10:23 / 04.03.2020
3 849

Афғонистондаги уруш АҚШга қанчага тушди?

Афғонистондаги уруш АҚШга қанчага тушди?
АҚШнинг Афғонистонга босқини 2001 йил 7 октябрда бошланган эди./GETTY IMAGES
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти ва Толибон ҳаракати ўртасида Афғонистондаги қуролли зиддиятга чек қўйишга қаратилган музокаралар кўп ойлар давом этди ва ниҳоят 2020 йилнинг 29 февралида Қатар пойтахти Доҳада ўзаро келишув имзоланди: “АҚШ ва унинг НАТОдаги шериклари 135 кун ичида Афғонистондаги ҳарбий контингентини 8,6 минг кишигача қисқартиради. Агар Толибон келишув шартларига риоя қилса, 14 ой ичида барча қўшинлар Афғонистондан олиб чиқиб кетилади”.

Доналд Трамп ўзининг мақсади Америка аскарларини уйга қайтариш ва АҚШ тарихидаги энг узоқ давом этган урушга нуқта қўйиш эканлигини бир неча бор таъкидлаган.

Мақсадимиз – Америка тарихида энг узоқ давом этган урушга чек қўйиш ва қўшинларимизни уйга қайтаришдир.
Доналд Трамп, АҚШ президенти


Бу уруш Америка учун амалда қанчага тушди? Қанча ҳарбий жўнатилди?
АҚШ ўз кучларини Афғонистонга 2001 йил 7 октябрда кирита бошлади. Американинг мақсади “2001 йил 11 сентябр портлашларини уюштирган террорчи Усама бин Ладин ва “Ал-Қоида”нинг бошқа раҳбарларига бошпана берган” толибларни ҳокимиятдан қувиш эди.

Афғонистондаги АҚШ аскарлари сони ошиб борганидек бу ерда толибларга қарши урушиш ва мамлакатни тиклаш учун харажатлар ҳам ортиб борди.

2002-2019 йиллар Афғонистонга жўнатилган АҚШ аскарлари сони
2010-2012 йилларга келиб АҚШ Афғонистонда 100 мингдан ортиқ аскарини ушлаб турар, ҳукумат берган маълумотга кўра бу уруш Америкага ҳар йили 100 миллиард долларга тушаётган эди.

АҚШ армияси Афғонистондаги зиддиятда бевосита қатнашиш миқёсини қисқартириб, асосий диққатини афғон армиясини ҳарбий тайёргарликдан ўтказишга қаратгач, уруш харажатлари сезиларли равишда қисқарди.

2016-2018 йилларда АҚШ Афғонистонда ҳар йили 40 миллиард доллардан сарфлади, 2019 йил сентябрига келиб эса бу харажат 38 миллард долларга тушди.

2001-2019 йиллар давомида АҚШ Афғонистондаги уруш учун сарфлаган пуллар миқдори (миллиард доллар ҳисобида)
АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, АҚШ Афғонистонга бостириб кирган 2001 йил 7 октябрдан 2019 йил сентябригача ўтган 18 йил давомида бу урушга жами 778 миллиард доллар сарфланган.

Бундан ташқари, АҚШ Давлат Департаменти, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги ва бошқа расмий ташкилотлар биргаликда Афғонистонни тиклаш учун 44 миллард доллар харажат қилган.

Шундай қилиб, АҚШ 2001 йилдан буён Афғонистон учун сарфлаган харажатлари миқдори 822 миллиард долларни ташкил қилган. Аммо бунинг ичига Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар учун база сифатида фойдаланилган Покистонга ажратилган ҳарбий ёрдам харажатлари кирмайди.

Айни пайтда, Браун университети олимлари олиб борган мустақил тадқиқот хулосасида Афғонистондаги уруш харажатлари ҳақидаги расмий рақамлар ўта камайтириб кўрсатилгани айтилади.

Тадқиқотчиларнинг урғулашича, АҚШ Конгресси Афғонистон ва Покистонга 1 триллион долларгача ёрдам ажратишни маъқуллаган.

2019 йилда мудофаа учун энг кўп пул сарфлаган давлатлар (миллиард доллар ҳисобида). АҚШнинг мудофаа бюджети ўзидан кейин турувчи биринчи ўнта давлатнинг жами сарф-харажатидан кўпроқдир.
Браун университетидаги “Уруш нархи” лойиҳаси директори Нета Кроуфорднинг айтишича, бунга бошқа турдаги харажатлар, масалан, ҳарбий нафақалар ва уруш қатнашчиларига кўрсатилган тиббий ёрдам харажатлари, ҳарбий эҳтиёж учун бошқа вазирликларга ажратилган харажатлар, уруш учун олинган қарзларнинг фоизлари кирмайди.

