06:30 / 23.02.2020
3 143

Эрдўғонни рағбатлантираётган АҚШ ҳукумати

Эрдўғонни рағбатлантираётган АҚШ ҳукумати
Дональд Трамп Эрдўғонни қўллаб-қувватламоқда, чунки расмий Анқара Россиянинг Сурия бўйича илгари сурган таклифини рад қилди, деб ёзади The Bloomberg нашри.
Туркия тарафи Суриядаги исёнчиларнинг сўнгги таянчи учун олиб борилаётган жанглар сабаб Россия тарафига кескин огоҳлантириш берди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Суриянинг шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятида ҳарбий амалиётни ўтказиш учун барча тайёргарликни кўриб бўлгани ҳақида баёнот берди. Бу вилоят «ал-Қоида» диний экстремистик гуруҳининг собиқ жангарилари ва Туркия қўллаб келаётган Асадга қарши жангарилар томонидан назорат қилинади.

Эрдўғон Анқарадаги чиқишида Идлиб ҳарбий амалиёти вақти келиб албатта амалга ошиши, Идлибни режим таъсирига, унинг тарафдорлари бўлган томонларга ташлаб қўймаслиги ҳақида гапирди.

Туркия тарафи Сурияда Россия дастаклаётган ҳукумат қўшинларининг олға силжишини тўхтатишга уринмоқда. Чунки бу унинг Идлибда турк назоратидаги ҳудуд тузишига хавф туғдирмоқда. Шу ойда Туркия ҳукумати Идлибда ўзининг минглаб ҳарбийларини жойлаштирди. Шунга қарамай Сурия армияси русларнинг ҳаво кучлари ёрдамида турк назорат пунктларини қамал қилди. Натижада 14 турк ҳарбийси қурбон бўлди.

Энг ёмон вариант
Идлибдаги бутун қарама-қаршилик давомида Туркия ва Россия ихтилофлашаётган тарафларни қўллаётган бўлсада, мулоқот очиқ бўлди. Лекин Москва билан Дамашқни турк қўшинларининг кўпайиб бораётгани тўхтата олмади ва чорчанба куни расмий Кремл Эрдўғон баёнотига жавоб тариқасида туркларнинг ҳарбий амалиёти «энг ёмон вариант» деди.

Афтидан, Россия Идлибни тўлиқ босиб олиш тарафдори кўринади. Бу эса Асадга Дамашқ ва Ҳалаб ўртасидаги алоқани кенгайтириш ва 9 йиллик урушда ғалаба қозонганини эълон қилишга имкон беради.

Идлибдан 1-2 миллион қочқиннинг оммавий равишда келишидан хавфсираётган Туркия АҚШ кўмагини олди. Гарчи Трамп Мэриленддаги чиқишида «Биз ҳозирда Идлиб борасида биргаликда нима қилиш мумкинлиги ҳақида ишлаяпмиз», деган бўлсада, Россияга қарши АҚШ ва НАТО қандай ёрдам бериши мумкинлиги мавҳум бўлиб қолмоқда.

Трамп Эрдўғонни «зўр йигит» деб атади, ва Эрдўғон кўп инсон ҳалок бўлишини истамайди деб, қўшимча ҳам қилди.
Аввалроқ Эрдўғон, агарда, Сурия ҳарбийлари турк аванпостларидан кетмаса, февраль ойи охирида куч ишлатишини маълум қилган эди.

Сурия ҳукуматининг Идлибга ҳужуми қаҳратонда юз минглаб кишиларни Туркияга кўчишига сабаб бўлди. Ҳозирда Туркия дунёдаги энг кўп қочоқ тўпланган ҳудуд бўлиб қолмоқда. Ҳукумат чегараларда бетон деворлар ўрнатиб, қочоқлар учун уйлар қурмоқда.

Халаб ғарбидаги шаҳарлар ва кўчирилганлар лагерлари Сурия ва руслар томонида ўққа тутилмоқда. Янги қочоқлар гуруҳи эса Туркияга бошпана излаб қочиб ўтмоқда.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрдўғонни рағбатлантираётган АҚШ ҳукумати