21:34 / 06.03.2020
4 269

Коронавирус авиакомпанияларни ҳалокатга етакламоқда. Биринчи «қурбон» бор

Коронавирус авиакомпанияларни ҳалокатга етакламоқда. Биринчи «қурбон» бор
Фото: Getty Images
Бутун дунёдаги авиакомпаниялар коронавирус туфайли йирик инқирозга арафасида - йўловчилар оқими ҳозирданоқ сезиларли даражада пасайган. Аввалги молиявий инқироздан бери эндигина оёққа тура бошлаган саноат сўнгги ўн йилликлардаги энг оғир йилга тайёрланмоқда - бу сафар зарар миқдори кўплаб миллиардларда баҳоланиши мумкин.

Пайшанба куни илк қурбон берилди - Британиянинг Flybe авиакомпанияси. Бу компания анчадан буён банкротлик ёқасида қолаётганди. Коронавирус сўнгги томчи бўлди.

Бошқалар ҳозирча бардош беришмоқда, аммо кундан кунга уларнинг боши узра ҳам қора булутлар тўпланмоқда. Икки ҳафтагина олдин Ҳаво транспорти халқаро ассоциацияси (IATA) вирус эпидемияси туфайли авиакомпаниялар кўрадиган зарар миқдорини 30 млрд долларга баҳолаганди. 5 март кунига келиб эса бу рақамлар икки баробар ўсди - 63 млрд доллар.

Бу ҳам энг камида. Агар вирус тарқалишининг олди олинмаса, йўқотишлар дастлабки прогноздагидан кўра тўрт баробарга ошиши ҳам мумкин - 113 млрд доллар.

«Вазият фавқулодда мураккаб. Воқеалар шундай сценарийда ривожланмоқдаки, бунинг прецеденти (ўзидан кейин содир бўладиган худди шу турдаги воқеаларга ўрнак бўла оладиган воқеа-ҳодиса) йўқ. Қандайдир икки ой ичида бутун дунёда ушбу соҳанинг истиқболлари кескин ёмонлашди», - деган IATA раҳбари Александр де Жуньяк.

Ҳолбуки ўн йиллик ёмон бошланмаганди.

Даҳшатли нолинчи йиллар - АҚШдаги терактлар, SARS атипик пневмонияси авж олиши, лоукостерлар билан нархлар бўйича рақобат ва 2009 йилги молиявий инқироздан кейин 2010-йиллар авиакомпаниялар учун ҳақиқий ренессанс бўлганди. Улар янги йўналишлар кўпайиб, нархлар пасайтирилиши эвазига ўзини ўнглаб олган, бунда бойий бошлаган ўн миллионлаб хитойликлар дунё бўйлаб саёҳатларга отланиши ҳам ўз ҳиссасини қўшганди.

Ўсиш давом этди ва барчаси ортда қолгандек эди. Савдо урушлари, брексит ва бошқа геосиёсий муаммолар туфайли 2019 йилда кутилган натижаларга эришилмаган бўлсада, бу соҳа барибир сердаромадлигича қолган, 2020 йилда ҳам ишлар чаппасига кетишини ҳеч ким кутмаётганди. Балки акскинча.

Янги йил арафасида IATA умидбахш прогноз берди: жаҳон авиацияси даромадлари 4 фоизга ўсиб, 870 млрд доллар ишлаб олиши ва деярли 30 млрд доллар соф даромад кўришини кутаётганди.
Икки ой вақт ўтди, энди гап даромад кўриш ҳақда эмас, балки омон қолиш ҳақида бормоқда.

Биринчи қурбон
Британиянинг Flybe авиакомпанияси ихчамгина Embraer самолётлари орқали ҳудудий аэропортлар орасида парвозларни амалга оширарди, унинг ҳалокати нафақат 2400 ходим ишини йўқотишини англатади, балки бирлашган қиролликдаги алоҳида ҳудудлар иқтисодиётига ҳам зарба бўлади.

REUTERS
Flybe ўтган йилдаёқ муаммолар билан тўқнашганди. Virgin Atlantic авиаташувчиси иштирокидаги консорциум уни сотиб олган ва агар ҳукумат 100 миллион фунт миқдорида дотация ажратса ҳамда солиқ имтиёзлари тақдим этса, уни жонлантиришни ваъда қилганди. Бу эса рақобатчиларга, шу жумладан, British Airways авиакомпаниясига ёқмади ва ҳукумат пул ажратмади.

Эндиликда коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли компания тўла банкрот бўлди, бу авиацияда коронавируснинг илк қурбонидир. Одамлар орасида бўлгани каби, бизнесда ҳам биринчи навбатда энг кучсизлар қурбон бўлмоқда.

Virgin Atlantic ҳозирда Flybe’ни ўйлайдиган аҳволда эмас. Бу компания узоқ йўналишларга ихтисослашган ва Осиё ҳамда АҚШга кўплаб рейслар бекор қилинишидан катта зарар кўрмоқда. Чипталарни олдиндан буюртма қилиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоизга пастлаган ва Virgin Atlantic ўз ходимларини иш ҳақи тўланмайдиган таътилларга жўнатмоқда, компанияга янги ишчилар олиниши тўхтатилган, раҳбарият вакилларининг 4 ойлик маошлари кесилган.

Унинг рақобатчилари ҳам оғир аҳволда қолмоқда.

British Airways, KLM, Lufthansa, United ва бошқа кўплаб халқаро авиаташувчилар йўналишларни қисқартирмоқда ва инвестиция киритишни тўхтатмоқда. «Аэрофлот» кўплаб йўналишларда парвозларни камайтирган, Ҳонгконгга рейслар тўхтатилган.

Лоукостерлар ҳам четда қолаётгани йўқ. Ryanair, EasyJet ва Wizz Air авиакомпаниялари ҳам шу каби чеклов чоралари ҳақида эълон қилган. Россиянинг «Победа» лоукостери Италия шаҳарларига парвозларни сезиларли даражада камайтирган.

Арзон керосин
Агар вирус сайёра бўйлаб шу тахлитда тарқалишда давом этса, авиация соҳаси чуқур инқироз хавфи остида қолади. IATA’нинг қайғули прогнозларида ҳали Covid-19 билан касалланган беморлар кўп эмаслиги туфайли Африка ва Лотин Америкаси ҳисобга олинмаган. Вазият ҳали янада ёмонлашиши мумкин.

Шу билан бирга, авиакомпаниялар учун яхши янгилик ҳам бор. Аввалги инқирозлардан фарқли равишда, улар чипталар нархини туширишга мажбур бўлишмаяпти, йўналишлар қисқартирилиши туфайли кўрилган зарарларни эса харажатларни қисқартириш орқали қоплаш мумкин.

Қолаверса, вирус дунё иқтисодиётига таҳдид солишда давом этмоқда ва бу нефть нархи жиддий даражада пасайишига олиб келмоқда, ўз навбатида керосин нархи ҳам тушмоқда. Аммо кўп авиакомпаниялар тўсқинликсиз харид қилиш учун нархни олдиндан тўлаб қўйишади, шундай экан, инқироз давом этса ҳам улар ёқилғи нархи арзонлашишидан айтарли фойда кўрмасликлари мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коронавирус авиакомпанияларни ҳалокатга етакламоқда. Биринчи «қурбон» бор