18:23 / 10.08.2020
3 892

Ливандаги портлашни махсус хизматлар уюштирдими?

Ливандаги портлашни махсус хизматлар уюштирдими?
Ливан армияси расмийларининг таъкидлашича, Байрутдаги фожиа йиллар давомида божхона мусодара қилган портловчи моддалар сақланган қисмида содир бўлган. Бу портлаш ўз-ўзидан содир бўлдими ёки террористик ҳужумми, ҳанузгача номаълум. Ҳозир содир бўлган воқеа юзасидан бир нечта фаразлар мавжуд. Портлашнинг уюштирилганлигига бир неча шу соҳа мутахассислари ва давлат раҳбарларининг тахминлари сабаб бўлди.

– Портлашнинг "тулки думи" деб номланадиган қизил гумбази нитрат куйганда азот диоксиди ажралиб чиқади, шунинг учун қизғиш ранг пайдо бўлади, – деб фикрини билдиради ҳарбий эксперт ва БМТнинг биологик ва кимёвий қуролсизланиш бўйича комиссиясининг собиқ аъзоси Игор Никулин. – "Асосий айбдор" бу селитрадир. Натрий нитрат асосан ўғит сифатида ишлатилади, аммо у қора порохнинг таркибий қисми. Бироқ, у ўз-ўзидан, портлаб кетиши мумкин эмас. Эҳтимол, ҳодиса портлаш мосламаси томонидан қўзғатилган бўлиши мумкин, шундан сўнг биз кўрган барча эффектлари бўлган улкан ёнғин бошланди.

Портлашлар собиқ бош вазир Саъд Ҳаририйни йўқ қилишга уриниш бўлиши мумкин. Иккинчи портлаш унинг уйи яқинида юз берган, сиёсатчининг ўзи ҳам жабрланмаган. 7 август куни 2000-2004 йилларда Ливаннинг собиқ бош вазири бўлган унинг отаси Рафиқ Ҳаририйнинг ўлдирилиши бўйича суд жараёни бўлиб ўтиши лозим эди. Сиёсатчи 2005 йилда теракт натижасида вафот этган.

Сурияга қарши позицияда бўлган Рафиқ Ҳаририйнинг ўлдирилишида дарҳол Сурияни айблашди. Ливанда 90-йилларгача давом этган фуқаролар уруши бошланганда Дамашқ 1976 йилда Ливанга ўз қўшинларини юборган эди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1559-сонли резолюциясида Сурияга Ливандан ҳарбий кучларини олиб чиқиш буюрилган, аммо Сурия бу қарорни узоқ вақт давомида бажаришдан бош тортган. Ҳаририйнинг ўлдирилиши ва халқаро босим, хусусан Қўшма Штатлар томонидан Дамашқни санкциялар билан қўрқитгани Сурияни ўз қўшинларини олиб чиқишга мажбур қилган эди.

Яна бир тахмин. Портлашлардан сўнг дарҳол «Ҳизбуллоҳ»га қарши айбловлар эълон қилинди - бу Ливанда Саудия тараф сиёсатини олиб борган собиқ бош вазир Саъд Ҳаририйнинг йўқ қилинишидан фойда олиши мумкин. Бироқ, ташкилот вакиллари ушбу версияни OTV каналида рад этишди.

Сиёсатшунос Роланд Бижамов портлашлар айбни «Ҳизбуллоҳ»га ағдариш учун учун атайлаб содир этилган бўлиши мумкин, деган фикрда. Эронпараст гуруҳнинг айбдор қилишга ички ва Саудия Арабистони, АҚШ ва Исроил каби ташқи ўйинчилар қизиқиш билдирмоқда.
Ўтган йилнинг кузида Байрут ва Триполидаги минглаб норозилик намойишларидан сўнг Бош вазир Саъд Ҳаририй истеъфога чиқди ва январ ойида парламент бу лавозимга бошқа номзод Ҳасан Диабни тасдиқлади. Бироқ, янги тайинланиш норозилик кайфиятига барҳам бермади – апрел ойининг ўрталарида пандемия кучсизлангандан сўнг, Ливан Халқаро Валюта Жамғармаси ҳомийлигида ўтказилган иқтисодий ислоҳотларга қарши яна кўчаларга чиқди.

Саудия Арабистонининг Ал-Ҳадас телеканалига кўра, Исроил ҳаво кучлари Байрут портидаги ҳарбий базаларга ҳужум қилган. Портдаги омборлар Эрон қуролларини сақлаш ёки ташиш учун ишлатилган бўлиши мумкин. Исроил бир неча бор Эроннинг Суриядаги, шу жумладан Дамашқ аэропортидаги ҳарбий базаларига зарба берган.

