16:46 / 08.11.2020
1 009

Байденни президентлик ва муаммолар кутмоқда. У ишни нимадан бошламоқчи?

Байденни президентлик ва муаммолар кутмоқда. У ишни нимадан бошламоқчи?
Фото: BBC Russian
48 йилдан буён АҚШ сиёсатида бўлган Жо Байден ниҳоят учинчи уринишда президентлик сайловларида ғолиб бўлди. 77 ёшида орзусига эришган Байден бунгача 1987 ва 2008 йиллардаги сайловларда муваффақиятсизликка учраган. Икки ҳолатда ҳам у ҳал қилувчи босқичгача етиб боролмаган. Ўзи учун биринчи финалда эса ғалабага эришди.

Бироқ Байденда ғалабадан сармаст бўлиб ўтиришга вақт йўқ, чунки уни жуда-жуда кўп муаммолар кутиб турибди. ВВС бу муаммоларнинг асосийларини санади.

Коронавирус
Эсингизда бўлса, Трамп Байденни доим ниқоб тақиб юргани учун мазах қилганди. Бироқ ўшанда Трамп айнан коронавирус унинг ҳокимиятдан кетиши учун якуний сабаб бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. Байден январдан президентликка киришади, унгача эса Трамп ишини қийинлаштириш учун чиқарадиган қарорларга чидашга мажбур.

Демократлар вакили президентлик лавозимига киришиши билан дастлабки қиладиган иши коронавирусга қарши кураш бўлишини айтди. У вирусга қарши курашни аҳолини ёппасига тест қилишни жорий этишдан бошламоқчи. Байденнинг режасига кўра, коронавирус тарқалишини назорат қилувчи бутун бошли мониторинг тизими иш бошлайди ва бу жараёнда 100 мингдан ортиқ америкалик банд бўлади. Унга кўра, ҳар бир штатда камида 10тадан оммавий тестдан ўтказиш маркази бўлади.

Ишчи ўринлар
Трампнинг даврида ишсизлик рекорд даражада қисқаргани рост, лекин коронавирус пандемияси сабаб миллионлаб америкаликлар ишсиз қолди. Мамлакат вирус сабаб йўқотишга учраган тадбиркорларга жуда катта ёрдам берди, лекин уларнинг аксари ҳамон ўзига келмаган. Шу сабаб Байден кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга алоҳида урғу бермоқчи. Бир неча йил олдин америкаликлар энг кам иш ҳақи соатига 15 доллардан бўлишини талаб қилиб, намойиш ўтказишганди. Кейинчалик турли штатларда 2022 йилгача энг кам иш ҳақи соатига 15 доллар қилиб белгиланиши маълум бўлди. Байден бу жараённи тезлаштирмоқчи ва бу кўпчиликнинг инқироздан чиқишга ёрдам беришига ишонмоқда.

Байден кам таъминланганлик учун ижтимоий нафақа миқдорини ойига қўшимча 200 долларгача оширмоқчи. Шунингдек, у бойлар учун солиқни камайтириш бўйича Трамп жорий этган солиқ тизимини ҳам қайта кўриб чиқмоқчи. Демократлар вакилининг режаларида ёшларга ёрдам бериш ҳам бор. Масалан, у 10 минг долларгача федерал талабалар заёмларини чиқаришни таклиф қилган.

Байден мамлакат миллий брендларини ривожлантириш учун «Америка маҳсулотларини сотиб ол» дастурини ташкил этиб, унинг ижросига 400 миллиард доллар ажратмоқчи. Маълумот учун, Байден бир вақтлар Шимолий Америка эркин иқтисодий зоналари фаолиятини қўллаб-қувватлагани учун танқидга учраган. Чунки айнан шу сабаб АҚШдаги корхоналар кўплаб иш ўрнини йўқотган. Афтидан, Байден йўл қўйган хатосидан хулоса чиқарган.

Ирқчилик муаммоси
2020 йил АҚШда учта воқеа билан ёдда қоладиган бўлди: президентлик сайловлари, коронавирус ва намойишлар. Жорж Флойднинг ўлдирилиши ортидан мамлакатда носоғлом ирқий муҳит пайдо бўлган. Байден АҚШда ирқчилик мавжуд деб ҳисоблайди. У бундай муаммони этник озчиликда яшовчи миллатлар учун иқтисодий ва ижтимоий дастурлар ишлаб чиқиш орқали ҳал қилмоқчи.

