07:00 / 18.11.2020
3 667

Озон туйнуги рекорд даражада катталашмоқда: экология муаммосининг сабаб ва ечимлари

Озон туйнуги рекорд даражада катталашмоқда: экология муаммосининг сабаб ва ечимлари
Дунё саноатлашиб бораётгани сари инсоният учун янгидан янги хавф-хатарлар сони ва кўлами ҳам ортиб бормоқда. Ўтган асрлардан бошлаб ядровий урушлар, глобал молиявий инқироз, эпидемия, сув тошқинлари ёки чўлланиш каби муаммоларга қарши курашиб келинаётган бўлса, янги аср арафасида экологиянинг ҳалокатга учраб бораётгани улар сафига қўшилиб, у келтириб чиқараётган салбий оқибатлар жиддий аҳамият касб этмоқда.

Экологик муаммоларни келтириб чиқараётган омиллар сирасига саноатлашув оқибати, сувдан оқилона фойдаланмаслик, автомобилларнинг кўпайиши ва улардан чиқаётган заҳарли газлар, дарахтларнинг оммавий ва яширин кесиб юборилиши, айниқса аҳолининг экологик саводсизлиги киради.

Маълумотларга қараганда, экологиянинг бузилиб бораётгани ортидан инсонлар саломатлигида ҳам олдин кузатилмаган ўзгаришлар рўй бермоқда. Масалан, биргина охирги чорак аср давомида одамларда тери саратони, кўз касалликлари, иммун тизимининг сусайиши каби касалликлар кўпайган. Қолаверса, ўсимликлар дунёси ва ҳайвонот оламида ҳам сезиларли салбий ўзгаришлар қайд этилмоқда. Айниқса, деҳқончилик таромоғида ҳосилдорлик пасая бошлаган. Кислород манбайи бўлган дарахтларнинг барглари кичрайиб, фотосинтез жараёни қийинлашмоқда.

Экология бузилишининг яна бир салбий оқибатини Она сайёрамизнинг ўзига хос ҳимоя қалқони – озон қатлами емирилишида ҳам кўриш мумкин. Озон туйнуги даставвал, 1985 йил Антарктида устида, кейинроқ Австралия томон силижиётгани, 1992 йил эса Арктика устида кузатилган. Энг даҳшатлиси, бундан 20 йиллар муқаддам Шимолий қутб тепасида озон қатламидаги туйнук ҳажми рекорд даражага – 26 млн. кв. км.га етганлиги аниқланди. Буни бемалол Африка қитъаси ҳудудига тенглаштирса бўлади. Бу ўз навбатида, экология муҳофазасига ҳар қачонгидан кўпроқ ва жиддийроқ эътибор қаратиш ҳозирги даврда ғоят муҳим эканлигини кўрсатмоқда.

Тўғри, ҳар йили халқаро минбарларда экология муаммолари бот-бот янграйди. Халқаро ташкилот ва бирлашмалар ташаббуси билан табиат муҳофазасига доир ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинади. Бироқ, мазкур халқаро ҳужжатлар ижросига кўплаб давлатлар етарлича эътибор қаратишмайди.

Ўйлашимча, ҳар бир мамлакат экология муҳофазасига оид ижроси тўлиқ бажариладиган алоҳида миллий дастур қабул қилиши лозим. Бу фуқароларнинг экологик саводхонлигини оширишга хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон мисолида қуйидаги ишлар амалга оширилиши таклифини билдираман:
  • Мактабгача таълим муассасаларидан тортиб Олий таълимнинг юқори босқичигача экологияни муҳофаза қилишга доир махсус дарс ва машғулотларни йўлга қўйиш;
  • ОАВ ва медиа маконни экологик муаммолар ҳамда уларни бартараф этишга оид сифатли контентлар билан бойитиш;
  • «Яшил Ўзбекистон-2050» концепциясини ишлаб чиқиш;
  • Дарахтлар экилишини фаол рағбатлантириш;
  • Республика бўйлаб ҳар ой камида бир марта «Автомобилсиз кун» акцияларини ўтказиш;
  • Экологик муаммолар келтириб чиқараётган юридик ва жисмоний шахсларга жавобгарликни кучайтириш;
  • Экологик тоза ва энергия тежамкор корхона ва заводлар фаолиятини рағбатлантириш;
  • Ҳудудларда жаҳон, хусусан Финляндия давлати тажрибасидан келиб чиқиб велосипед йўлакларини бунёд этиш ва бошқалар.

Хулоса сифатида, глобал муаммо – экологияни ҳимоя қилиш барчамиз учун олдимиздаги ниҳоятда муҳим бўлган вазифа. Ушбу вазифани ортга суриш, бефарқлик ёки уни шу бугун амалга оширмаслик она сайёрамизни ҳалокатга маҳкум этиш билан баробардир.

Ҳамидилло Тўхтасинов,
Андижон қишлоқ хўжалиги
ва агротехнологиялар институти талабаси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Озон туйнуги рекорд даражада катталашмоқда: экология муаммосининг сабаб ва ечимлари