date

Эронда 710 минг йиллик “уйқудаги” вулқон қайта фаоллашди

Эронда 710 минг йиллик “уйқудаги” вулқон қайта фаоллашди

Эронда илгари сўнган деб ҳисобланган вулқон қайтадан фаоллик аломатларини кўрсата бошлади. Бу ҳақдаги сенсацион тадқиқот жорий йилнинг 7 октябрь куни “Advancing Earth and Space Sciences” илмий журналида чоп этилди.

Мутахассисларнинг маълумот беришича, мамлакатнинг жануби-шарқида жойлашган Тафтан номли вулқон 710 минг йил давомида ҳаракатсиз деб ҳисобланган эди. Бироқ янги тадқиқот натижалари унда янги фаоллик босқичи бошланганини кўрсатмоқда.

Олимлар махсус спутник кузатувлари ёрдамида вулқон чўққисининг 2023 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда атиги 10 ой ичида тахминан 3,5 дюйм (яъни қарийб 9 сантиметр) кўтарилганини аниқлашган. Бу кўтарилиш ер остидаги босим ва магманинг ҳаракати кучайганидан дарак беради.

Маълумотларга кўра, Тафтан вулқонининг қайта фаоллашиши унинг тубида иссиқ суюқ моддалар ва газлар тўпланиши ёки магманинг ер юзасига яқинлашиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. 2024 йил давомида маҳаллий аҳоли вулқон атрофида тутун ва кул чиқиндиларини ҳам кузатган, бу эса илгари ҳаракатсиз деб ҳисобланган вулқонда ҳаёт қайта жонланаётганидан далолат бермоқда.

Тадқиқотнинг етакчи муаллифи, вулқонолог Пабло Гонсалес таъкидлаганидек, Тафтанни сўнган эмас, балки “ҳаракатсиз” ҳолатдаги вулқон деб баҳолаш тўғрироқ бўлади. Унинг сўзларига кўра, ерости босими ҳозир ҳам ўсишда давом этмоқда ва бу келгусида кучсиздан сезиларли даражадаги энергия чиқишига сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Гонсалеснинг гуруҳи ҳисоб-китобларига кўра, вулқоннинг тешиклари орқали кунига тахминан 20 тонна газ — олтингугурт диоксиди, сув буғи, водород сулфиди ва фторид водороди чиқмоқда. Бу кўрсаткич Тафтан ҳануз фаол жараёнлар марказида эканини кўрсатади.

Тафтан вулқони денгиз сатҳидан тахминан 4000 метр баландликда жойлашган бўлиб, у Покистон билан чегарадош Систон ва Балужистон вилояти ҳудудида жойлашган. Энг яқин йирик шаҳар — Заҳедан, вулқондан 160 километр узоқликда жойлашган.

Шу билан бирга, олимлар аҳолини ортиқча хавотирга тушмасликка чақирмоқда. “Ҳозирча ҳеч қандай портлаш ёки катта энергия чиқиши аломатлари кузатилмаяпти. Бироқ Эрон расмий хабарлари Тафтан фаолиятини доимий равишда кузатиб бориши лозим”, — деган Пабло Гонсалес.

Эслатиб ўтамиз, шу йил бошларида Индонезияда фаол вулқон отилиб, оролдаги авиақатновлар тўхтатилишига сабаб бўлган эди. Мутахассислар фикрича, Ердаги геологик жараёнлар фаоллашиб бораётгани глобал иқлимга ҳам маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эронда 710 минг йиллик “уйқудаги” вулқон қайта фаоллашди