date

Трамп: C5+1 саммити АҚШ ва Марказий Осиё муносабатларида янги даврни бошлади

Трамп: C5+1 саммити АҚШ ва Марказий Осиё муносабатларида янги даврни бошлади

АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда ўтказилган C5+1 форматидаги юқори даражадаги саммитни “АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ажойиб янги муносабатларнинг бошланиши” деб атади. Бу ҳақда у Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида баёнот берди.

Президентнинг сўзларига кўра, саммитда Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Туркманистон етакчиси Сердар Бердимуҳамедов иштирок этган. Трамп уларни “Марказий Осиёнинг янги авлоди етакчилари” деб таърифлади ва улар билан Оқ уйда учрашиш шарафига муяссар бўлганини таъкидлади.

“Сўнгги ўттиз йил давомида Америка раҳбарлари ушбу минтақани етарлича эътиборда ушламаган. Аммо энди вазият ўзгармоқда. Европа, Осиё ва Яқин Шарқнинг чорраҳасида жойлашган, бой минерал захиралар, энергия манбалари ва истеъдодли инсон капиталига эга бўлган бу минтақада АҚШ ўзининг муҳим ва ишончли ҳамкорини топди”, — деб ёзди Доналд Трамп.

Саммит доирасида АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари авиация, қишлоқ хўжалиги, темир йўл, автомобилсозлик, IT ва муҳим минераллар соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамловчи кўп миллиард долларлик тижорат шартномаларини имзолаган. Трампнинг таъкидлашича, бу келишувлар нафақат минтақада, балки АҚШнинг ўзида ҳам ўн минглаб янги иш ўринларини яратиш имконини беради.

Америка раҳбари ўз баёнотида мазкур саммит Марказий Осиё билан муносабатларда янги геосиёсий босқични бошлаганини қайд этди. Унинг фикрича, эндиликда минтақа мамлакатлари халқаро савдо, инвестиция ва хавфсизлик соҳасида АҚШ билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали янги имкониятлар эшигини очади.

Оқ уй манбалари ҳам саммитни “C5+1 форматидаги энг самарали мулоқотлардан бири” сифатида баҳолаб, келишувлар амалга ошиши Марказий Осиёда иқтисодий барқарорлик ва инфратузилмавий ривожланишга туртки бўлишини таъкидлади.

Таҳлилчилар фикрича, бу саммит нафақат иқтисодий, балки сиёсий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамият касб этди — у Вашингтоннинг Марказий Осиёга нисбатан янги стратегиясини бошлаб берди. Трампнинг баёноти ҳам бу фикрни тасдиқламоқда: “Америка энди бу минтақадаги ҳамкорликни фақат сиёсий эмас, балки иқтисодий ривожланишнинг асосий двигатели сифатида кўради”, — дейди у.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп: C5+1 саммити АҚШ ва Марказий Осиё муносабатларида янги даврни бошлади