“Фарзандингизни ўпаётганингизда, бу болаларнинг оналари ҳақида ҳам ўйланг” — Эрон мурожаати

Фото: Yandex
Халқаро майдонда яна бир таъсирли ва баҳсли баёнот янгради. Эроннинг Арманистондаги дипломатик ваколатхонаси АҚШ расмийсига йўллаган мурожаати билан жамоатчилик эътиборини тортди. Дипломатик миссия хабари Х ижтимоий тармоғида пайдо бўлди.
Гап шундаки, Керолин Левитт яқинда қиз фарзандли бўлгани муносабати билан табрикланган. Эронлик дипломатлар унинг оналик бахтига самимий муносабат билдириб, барча болалар меҳр ва ҳимояга лойиқ эканини таъкидлаган.
Бироқ ушбу табрик ортидан кескин ва ўйлантирувчи мурожаат ҳам келтирилган. Дипломатик ваколатхона ўз баёнотида АҚШ томонидан берилган ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлган болалар тақдирини эслатган. Улар айниқса Минаб ҳудудидаги мактабга қилинган ҳужумни тилга олиб, бу воқеада кўплаб қиз болалар қурбон бўлганини қайд этган.
«Ўз фарзандингизни бағрингизга босганингизда, ўша ҳалок бўлган болаларнинг оналари ҳақида ҳам бир лаҳза ўйлаб кўринг», — дея ёзилган дипломатик миссиянинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Ушбу баёнот нафақат табрик, балки сиёсий ва инсоний мазмундаги мурожаат сифатида баҳоланмоқда. Унда болалар тақдири, тинч аҳоли хавфсизлиги ва ҳарбий ҳаракатларнинг оқибатлари ҳақида жиддий мулоҳазалар илгари сурилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!