Буларнинг ҳаммасини ҳисобга олганда, АҚШнинг Афғонистондаги уруши харажатлари 2 триллион долларга яқинлашиб қолади.

Пуллар нимага сарфланган?
Пулнинг асосий қисми исёнчиларга қарши амалиётлар ўтказиш ва ҳарбийларнинг таъминоти, тиббий ёрдам ва нафақалар учун ажратилган.
Расмий маълумотларга кўра, АҚШ Афғонистонни тиклаш учун 137 миллиард доллар сарфлаган. Бу 17 йил давомидаги жами харажатларнинг қарийб 16%ини ташкил этади.

Бу маблағнинг ярмидан ортиғи – 86 миллиард доллар Афғонистон миллий армияси, полицияси ва бошқа хавфсизлик кучларини тузиш учун сарфланган.

Маблағнинг қолган қисми давлат бошқаруви ва инфратузилмаларни мустаҳкамлаш, иқтисодий ва инсонпарварлик ёрдами сифатида ҳамда гиёҳвандлик моддаларига қарши курашга кетган.

Афғон ҳарбий хизматчилари бу урушда ўта оғир йўқотишларга учради./GETTY IMAGES
2002 йилдан 2019 йилнинг сентябр ойигача АҚШ кунига 1,5 миллион долларни гиёҳвандлик моддаларини ишлаб чиқаришга қарши кураш учун сарфлаган, бунга жами 9 миллиард доллар кетган. Айни пайтда, БМТ маълумотларига кўра афюн кўкнори (опиум) экиладиган майдонлар миқдори 2017 йилда ўзининг энг юқори кўрсаткичига етган (сарфланган пуллар тескари натижа берган).

2017 йили Афғонистондаги қайта тиклаш ишларига масъул бўлган Америка назорат ташкилоти сўнгги 11 йил (2005-2016) давомида фирибгарлик, камомад ва ўғрилик оқибатида 15,5 миллиард доллар йўқолгани ҳақида баёнот берганди.

Эҳтимол, бу рақамлар умумий йўқотишнинг бир қисмигина бўлиши мумкин. Ташкилотдагиларнинг ҳисоб-китобларига кўра АҚШ ажратган пуллар баъзи ҳолатларда зиддиятларнинг янада кескинлашиши, коррупциянинг кучайиши ва исёнчиларни қўллаб-қувватлаш ошишига ҳам олиб келган.

2001-2019 йиллар давомида АҚШ ҳарбий кучлари Афғонистонда 2 300 дан ортиқ одамини йўқотган, тахминан 20 660 аскар жароҳатланган./GETTY IMAGES
Инсоний йўқотишлар
2001-2019 йиллар давомида АҚШ ҳарбий кучлари Афғонистонда 2 300 дан ортиқ одамини йўқотган, тахминан 20 660 аскар жароҳатланган.
Расмий маълумотларга кўра, 2019 йил декабрига келиб, Афғонистонда 13 мингга яқин АҚШ аскари қолмоқда. Бундан ташқари, яна 11 минг нафар АҚШ фуқароси мутахассис сифатида Афғонистонда хизмат қилади.

Бироқ афғон ҳарбий хизматчилари ва тинч аҳоли ўртасидаги йўқотишлар таққослаб бўлмас даражада юқори.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ўтган йили берган баёнотида 2014 йилда ўзи давлат раҳбарлигига келганидан буён 45 мингдан ортиқ афғон ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганини билдирган эди.

Афғонистондаги тинч фуқаролар орасидаги йўқотишлар. Кобулдаги БМТ ваколатхонаси маълумотларига асосан.
Ўшанда президентнинг бундай ошкора баёноти ғайриоддий ҳол бўлган, чунки АҚШ ва Афғонистон ҳукуматлари бу каби маълумотларни одатда тарқатишмайди.
Маҳаллий ахборот агентликлари хабарларига кўра сўнгги йилларда Афғонистон хавфсизлик кучлари жуда катта йўқотишларга учраган, баъзида кунига 30-40 киши ҳалок бўлган.

БМТнинг Афғонистондаги ваколатхонаси 2009 йилдан бери айни йўналишда тизимли равишда ҳисоб-китоб олиб боради. Ундаги маълумотларига кўра, мамлакатда сўнгги ўн йилдан ортиқроқ муддат давомида тинч фуқаролардан 100 мингдан ортиғи ҳалок бўлган, ёки жароҳатланган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистондаги уруш АҚШга қанчага тушди?