АҚШда “Alligator Alcatraz” қамоқхонаси ёпилиши мумкинми?

АҚШда миграция сиёсати билан боғлиқ яна бир шов-шувли масала кун тартибига чиқди. Флорида штатида жойлашган ва ғайриоддий номи билан танилган “Alligator Alcatraz” ҳибсхонасини ёпиш эҳтимоли муҳокама қилинмоқда.
Бу ҳақда Рон Десантис маълум қилиб, масала ҳозирча дастлабки кўриб чиқиш босқичида эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, янги раҳбарият, жумладан АҚШ Ички хавфсизлик департаменти ҳам ушбу муассаса фаолиятини қайта таҳлил қилмоқда.
Дастлаб ноқонуний иммиграцияга қарши самарали чора сифатида тақдим этилган мазкур марказ вақт ўтиши билан жиддий танқидларга дуч келди. Асосий эътирозлар унинг жуда юқори харажатлари ва кутилган натижани бермаётгани билан боғлиқ. Маълумотларга кўра, бу ҳибсхона фаолиятини таъминлаш учун кунига 1 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфланмоқда.
The New York Times нашри ёзишича, ҳозирги музокаралар бошланғич босқичда бўлиб, мутахассислар ушбу лойиҳани иқтисодий жиҳатдан самарасиз деб баҳоламоқда. Шу сабабли уни сақлаб қолишдан кўра ёпиш масаласи жиддий кўриб чиқиляпти.
Қизиғи шундаки, “Alligator Alcatraz” 2025 йил ёзида очилган ва ўзининг жойлашуви билан ҳам катта шов-шувга сабаб бўлган. У аллигаторлар ва заҳарли илонлар яшайдиган ботқоқлик ҳудудида қурилган бўлиб, хавфли муҳит билан ажралиб туради. Илк режаларга кўра, бу марказ келгусидаги шунга ўхшаш муассасалар учун намуна вазифасини ўташи керак эди.
Бироқ бугунги кунда вазият бутунлай ўзгармоқда. Юқори харажатлар, самарадорлик масаласи ва жамоатчилик танқиди сабаб мазкур лойиҳанинг тақдири сўроқ остида қолмоқда. Энди эса унинг ёпилиши ёки фаолияти давом эттирилиши бўйича якуний қарор яқин вақтларда қабул қилиниши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!