Исроил ҳарбий эксперти Яков Кедми Исроилнинг Байрут портига ракета ҳужумини уюштиришига ҳеч қандай асос йўқлигини айтди: “бунинг учун аниқ сабаблар бўлиши лозим ва тинч савдо портини портлатиш ҳеч қандай фойда келтирмайди”, деган мутахассис.

– Юқори даражадаги эҳтимоллик билан, бу Ливаннинг ички жанжаллари, улар Исроил учун қизиқ эмас. Байрут портидаги омборлар, агар улар Эрондан қурол-аслаҳа етказиб бериш билан боғлиқ бўлса, хавфли бўлиши мумкин. Аммо бу ҳолда ҳам, ҳеч ким уларни йўқ қилиш учун бундай усулларга мурожаат қилмайди, – дея таъкидлаган эксперт.

Бироқ экспертнинг фикри Исроил давлат бошлиқларининг қарори билан мос келмаслиги мумкин ва портдаги портлашда яҳудийларнинг ҳам қўли бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Чунки Ливан ва Исроил ўртасидаги муносабатлар сўнгги бир ой ичида анча таранглашди. Июл охирида «Ҳизбуллоҳ» ЦАХАЛ (Исроил мудофаа кучлари) жипини портлатишга уринган эди. Бундан сал олдинроқ Исроил разведка хизматлари «Ҳизбуллоҳ» ходимига ҳужум қилган эди.

“Ал-Манар” телеканали эфирида “Ҳизбуллоҳ” ташкилоти раҳбари Ҳасан Насруллоҳ Байрут портидаги портлашни "катта фожиа" деб атаган ва “Ҳизбуллоҳ” ўз қуролларини Байрут портида сақламаганини айтган.

– Биз “Ҳизбуллоҳ Байрут портини бошқаради”, деган миш-мишларни рад этамиз. Биз Хайфа портини бундан кўра анча яхши биламиз, – деган эди Насруллоҳ.

Шарқшунос Ксения Светлова ўз телеграм каналида порт «Ҳизбуллоҳ» қуроллари омбори бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Бир йил олдин, экспертнинг сўзларига кўра, гуруҳ Байрут аэропорти ҳудудида ўз қурол омборини яратишга ҳаракат қилган.

Ливан президенти Мишел Наим Аун Байрут портида сешанба куни содир бўлган кучли портлаш сабаби ҳали аниқланмаганлигини айтди.
"Ташқи кучларнинг иштироки, ракета ёки бомба ишлатилиши ҳам истисно қилинмайди", деган Ливан президенти.

Ливан ҳукумати "ташқи ҳужум уюштирилганми ёки портда ёнғин бўлганми" ёки йўқлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Бунгача фожиа ортида махсус хизматлар турган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумот Доналд Трамп томонидан эълон қилинган эди. Оқ уйдаги брифингда АҚШнинг таниқли президенти қуйидагиларни айтди:

– Мен бизнинг генералларимиз билан учрашдим. Улар бу ҳужум деб ўйлашяпти. Ҳа, бу қандайдир саноат портлаши эмас, қандайдир бомба эди, – деди Трамп.
Ҳарбий эксперт Алексей Леонков, минерал ўғит сифатида маълум бўлган аммиак селитраси, агар у бунинг учун тайёрлансагина, портлатувчи мосламага айланишини айтади.

– Бундай аралашма, масалан, порох каби маълум портловчи моддада бўлади. Аммо, албатта, бу ҳолда маълум ишлов бериш орқали амалга оширилади. Оддий аммиак селитрасини портловчи ҳолга келтириш учун бир қатор ҳаракатлар қилиш керак, кимёвий катализатор ва детонатор керак, дейди мутахассис. "Аммиакли селитранинг ўзи хавфли эмас", – дея қўшимча қилди Леонков. – Аммо билимдон одамларнинг маҳоратли қўлларида бу ўта хавфли моддага айланади. Махсус хизмат вакиллари ва баъзи террористик ташкилотлар вакиллари буни жуда яхши билишади.

Бироқ, ҳамма мутахассислар ҳам аммиак селитраси портлади деган фикрга қўшилмайдилар. Хусусан, АҚШ ҳукуматининг алкогол, тамаки, ўқотар қурол ва портловчи моддалар (АТҒ) агентлигининг истеъфодаги тадқиқотчиси Энтони Майнинг фикрича, портлашдан кейин пайдо бўлган булут ранги бошқа бирикмаларга ишора қилади. Яқин Шарқда катта тажрибага эга бўлган Марказий разведка бошқармасининг собиқ агенти Роберт Бар "бу тўқ сариқ (олов) шар потенциал ҳарбий даражадаги портловчи моддаларни кўрсатади" деган.

Ёқуб Умар тайёрлади

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ливандаги портлашни махсус хизматлар уюштирдими?