09:30 / 06.09.2020
1 769

Коронавирус парадокси: Африкада ўлим даражасининг пастлиги қашшоқлик билан боғлиқми?

Коронавирус парадокси: Африкада ўлим даражасининг пастлиги қашшоқлик билан боғлиқми?
Фото: AFP
Африкада коронавирус эпидемияси шароитида ажабланарли даражада кам сонли ҳолат ва ўлимлар қайд этилмоқда. Қизиқ, қашшоқлик ва гавжум шароитда яшаш билан бу ҳолат ўртасида боғлиқлик бўлиши мумкинми?

Ажабтовур гипотеза илгари сурилмоқда
Жанубий Африкада коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар сони тезлик билан пасайгани ва қитъа миқёсида ҳам кўрсаткичларнинг паст даражаси кузатилаётгани сабабли мутахассислар ажабтовур гипотезани илгари сура бошлашди.

Гавжум шаҳарлари, ёмон гигиена шароитлари, кўплаб оила аъзоларининг бир жойда яшаши туфайли ижтимоий масофа қоидаларига риоя қилишнинг имконсизлиги…

Мутахассислар ушбу ҳолат Африкада коронавируснинг тез тарқалишига сабаб бўлиши ҳақида бир неча ойдан бери огоҳлантириб келишмоқда.
«Аҳолининг зичлиги жуда муҳим омил. Агар сиз ижтимоий масофани сақлай олмасангиз, вирус осон тарқалади», дейди Жанубий Африка Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Covid-19 кенгаши раҳбари, профессор Салим Абдул Карим.

Хўш, бунинг акси тўғри бўлиб чиқса-чи? Ушбу ҳолат бир неча ойдан буён боши қотган мутахассисларга жумбоқнинг ҳайратомуз ечимини таклиф қилса-чи? Яъни қашшоқлик Covid-19’дан ҳимоя қилса-чи?

«Бу бир сир»
Эпидемиянинг дастлабки босқичларида соҳа билан боғлиқ барча мутахассислар ва статистик моделлар Африканинг жиддий муаммоларга дуч келиши мумкинлиги масаласида ҳамфикр эди.

Жанубий Африканинг энг машҳур вирусологи профессор Шабир Мадҳи ўшанда «Биз фалокат жари томон судраляпмиз», деганди.
Ҳатто энг оптимистик башоратлар ҳам мамлакат шифохоналари ва қитъанинг энг илғор соғлиқни сақлаш тизими тезлик билан қулашини ифода этарди.

Ҳолбуки, эпидемиянинг биринчи тўлқинида Жанубий Африкада Буюк Британиядаги ўлим кўрсаткичидан 7 баравар паст кўрсаткич қайд этилди.

Бу ерда ўлимни қайд этиш билан боғлиқ муаммо бўлган, деб ўйлаган тақдиримизда ҳам, Жанубий Африкада ва қитъадаги бошқа мамлакатларнинг шифохоналари бўш қолди. Бундан ташқари, дунёнинг бошқа мамлакатларидан фарқли ўлароқ, коронавирус жадвалларида кескин кўтарилиш ва пасайиш ҳолатлари кузатилмади.

«Африканинг аксарият мамлакатларида юқори чўққиларни кўрмаяпмиз. Бунинг сабабини эса тушуна олмаяпман», дейди профессор Абдул Карим.
Профессор Мадҳи ҳам ҳайратда: «Бу бир сир, бу ақл бовар қилмайдиган ҳолат».

GETTY IMAGES
Мутахассислар бугунги кунга қадар Африкада эпидемияларнинг паст кўрсаткичи ёш аҳоли омили билан боғлиқ деб таъкидлаб келишарди. Чунки қитъадаги ўртача ёш Европа кўрсаткичининг ярмига тенг.

80 ёшдаги африкаликлар сони жуда озлиги ҳам вируснинг салбий оқибатларидан таъсирланиш эҳтимолини камайтирмоқда.
Тони Блэр глобал ўзгаришлар институтининг минтақавий вакили Тим Бромфилд бу ҳолатни шундай изоҳлади: «Ёш энг катта хавф омилидир. Африканинг ёш аҳолиси бундан ҳимояланган».

Бироқ эпидемия чўзилиб боргани сари статистик маълумотлар кўпаймоқда ва эндиликда мутахассислар Африкадаги вазиятни фақат ёш аҳоли билан изоҳлашдан тийилишмоқда.

Профессор Каримнинг сўзларига кўра, ёш унчалик катта омил эмас.

Жанубий Африка ва бошқа кўплаб мамлакатларда эпидемияга қарши дастлаб кескин чоралар кўрилгани муҳим рол ўйнади. Ниқоб ва кислород билан таъминлаш масаласи жамоатчиликка тўғри етказилгани ҳам катта аҳамият касб этди.

Баъзилар айтиб ўтган юксаклик ва иссиқ иқлим таъсири унчалик кўзга ташланмади.

Баъзи экспертлар эса қитъанинг катталиги ва транспорт алоқаларининг ривожланмаганини вақтни тежайдиган омиллар сифатида баҳоламоқда ва келгуси ойларда эпидемия кучайишини тахмин қилишмоқда.

«Мен Африка энг ёмон даврни ортда қолдирди, деб айта олмайман. Аммо бир кун эпидемия бу ерда даҳшатли даражада тарқалишига ҳам амин эмасман», деди профессор Карим.


Қандай эҳтимоллар кўриб чиқилмоқда?
Жанубий Африканинг Совето шаҳридаги касалхонада вакцина ва юқумли касалликларни таҳлил қилиш бўлими тадқиқотчилари қитъадаги пандемик жумбоқнинг гриппни келтириб чиқарадиган бошқа коронавируслар билан алоқадорлигини текширмоқдалар.

Бунинг учун улар Йоханнесбургда -180 даражада сақланган беш йиллик қон намуналарини текширишга қарор қилишди.

GETTY IMAGES
Улар «Гриппни келтириб чиқарадиган коронавирус турларининг аҳоли орасида тез тарқалиши орқали Covid-19’га қарши иммунитетга эга бўлиш мумкинми?» деган саволга жавоб изламоқдалар.

«Бу бир гипотеза. Ўтмишдан мерос иммунитетнинг маълум даражаси эпидемиянинг нима учун бу ерда кенг тарқалмаганига ойдинлик киритиши мумкин», дейди профессор Мадҳи. У АҚШдаги тадқиқот маълумотлари ушбу тезисни қўллаб-қувватлаётганини ҳам билдирди.

Грипп бутун дунёда кенг тарқалган. Жанубий африкалик тадқиқотчилар касалликларни келтириб чиқарадиган вируслар оломон муҳитида яхшироқ тарқалгани сабабли қашшоқлик ҳукм сурган ҳудудларда яшовчилар ушбу вирусларга кўпроқ чалиниши ва Covid-19’га қарши иммунитетга эга бўлиши мумкинлиги билан боғлиқ эҳтимолни кўриб чиқишмоқда.

Худди шундай ҳолат Ҳиндистон каби давлатларда ҳам кузатилиши мумкин.

Профессор Мадҳининг таъкидлашича, Африкада аҳоли зичлиги юқори бўлган ҳудудларда Covid-19’дан ҳимояланиш даражаси кучлироқ бўлиши эҳтимоли мавжуд. Аксарият одамларда ҳеч қандай аломатлар кузатилмаётгани ёки улар касалликни енгил кечираётгани ҳам шу билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Асимптоматик ва енгил ҳолатларнинг сони кўп
«Бу қадар кўп симптомсиз одамларни бошқача изоҳлай олмайман. Рақамлар жуда юқори», дейди Мадҳи.
Бироқ ушбу назарияга шубҳа билан қарайдиганлар камбағаллар сони кўп бўлган Бразилияда эпидемия билан боғлиқ қўрқинчли рақамларни кўрсатиши мумкин.

Айни пайтда эски қон намуналари таҳлил қилинадиган лабораторияда муаммо юзага келган.

Намуналар бўйича текширишлар шуни кўрсатадики, улар сақланадиган идишларнинг ҳарорати вақт ўтиши билан ўзгариб туради. Бу эса тадқиқотларни пухта ўтказишни имконсиз қилмоқда.

«Ҳафсаламиз пир бўлди. Биз тайёргарлик ишларини олиб боргандик, аммо бу содир бўлди», дейди тадқиқотни олиб борган шифокор Гаурав Кватра.

Жамоа тадқиқотни янги намуналар устида давом эттирмоқда. Бироқ бу бир неча ой давом этиши мумкин. Бу орада эса Африкадаги нисбатан юмшоқ эпидемиянинг жумбоқлари очиқлигича қолишда давом этади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коронавирус парадокси: Африкада ўлим даражасининг пастлиги қашшоқлик билан боғлиқми?