08:46 / 16.03.2020
7 178

Дунё ақлдан озяпти

Дунё ақлдан озяпти
Инсоният ажойиб. Қўрқув, ваҳима, ҳаяжон, ғазаб, нафрат ва севги... Шу туйғуларимиз билан биз балки инсонмиз.
Коронавирус балоси келиб, инсонларда қўрқув ва ваҳима ҳисси, айниқса, кучайди.

Австралияда бир аёл дўконда туалет қоғози талашиб, бир эркакнинг қорнига пичоқ суқиб олибди. Лондонда эса сингапурлик талаба хитойликка ўхшагани учун дўппослаб кетилган. Ҳинд океанидаги Реунион ороли аҳолиси эса соҳилга келган круиз кемаси йўловчиларини тошбўрон ва ҳақоратлар билан кутиб олибди.

Албатта, Австралияда туалет қоғозлари етарлича мавжуд. Лондонда эса дўппосланган талабанинг коронавирусга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Реунион соҳилига келган кемадаги йўловчилар орасида ҳам вирусга чалинган ҳеч ким бўлмаган.

Шунга қарамай, вирус ваҳимаси ва қўрқуви одамларни мантиққа зид ишларни ва ҳатто жиноятларни содир этишга ундамоқда.
Демак, одам қўрққанда, ваҳимага берилганда, на тарбия, на маданият уни тўғри йўлга бошлай олади. Қўрқув одамни ақлга сиғмайдиган ишларни қилишга ундайди, ҳатто бир парча қоғоз учун одам ўлдиришгача олиб бориши мумкин экан.

Ўртоқлар, коронавирус ўтиб кетади. Бу даражада ваҳимага берилмайлик.
Вирус юқтирганлар орасида 40 ёшгача бўлганларда ўлим ҳолати 0,2 фоиз, 50 ёшгача бўлганлар орасида 0,4 фоиз. 70 дан 80 ёшгача бўлганлар орасида эса 8 фоиз, 80 дан юқори бўлганларда 21 фоиз экани аниқланган.

Демак, энг хавфли ёш гуруҳи 70 ва ундан юқори бўлганларда. Агар сиз шу ёшдагилар гуруҳига мансуб бўлсангиз, имкон қадар, кўчага камроқ чиқинг. Озиқ-овқатингизни фарзандларингиз олиб келиб берсин. Қариндош-уруғлар, зиёратчиларни ҳам камроқ қабул қилинг. Шу ёшда бўлиб вирусга чалинган тақдирингизда ҳам соғайиб кетиш имкониятингиз 80 фоиздан юқори. Бу жуда катта кўрсаткич!

Ёшингиз 40 дан ошмаган бўлса, Худо кўрсатмасин, вирус юқтирган тақдирингизда ҳам 99,8 фоиз ҳолатда соғайиб кетишингиз шубҳасиз. Математика тилини ўзимизнинг тилга ўгирсак, 100 фоиз тирик қоласиз, десак ҳам бўлади.

Аксарият одамлар коронавирусни ўта енгил формада ўтказиши ҳам маълум. Яъни, оддий тумовга чалинган одамдек қийналасиз, холос. Албатта, бошқаларга юқтирмаслик учун уйда ўтириш ёки карантинда бўлиш муҳим. Айни пайтда касаллик симптомлари — йўтал, иситмага қарши дорилар ичиш тавсия қилинади.

Бу вируснинг зарари шунчалик кам бўлса, давлатлар ва мутахассисларнинг бунчалик қаттиқ чоралар кўриши сабаби нимада? Сабаби шуки, бу ҳозирча бедаво касаллик, вакцина ва даволаш усуллари мавжуд эмас. Шу боис, ўлим ҳолати қанча кам бўлмасин, бедаво ва юқумли касалликка қарши глобал миқёсда ва максимал даражада курашилади. Қоидаси шунақа. Зотан, битта ҳаёт ҳам жуда қадрли. Сақлаб қолинадиган ҳаёт битта бўлса ҳам, бунга эришиш учун қаттиқ курашиш керак.

Хуллас, ўзингизни ва бошқаларни эҳтиёт қилинг, бунинг чораларини кўринг, лекин ақлга зид даражадаги ваҳималарга берилишнинг кераги йўқ.
Саломат бўлайлик.
Беҳзод Мамадиев

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Манба: Sof.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дунё ақлдан озяпти