20:47 / 05.04.2020
2 574

Туркманистонда коронавирус йўқлиги айтилмоқда. Бу қанчалик ишонарли?

Туркманистонда коронавирус йўқлиги айтилмоқда. Бу қанчалик ишонарли?
Фото: Getty Images
Covid-19 тез суръатларда тарқалиши кўплаб мамлакатларни қатъий карантин чоралари жорий этишга мажбурламоқда. Дунёнинг турли бурчакларида жойлашган мамлакатлардан репортажлар фронт чизиғидан муҳим хабарлар сифатида қаралмоқда. Дунё харитасидаги коронавирус қайд этилганини англатувчи қизил доиралар кундан-кунга кенгаймоқда.

Аммо ҳамон бир қанча давлатлар глобал пандемиядан четда қолмоқда. Бундай давлатлар қаторида Туркманистон ҳам бор, бу ерда ҳали ҳам коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаган. Бу мамлакат - дунёдаги энг ёпиқ авторитар давлатлардан бири ҳисобланади, шу туфайли бу мамлакат расмийлари томонидан берилаётган маълумотлар шаффофлигига шубҳа бор.

«Туркманистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий статистикаси ишончли эмаслиги маълум», дейди ушбу мамлакатдаги саломатлик тизимини ўрганган профессор, Лондон гигиена ва тропик тиббиёт мактаби вакили Мартин Макки.

«Кўп йиллар мобайнида улар мамлакатда ОИВ-инфекциясидан зарарланишнинг атиги икки ҳолати мавжудлиги ҳақида айтиб келишади. Лекин бу маълумот мутлақот хато. Ўтган ўн йиллар давомида улар мамлакатда ОИВ/ОИТС билан касалланганлар йўқлигини таъкидлаб келишди. Бу рақам ҳам ҳақиқатга мос келмайди. Биз яна шуни биламизки, 2000-йилларда улар қатор касалликлар авж олишини яширишган, жумладан вабони ҳам», дея ўз шубҳаларини асослайди Макки.

BBC мухбири Абдужалил Абдурасуловнинг қайд этишича, бу ердаги кўпчилик мамлакатда аллақачон коронавирус мавжуд бўлиши мумкинлиги ҳақида айтишга ҳам қўрқади.

«Давлат тузилмасида ишлайдиган танишларимдан бири вирус ҳақида гапирмаслигим кераклиги, акс ҳолда муаммоларга дуч келишим мумкинлиги ҳақида айтганди», дейди ўз номи сир қолишини сўраган ашхободликлардан бири.

Шу билан биргаликда, Туркманистон ҳукумати коронавирус тарқалишига қарши чораларга тайёрлаш бўйича иш олиб бормоқда. БМТнинг Туркманистондаги агентлиги, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотии билан ҳамкорликдаги ҳаракатлар режаси муҳокама қилинмоқда.

Кураш режаси

UNITED NATIONS
Елена Панованинг айтишича, БМТ Туркманистондаги вазият бўйича расмий маълумотларга асосланади

БМТнинг Туркманистондаги вакили Елена Панова BBC билан суҳбатда бу режа коронавирусни аниқлаш, ташхис қўйиш, коммуникация ва бошқа муҳим йўналишларда мувофиқликда ҳаракатланишни кўзда тутади.

Панова мухбирнинг БМТ ушбу мамлакатдаги ҳолат бўйича статистикага қанчалик ишониши ҳақидаги саволига шундай жавоб қайтарган: «Биз бошқа барча мамлакатларда бўлгани каби расмий маълумотга таянамиз. Ҳукумат бизга ва ЖССТга маълумотларни тақдим этади, бу биз шу маълумотларга асосланиб иш юритамиз. Бу ерда ишонч ҳақида гап кетмаяпти, иш шундай йўлга қўйилган».

Елена Панованинг эътибор қаратишича, бу мамлакат барчадан аввалроқ қатновларга қўйган чекловлар самара бераётган бўлиши ва шу вақтгача мамлакатга вирус кириб келмаган бўлиши мумкин.

Туркманистон чиндан ҳам барчадан аввалроқ чегараларини ёпди, Хитой билан авиақатновлар февраль ойи бошидаёқ тўхтатилди, барча хорижий рейсларни амалга ошириш пойтахтдан Туркманобод шаҳрига кўчирилди, бу ерда карантин ҳудуди ташкил этилган.

Аммо гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳамма ҳам карантин ўтамаяпти. Ашхободда яшовчиларнинг сўзларига кўра, четдан келаётганлар Туркманободдаги карантин ҳудудларини пора бериб тарк этиши мумкин.

Панованинг тасдиқлашича, хориждан келувчилар ва касаллик аломатлари борлар коронавирусни аниқлаш учун тест қилинади. Аммо у мамлакатда бир кунда қанча тест ўтказилиши ва бу ерда қанча тест тўпламлари мавжудлиги тўғрисидаги саволга жавоб беришга қийналган.

