
Туркиянинг ғарбий қисмида жойлашган Маниса вилоятида атир ва косметика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик корхонада кучли портлаш рўй берди. Ҳодиса оқибатида дастлабки маълумотларга кўра, камида олти киши ҳалок бўлган.
Sabah нашри маълумотларига кўра, портлашдан сўнг корхона ҳудудида кучли ёнғин келиб чиққан. Айнан иш вақтида содир бўлган бу фожеа натижасида бинодаги қатор цехлар бутунлай вайрон бўлган. Ҳокимият ва қутқарув хизмати маълум қилишича, ёнғинни ўчириш жараёни давомида ҳалок бўлган ишчиларнинг жасадлари топилган.
Фавқулодда вазиятлар хизмати ва полиция ходимлари ҳозир ҳам воқеа жойида иш олиб бормоқда. Қидирув-қутқарув ишлари кучайтирилган ҳолда давом эттирилаётган бўлиб, йирик ҳудуд хавфсизлик мақсадида тўлиқ ёпилган.
Портлаш оқибатида атрофдаги уйлар ва ишлаб чиқариш иншоотларига ҳам зарар етгани айтилмоқда. Ҳозирча зарар миқдори ва портлашнинг аниқ сабаблари аниқланмаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, фожеа ишлаб чиқариш жараёнида юз берган кимёвий реакция ёки завод ускуналаридаги техник носозлик сабабли содир бўлган бўлиши мумкин.
Ҳодиса Туркия жамоатчилигида катта ташвиш уйғотди. Маниса ҳокимлиги ҳалок бўлганлар оилаларига чуқур ҳамдардлик билдириб, суриштирув якунигача завод фаолияти вақтинча тўхтатилганини маълум қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!