
Фото: EPA/Vostock-photo
Кўпчилик ёшларда коронавирус билан касалланиш хавфи камроқ, аммо улар ўзи билмаган ҳолда вирус тарқатувчига айланиб қолиши мумкин деб ўйлайди. Чиндан ҳам шундайми?
Коронавирус пандемияси бутун дунё тиббиёт тизими учун ҳақиқий синовга айланди. Аксарият мамлакатлар карантинда. Жанубий Корея, Янги Зеландия ва Германия каби давлатларнинг пандемияни тез ва муваффақиятли бартараф этаётгани эътирофга муносиб.
Ҳарвард олимлари ўтказган баҳсли тадқиқот
Коронавирус тарқалишининг ўзгача сценарийси мавжуд бўлган Германияда ёки масалан, Италияда коронавирусга чалинганларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил этади. Шу муносабат билан турли тадқиқотчилар ёшларнинг коронавирус тарқалишига қандай таъсир кўрсатганининг ўзига хос томонларига эътибор қаратиб, уни таҳлил қилишга ҳаракат қилишди.
Германияда пандемия пайтида аҳоли томонидан уйдан чиқмаслик қоидасига тартиб билан риоя қилинганига бағишланган тадқиқот эътиборни жалб қилди. Тадқиқотни Ҳарвард университетининг икки олими ўтказган. Уларнинг хулосасига кўра, пандемия даврида жисмоний ва ижтимоий алоқаларни чеклайдиган қоидаларга риоя қилмайдиган ёшлар коронавирусини кўпроқ юқтирмоқда. Олимларнинг аниқлашича, 15-34 ёшлилар орасида коронавирус билан касалланиш хавфи юқори.
Тадқиқот натижаларига кўра, Германиядаги кўплаб ёшлар карантинга зид тарзда хиёбонларда вақт ўтказишда давом этган. Бир гуруҳ ёшлар ҳатто коронавирусга қарши кураш доирасида ҳукумат томонидан жорий этилган чекловларга қарши норозилик намойиши ўтказади.
Газеталар «20-24 ёшлилар коронавируснинг Германияда тарқалишига сабаб бўлмоқда» мазмунидаги сарлавҳалар остида Ҳарвард олимлари ўтказган тадқиқотлар ҳақида хабар беришди. Рақамларга қаралса, бу хулосалар қанчалик тўғри?
Ҳарвард эпидемиологлари ҳисоботларида Роберт Кох институти томонидан мартнинг охири, апрелнинг бошларида ўтказилган тадқиқотлардан фойдаланган. Улар 15-34 ёшлиларда коронавирусни юқтириш хавфи юқори, 20-24 ёшлилар орасида эса энг юқори кўрсаткичда бўлади, деган хулосага келишган.
Олимлар шунга ўхшаш натижаларни Жанубий Кореяда қайд этишмоқда, бу ерда коронавирус юқтирганларнинг катта қисмини 20-29 ёшлилар ташкил этган.
Ёшларни нимада айблашмоқда?
Коронавируснинг кенг тарқалишда ёшларга нисбатан илгари сурилаётган энг асосий айбловлардан бири бу уларнинг оралиқ масофа хавфсизлигига риоя қилмасликларидир.
Олимлар ўз хулосаларида айнан 15 ёшдан 34 ёшгача бўлганлар кўпчилик билан мулоқотда бўладиган жойлар – меҳмонхоналар, ресторанлар, турли дўконларда ишлашини инобатга олмаган. Аммо одамлар кўп ташриф буюрадиган бундай масканлар карантин пайтида ёпиқ эди.
Ҳарвард тадқиқотчиларининг хулосаларига кўра, ўрта ёшлилар коронавирусга кўпроқ карантин чекловлари жорий этилишидан олдин чалинган ва бошқаларга ҳам юқтирган. Яъни, уларнинг ижтимоий фаол объектларда ишлаши вирус юқтириш хавфини ошириши барибир ҳақиқатга яқин. Карантин чекловлари жорий этилишидан аввал ёшлар ишда бўлган пайтида коронавирусни осонгина ўзига юқтириб, сўнг уни бошқаларга тарқатган бўлиши эҳтимоли юқори.