«Расмийлар бизга етарлича тест жиҳозлари борлигини айтишади», дейди у.

Аммо соғлиқни сақлаш тизими қанчалик тайёр?
«Биз билмаймиз. Ҳукумат бизга улар маълум даражада тайёр эканликларини айтишади, биз эса бунга шубҳа билдирмаймиз. Бу ердаги шифохоналар яхши жиҳозланган.

Аммо вирус тарқалиши авж олса соғлиқни сақлаш тизимига кучли босимга учрайди, бу ҳолда қанчалар тайёр бўлиш муҳим эмас, ҳар қандай тайёргарлик етарли бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун биз ҳукумат вакилларига шифохоналарни сунъий нафас олдириш аппаратлари билан жиҳозлаш зарурати ҳақида айтмоқдамиз», дейди Панова.

Ашхободда дўконлар ишлашда давом этмоқда
Дунёдаги кўплаб давлатларда қатъий карантин туфайли ҳаёт тўхтаб қолган маҳалда, Туркманистон ҳукумати мамлакатда ҳаёт ўз изида давом этаётганини ва ўзгаришлар йўқлигини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Кафе ва ресторанлар очиқ. Одамлар тўй қилишда ва хурсандчилик қилишда давом этмоқда. Ҳеч ким ниқоб тақмаяпти ва байрамлар бекор қилинмаяпти.

Шундай тасаввур пайдо бўладики, ҳукумат фуқароларнинг эътиборини пандемиядан чалғитмоқчи. Бу ерда Covid-19 тарқалиши ҳақида гап кетганида, уни коронавирус деб эмас, ўткир респиратор касаллик сифатида аташади. Бу сўз тақиқда бўлмасада, уни амалда тилга олишмайди.

Масалан, 27 март куни мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилгани тўғрисида Ўзбекистон президенти матбуот хизмати томонидан берилган хабарда «икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, жумладан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича икки мамлакатда кўрилаётган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар муҳокама қилингани» айтилади. Аммо Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида ва маҳаллий нашрларда бу жумла келтирилмаган.

«Биз Covid-19 инфекцияси Хитойдан дунёнинг бошқа мамлакатларига қандай тарқалганини кўриб турибмиз. Биз яшаётган бу глобал иқтисодиёт дунёсида ҳар қандай давлат дунёдаги энг заиф давлатдан кўра хавфсизроқ эмас. Шунинг учун пандемияни жиддий қабул қилмаётган сиёсатчилар кўп хавотирларга сабаб бўлмоқда… чунки бошқа давлатлар эпидемияни назоратга олса ҳам, буни уддалай олмаган давлатлар туфайли инфекция тарқалиши давом этиши мумкин. Туркманистон эса шундай давлатлардан бири бўлиши эҳтимоли юқори», дейди профессор Макки.

Аммо жаҳондаги энг ёпиқ давлатлардан бири бўлмиш Туркманистон пандемия ваҳимасидан четда қола олмайди. Ҳукумат айни вақтда шаҳарлар аро ҳаракатни чеклаган. Ашхободга киришда полиция постлари ўрнатилган, бу ерларда кириб келувчиларнинг тана ҳарорати ўлчанади ва оилавий шифокордан маълумотнома сўралади.

Президент исириқ тутуни қатор инфекцияли касалликларнинг олдини олиш ҳақида айтганидан кейин кўплар дўконларда ва офисларда исириқ тутата бошлади. «Қаерга кирмай, ҳамма жойда шу ҳид, энди исириқ нархи аввалгидан уч баробар ошиб кетди», дейди Ашхободда яшовчилардан бири.

Туркманистонда ҳар қандай ижтимоий муаммо режим асосларига зарба бериши мумкин. Коронавирус авж олиши эса «қудрат ва бахтиёрлик даври»га ҳар қандай мухолиф кучлардан кўра каттароқ таҳдиддир.

Бу пандемия «соғлиқ ва бахт» шиори остида ўтказиб келинаётган барча тадбирлар, эрталабки бадантарбия ва сигаретни намойишкорона ёқиш каби акциялар аслида аҳолининг ҳақиқий муаммоларини яшириш эканини кўрсатиб қўйиши мумкин.

Саломатлик – президент Гурбангули Бердимуҳамедов шахсиятига сиғиниш культи асосларидан биридир. Давлат телевидениеси доимий равишда у спортзалда вазирлари қаршисида қандай бадантарбия қилаётгани ёки велопойгага бошчилик қилаётганини намойиш этади. Бундай роликлардан асосий мақсад - миллат президент туфайли соғломлиги, демакки, бахтиёрлигини кўрсатишдир.

Айнан шунинг учун коронавирус пайдо бўлса ҳам ҳукумат вакиллари зарарланиш ҳолатларини яширишга уриниши эҳтимоли юқори бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркманистонда коронавирус йўқлиги айтилмоқда. Бу қанчалик ишонарли?