар учун афсона ёки мўъжиза бўлиб кўриниши мумкин, аммо аслида ҳаммаси ҳақиқат.

1997 йил мамлакат иқтисодий инқироз ҳолатига тушиб қолганда ўз тилла буюмлари, қимматли тақинчоқларини давлат ғазнасига топширганлар Кореянинг ҳақиқий қаҳрамонларидир.

Биз олдимизга қўйган мақсадларга эришишимиз учун ота-оналар жисмонан ва маънан бақувват болаларни тарбиялаши, ўқитувчилар ўқувчиларини янада кўпроқ севиши, корхона раҳбари ишчилари билан бирга меҳнат қилиши керак.
Корея фақат орзу қиладиган эмас, орзулар амалга ошадиган давлатга айланиши лозим».

Ли Мён Бакнинг бутун дунё сиёсатида обрўси баланд эди. Жумладан Ўзбекистонда ҳам. Ли Мён Бакнинг инаугурациясида Ўзбекистон номидан мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов қатнашган. Ли Мён Бак 2009 йил май ойида Ўзбекистонга келганди. Тошкентда музокаралар ўтказилгач Ислом Каримов ва Ли Мён Бак Самарқандни айланишга ҳам улгурганди.

Фото: ЎзА
Ли Мён Бак бетоблиги сабаб озодликка чиқарилгач унинг оила аъзолари иш қайта кўриб чиқилишига умид қилишганди, аммо мўъжиза содир бўлмади ва Жанубий Кореянинг собиқ президенти олдингидан ҳам узоқроқ муддатга қамалди.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Мўъжиза содир бўлмади. Ли Мён Бак нега қамалди?