Байден 1990-йилларда жиноятга қарши қаттиққўллик билан курашиш керак деб ҳисоблаган бўлса, ҳозир унинг қарашлари ўзгарган. Қайсидир маънода ёши ўтган сайин Байденнинг табиати юмшаб борган. У ирқий ва ижтимоий тенгсизликни бир-бири билан боғлиқ деб ҳисоблаб, уларни бирга ҳал қилиш лозим деб ҳисоблайди. Демократ номзоднинг режалари орасида қамоқхоналардан озод қилинганларни реабилитация қилиш учун 20 миллиард доллардан иборат фонд тузиш ҳам бор.

Иқлим ва экология
Яқинда Трамп администрацияси глобал исиш бўйича Париж келишувидан чиқиб кетганди. Ўша куни Байден твиттерда шундай деб ёзди: «Трамп администрацияси Париж келишувидан чиқиб кетди, Байден администрацияси эса 77 кун ўтиб, келишувга қайтади». Байден 2020 йил январидаги инаугурация кунини назарда тутган ҳолда шундай ёзганди.

Ўз навбатида, Байден сўлчи демократларнинг «Янги яшил келишуви»ни қўлламоқчи эмас, унинг ўрнига экологик тоза технологиялар тадқиқоти учун 2 триллион доллар ажратмоқчи. Унинг режасига кўра, АҚШда 2050 йилга бориб, «иссиқхона газлари» нол даражагача тушиши керак. Худди шунга ўхшаш ваъдани кўплаб мамлакатлар етакчилари берганини ҳам унутмаслик керак.

АҚШнинг дунё ҳамжамиятидаги ўрнини тиклаш
АҚШни яна буюк қилиш режаси билан (Make America Great Again) президентликка келган Трамп, тан олиш керак, АҚШнинг обрўсига жуда салбий таъсир ўтказди. Байден доимо энг аввал мамлакатнинг ички ишларига эътибор қаратишини айтган, бироқ халқаро майдонда ҳам «мурватлар бўшаб қолган». Байден АҚШнинг катта ҳамкорлари билан, хусусан, НАТО билан муносабатларни яхшилашга ваъда берди.

Маълумки, Трамп «умуман кераксиз» деб атамаган халқаро ташкилотлар деярли қолмади. Хусусан, НАТО ҳам шундай таъриф олишга эришган. Трамп бир неча марта альянс аъзолари ўзларига юклатилган вазифаларни бажармаётганини, шу сабабли АҚШ НАТОни молиялаштиришни тўхтатишини айтиб «таҳдид қилган».

Байден Россия билан Трампдан кўра қаттиққўлроқ муносабатда бўлмоқчи. Айниқса, Россия АҚШ президентлик сайловларига аралашгани ҳақидаги гаплардан кейин. Байденнинг Хитойга нисбатан муносабатлари ҳам аниқ. У Трамп каби савдо уруши йўлидан бормоқчи эмас ва Хитойга «у йўқ дея олмайдиган» Ғарб давлатлари коалицияси ёрдамида босим қилмоқчи. Бу давлатлар қайси давлатлар экани ҳақида эса Байден ҳозирча ҳеч нарса демади.

Тиббиёт
Жо Байден тиббий суғурта бўйича давлат дастурини яна ривожлантирмоқчи. Бу лойиҳа Байден вице-президент бўлган Обама даврида бошланган эди. Трамп бу лойиҳани жуда кўп танқид қилганини эсласангиз керак. Аслида бу жуда яхши режа ва ундан 97 фоиз америкаликлар фойдаланиши мумкин. Ўз навбатида бу жуда катта лойиҳа ва унинг амалга оширилишига 5 йил давомида 2,25 триллион сарфланиши тахмин қилинган.

Иммиграция
Бу масалани Байден Оқ уйдаги дастлабки 100 кунлик иш фаолиятидаёқ ҳал қилмоқчи. У Мексика чегарасида ноқонуний мигрантлар ва фарзандларини ажратиб олиш тартибини бекор қилмоқчи. Бу тажриба Трамп томонидан жорий қилинганди. Байден бир нечта мусулмон давлатлардан кириш чекловини, шунингдек, сиёсий бошпана сўраш бўйича чекловни бекор қилмоқчи. Байден мигрантлар ўзлари билан олиб келган болалар муаммосига ҳам бефарқ эмас. Трамп даврида уларга ҳужжат берилмаган ва бундай болалар қатор қийинчиликларга дуч келган.

Таълим
Байден таълим тизимига ҳам ўзгартиришлар киритиб, бепул олийгоҳлар сонини кўпайтирмоқчи. Шунингдек, у мактаб ёшига етмаган барча болалар боғчага бориш ҳуқуқига эга деб ҳисоблайди. Боғчаларга тўлов имконияти бўлмаган болаларнинг харажатларини Байден бойлар учун солинган солиқларни қайтариш орқали эришмоқчи.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)