Хулосада ёшларнинг вирусни тарқатишига уларнинг жамоат транспортларидан кўпроқ фойдаланиши ҳам инобатга олинмаган. Ёшларнинг аксариятида шахсий транспорт воситаси бўлмагани учун улар асосан жамоат транспортларидан фойдаланади. Жамоат транспортларида эса вирус тарқалиш хавфи юқори.
Тўғри, ишхоналар ва жамоат транспорти вирус тарқалиши учун қулай жой, аммо Германияда коронавирус ёшлар орасида тез тарқалишига яна бошқа омиллар ҳам сабаб бўлган. Масалан, кўплаб ёшлар Австрия тоғ-чанғи курортларида дам олиб қайтгач, уларнинг баъзилари вирус тарқатувчи манбага айланишган. Бундан ташқари, кўпчилик ёшлар мамлакат бўйлаб ўтказилган анъанавий карнавал тадбирларида қатнашиб, вирус юқтирган ва тарқатган.
Коронавирус билан касалланганлар сони ҳисобга олинганлардан кўп бўлганми?
Коронавирусга чалинганлар сони рўйхатга олинганидан кўп деган гапларни кўп эшитяпмиз. Бу ҳақда Ҳарвард олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижаси билан бир кунда чоп этилган яна бир тадқиқотда батафсил тўхталиб ўтилган.
Бу тадқиқот Германияда коронавирус эпидемиясининг марказига айланган Ҳайнсберг округидаги вазият бўйича ўтказилган синов тестларидан сўнг ўтказилган. Германиянинг ғарбий қисмида жойлашган ушбу шаҳарчанинг 9 минг аҳолиси коронавирус учун тестдан ўтди. Натижалар эса ҳайратланарли бўлди. Уларга кўра, округда вирусни юқтирганларнинг 20 фоизида коронавирус ҳеч қандай аломатларсиз кечган. Шу сабабли вирус юқтирган одамлар ўзида коронавирус борлигини сезмаган ва бемалол юраверган. Оқибатда улар касаллик тарқатувчи манбага айланиб қолишган.
Тадқиқотда Ҳайнсбергда ўтказилган синов натижаларидан келиб чиқиб бутун Германияда 1,8 миллион нафар одам коронавирусни юқтирган бўлиши мумкин деган тахминий хулоса берилган. Бу кўрсаткич Роберт Кох институти тақдим этган расмий маълумотларга қараганда 10 баравар юқори.
Қандай тадқиқотларга ишониш мумкин?
Сўнгги пайтларда илм аҳли коронавирус билан боғлиқ кўплаб суриштирувлар ўтказди. Аммо уларнинг аксарияти расмий равишда тан олинмаган ва эълон қилинмаган. Шу туфайли улар мустақил экспертларнинг баҳосини олмаган. Ҳарвард олимлари томонидан олиб борилган изланишларни аксарият олимлар «rapid communicaton» деб таснифлайди. Бу ибора турли кечиктириб бўлмайдиган долзарб мавзуларга тегишли тадқиқотларни илмий нашрларда тез эълон қилиш жараёнини кўрсатиш учун ишлатилади. Ҳайнсбергдаги тадқиқотга келсак, у ҳам ҳали мустақил экспертлар томонидан баҳоланмаган.
Ёшлар ижтимоий тармоқларда пандемия пайтида пикникларга чиққани ёки қандайдир намойишларда қатнашгани ҳақидаги чақириқли сарлавҳалар ва ёрқин фотосуратларни улашганига қарамай, улар бошқа ёшдаги одамларга қараганда карантин қоидаларини кўпроқ бузиши илмий жиҳатдан исботланмаган. Аммо 35 ёшгача бўлган одамларга пандемиянинг иқтисодий ва психологик оқибатлари кучли таъсир қилиши ҳақида кўплаб далиллар мавжуд.
Айнан шу ёшдагилар ота-онаси, бобо ва бувиси каби фаровонликка эга эмас. Бунга сабаб ёшлар ўзи ишлаб пул топиши керак, кексалар эса пенсияси билан бемалол яшаши мумкин. Пандемия ортидан эълон қилинган карантин қоидалари туфайли иш топиш осон эмас. Бунинг ортидан турғунлик, ишсизлик ўсиб боряпти ҳамда асосий зарба ёшлар ва ўрта ёшли кишиларга тушмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар