date
views 2 131

Коронавирус туфайли одамларда ҳид билиш сезгиси ёмонлашмоқда. Бу узоқ давом этадими?

Коронавирус туфайли одамларда ҳид билиш сезгиси ёмонлашмоқда. Бу узоқ давом этадими?
Коронавирусга чалинган кўплаб беморлар ҳид билан боғлиқ муаммолардан шикоят қилишмоқда. Кимдир ҳид сезиш қобилиятини бутунлай йўқотган (бу вазият аносмия деб аталади), бошқа биров уни ёмонроқ сеза бошлаган (гипосмия), кимнингдир эса бу сезгисида носозлик кузатилиб, ҳамма нарса кўнгилни оздирувчи ҳид таратаётгандек (паросмия). Баъзида бу каби ҳолат ковиднинг ягона аломати бўлса, баъзан бошланғич, баъзан эса энг сўнгги белгисидир.

Қуйида шунга ва шу каби ҳолатга тушган одамларнинг ўзини қандай ҳис қилишига доир бир қанча тушунтиришлар келтирилади.

Ҳид билиш муаммолари тез-тез кузатилмоқдами?
Бу ҳақда ишончли маълумотлар йўқ. Аммо мавжуд сўнгги маълумотлар таҳлилидан бирида айтилишича, бу коронавирусга чалинган европаликлар орасида ҳар иккинчи одамда, Осиё мамлакатларидаги беморларнинг эса 17 фоизида кузатилмоқда.

Умуман олганда сабаб нима?
Бир неча назариялар мавжуд:
1. Бурун шиллиқ қавати шишиши ёки бурун тўлиб қолиши оқибатида ҳид учун жавоб берувчи молекулалар ва уларни қабул қилиб олувчи рецепторлар ўртасидаги алоқа тўсилиши мумкин. Бу ҳолат тумовга олиб келувчи вирусли инфекция касалликларида тез-тез содир бўлади. Ушбу назария билан боғлиқ муаммо шундаки, ковиднинг тумов аломатлари кузатилмаган беморларида ҳам аносмия ва гипосмия ривожланади.

2. Ҳид ҳақидаги маълумотни узатишга жавобгар бўлган асаб ҳужайралари ўлади, натижада бу маълумотлар мияга етиб бормайди. Беморларнинг катта қисмида ҳид сезиш қобилияти асаб ҳужайраларидан кўра тезроқ тикланиши шубҳа уйғотади. Бундан ташқари, коронавирус асаб ҳужайраларига ёпишиб, уларнинг ичига кира олмайди, чунки уларда коронавируснинг ҳужайрага киришида одатий йўлак вазифасини бажарувчи махсус «эшик»лар (яъни рецепторлар) мавжуд эмас.

3. Вирус миянинг ҳид учун жавоб берувчи қисмларига чуқурроқ кириб боради. Натижада, уларнинг фаолияти бузилади ва ҳид сезилиши йўқолади. Аммо бунда ҳам муаммо шуки, етказилган бундай шикастлар кўп сонли беморларнинг тез қайта тикланишига имкон бермаган бўларди.

4. Ҳид билиш тизимида қўллаб-қувватловчи функцияни бажарадиган ҳужайралар зарарланади. Улар ҳидни қабул қилишнинг энг биринчи босқичида қатнашадиган асаб ҳужайраларига ёрдам беради. Натижада асаб ҳужайралари вақтинча ишдан чиқади. Ушбу назариянинг яна бир томони шундаки, қўллаб-қувватловчи ҳужайралар янги коронавирус учун зарур бўлган рецепторларга эга. Назарий жиҳатдан, вирус ушбу ҳужайралар орқали миянинг ҳидни таниш учун жавоб берадиган қисмларига кириб, зарар кўламини янада кенгайтириши мумкин.

Асаб ҳужайралари тикланишга ҳаракат қилганда ва ҳали керакли даражада ишлай олмаган вақтда паросмия пайдо бўлиб, ҳидлар кўнгил айнитиш даражасида қабул қилиниши мумкин. Аммо, тан олиш керакки, олимлар унинг сабабларини ўрганишга камроқ эътибор беришади.

Ҳид узоқ вақтга йўқоладими?
Ҳид сезиш ўртача саккиз-тўққиз кундан кейин тикланади. Аммо баъзи одамларда баъзи сабабларга кўра одатий ҳид сезиш ҳисси бошқа барча аломатлар йўқолганда ҳам қайтмайди. Афсуски, ҳид сезиш қобилияти барча беморларда тикланиши ёки тикланмаслиги ҳақида ҳақиқатан ҳам кам нарса маълум. Италияда ўтказилган ва 138 киши иштирок этган кичик бир тадқиқотда беморлар 60 кун давомида кузатувга олинган (бу ҳидни йўқотишга қаратилган тадқиқот учун рекорд даражадаги муддат). Хулосада аксарият беморларда ҳаммаси жойида экани аниқланди, аммо 15 фоиз иштирокчида кичик бузилишлар сақланиб қолди, 6 фоизида эса янада ёмонроқ: улар тадқиқот якунида ҳам ҳидларни деярли ёки умуман сезишмади.

Давоси борми?
Номаълум. Шифокорлар бошқа сабабларга кўра ҳид сезиш қобилиятини йўқотган одамларга кутиш, овқатланиш мувозанатини таъминлаш ва иложи борича машқ қилишни тавсия этишади. Бир қатор тадқиқотларда ушбу усул ўзининг самарадорлигини кўрсатди: одамлар ҳар куни жуда кучли ифорни ҳидлашди (уларга навбат билан бир нечта ифорлар берилди). Натижада уларнинг аҳволи яхшиланди. Ушбу усул кичик бўлса ҳам самарадорлик кўрсатганлиги ва хавфли эмаслиги сабабли, бирор инфекцияланишдан кейин ҳид сезгиси йўқолганида ушбу маслаҳатлар тавсия этилади.

Батафсил маълумот борми?
Ҳа. Агар бу каби машқларни бажариш тафсилотлари билан қизиқсангиз, уларни бу ердан топишингиз мумкин (ёдда тутингки, онлайн таржимонлар ҳозир жуда яхши ишлаяпти). Қисқа талқин:

1. Турли ҳидли моддаларни ўз ичига олган тўртта ёпиқ контейнер олинг (машқда одатда, биринчи тадқиқотда бўлгани каби, лимон, эвкалипт, атиргул ва чиннигул каби ифорга эга нарсалардан фойдаланилади).
2. Идишни очинг, ҳидланг ва ҳар бир ифорни қандай ҳис қилганингизни беш балли шкала бўйича баҳоланг. Натижани сана билан қайд этинг. Энди сиз қаердан бошлашингизни биласиз. Вақти-вақти билан қайд этиш орқали прогрессни пайқаш мумкин.
3. Кунига икки марта 20 сония давомида идишдаги нарсаларни ҳидланг. Буни ҳар бирида қисқа танаффуслар билан бажаринг. Шу ҳидга эга нарсани тасаввур қилган ҳолда диққат билан ҳидланг. Машқларни ёддан чиқармаслик учун идишларни кўринадиган жойга қўйинг.

Агар ҳидлар ёқимсиз бўлиб қолса-чи?
Паросмияга келсак, одатда аввало унинг сабабини бартараф этиш тавсия этилади (масалан, бурун битиши ёки оғизнинг патологик қуриши), аммо ковид ҳолатида, афсуски, бунинг иложи йўқ: ҳали ҳам муайян даволаш усули топилмаган, паросмия эса вирус танадан чиқиб кетгандан кейин ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Шифокорлар баъзи дориларни ҳам қўллайди, аммо уларнинг фойда келтириши гумон остида, ҳуқуқий нуқтайи назардан ҳам уларни беморларга тайинлаш хавфсиз эмас. Жуда кам ҳолларда паросмияга учраган беморларда ҳид билиш қисмидаги шиллиқ қават олиб ташланади.

Ҳид билиш қобилиятини йўқотган беморга яна нима маслаҳат берилади?
Уйингизга тутун датчиги ва газ сизиб чиқишига қарши детектор сотиб олишни унутманг.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коронавирус туфайли одамларда ҳид билиш сезгиси ёмонлашмоқда. Бу узоқ давом этадими?