19:36 / 08.09.2021
2 819

Афғонистон — тўлиқ «Толибон» ҳукмига ўтди. Панжшер нега уч кун ичида қулади?

Афғонистон — тўлиқ «Толибон» ҳукмига ўтди. Панжшер нега уч кун ичида қулади?
Reuters / Scanpix / LETA
«Толибон» Панжшерни — Афғонистондаги толибларга таслим бўлмай келган сўнгги ҳудудни эгаллади. Баланд тоғлар қуршовидаги Панжшер водийси марказини эгаллаш учун уч кун жанг олиб борилди. Шундай экан, расман афғон қаршилик ҳаракати тугалланди, унинг етакчилари ҳали мустаҳкамланиб олмаган толиблар ҳокимиятини ағдариб, Афғонистонда демократик бошқарувни тиклашни режалаштирганди. «Медуза» бу кураш тарихини қисқача ҳикоя қилди ва бундай буёғига нима бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Қаршилик ҳаракати етакчилари нимага умид қилишганди?
15 август куни Кобул таслим бўлгач, толиблар назоратига ўтмаган биргина ҳудуд қолди - Панжшер Афғонистоннинг 34 вилоятидан бири бўлиб унга Бағлон вилояти туманлари чегарадош. Мамлакат шимоли-шарқидаги бу ҳудудда асосан этник тожиклар яшайди (Афғонистон аҳолисининг тўртдан бир қисмини тожиклар ташкил этади).

1975 йилдан буён Панжшер ва унинг атрофидаги ҳудудларда ҳарбийлашган миллий-диний ҳаракат шаклланган, бу ҳаракат кенг мухторият учун интилган ва бу Афғонистон сиёсатига таъсир кўрсатган. Аввалига ҳаракатга панжшерлик Аҳмад Шоҳ Масъуд раҳбарлик қилган. 1980-йилларда у энг машҳур афғон дала қўмондонига айланади. Масъуд бир неча минг кишилик жангчиси билан Афғонистоннинг коммунистик ҳукуматига ва совет ҳарбийларига қарши туради. Советлар кетиб, 1992 йилда коммунистик ҳукумат қулаганидан кейин — Афғонистондаги фуқаролик уруши вақтида бошқа дала қўмондонлари билан кураш кечади.

Аҳмад шоҳ Масъуд 90-йиллар ўрталарига келиб мамлакат жанубида этник пуштунлар томонидан радикал ғояларга асосланиб тузилган «Толибон» ҳаракатининг ҳам асосий душмани бўлади. Толиблар ҳаракати дала қўмондонлари зулмидан тўйган Афғонистоннинг аксар аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланиб, толиблар 1996 йилда Кобулни эгаллаб ҳокимиятга келади, лекин улар Панжшерни олишнинг уддасидан чиқа олишмайди.

2001 йил 9 сентябрида Масъуд ундан интервью олиш ниятидаги журналист қиёфасида келган террорчи худкуш томонидан ўлдирилади. Маълумотларга кўра, видеокамерасига бомба ўрнатилган қотилларни Усама Бин Лодин жўнатган. Бир неча ҳафта ўтиб — АҚШдаги 11 сентябрь терактларидан кейин — Афғонистонга америкалик ҳарбийлар киришади. Уларни Масъуднинг сафдошларидан иборат «Шимолий алянс» қўллаб-қувватлайди.

2021 йилда америкалик ҳарбийлар олиб кетилгач толиблар тезлик билан мамлакатнинг Панжшердан бошқа барча вилоятларини эгаллашади. 15 август куни Кобул толиблар қўлига ўтгач Панжшерга Аҳмад Масъуд (Шоҳ Масуднинг ўғли, бунгача Ғарбда яшаган) ва Афғонистон вице-президенти Амрулла Солиҳ (Шоҳ Масъуднинг собиқ сафдоши) келади. Улар 1980 ва 1990-йиллардаги каби Панжшер водийсини таслим бўлмас қалъага айлантириш, кейин қаршилик ҳаракатини бутун Афғонистонга ёйиш мақсадларини айтишади.

Кичик Масъуд The Washington Post учун колонкасида асосий мақсад — барча фуқаролар ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган, барча этник озчиликлар автономияга эга бўладиган ва давлат бошқарувида иштирок этиши мумкин бўлган янги Афғонистон тузиш эканини айтади.


Қаршилик ҳаракати нималарга улгурди?
Қаршилик ҳаракати етакчилари маҳаллий аҳолидан ва Афғонистон армиясининг толибларга таслим бўлишни истамаган махсус қисмлари қолдиқларидан жанговар кучлар тузишга ҳаракат қилди.

Бундан ташқари, улар бошқа мамлакатлардан кўмак олишга ҳаракат қилишди: биринчи навбатда Тожикистон, Ҳиндистон (янги Афғонистонда Покистон катта таъсирга эга бўлишини истамайдиган қўшни давлат), Эрон ва Ғарб давлатларидан. Шунингдек, улар афғон диаспораси томонидан ҳам қўллаб-қувватлов бўлишига ишонишганди.

Ва ниҳоят, улар фаол медиакампания олиб боришди, Ғарб нашрларида катта чиқишлар қилишди ҳамда ижтимоий тармоқлардаги сон-саноқсиз аккаунтлар орқали «янги Афғонистон» ва «енгилмас Панжшер қалъаси» ғоясини ташвиқ қилишди.

Шу билан бир вақтда Қаршилик ҳаракати етакчилари толиблар билан оқсоқоллар, диний уламолар орқали ҳам, тўғридан тўғри ҳам музокаралар олиб боришди. Бу музокараларда айнан қандай масалалар муҳокама этилгани маълум эмас. Аммо «Толибон»га яқин манбалар ва Афғонистон бўйича экспертлар гап асосан янги ҳукуматда панжшерликлар қандай ўринга эга бўлиши ва уларнинг автономияси қанчалар кенг бўлиши ҳақида кетган. Хабарларга кўра, музокараларнинг барча босқичлари бир томон иккинчи томон таклифларини рад этиши билан якунланган.

Қаршилик ҳаракати бош спикери (матбуот котиби) Фаҳим Даштий ТАСС учун берган интервьюсида толиблар Масъудга лавозим таклиф қилаётгани, у эса мамлакат келажаги ва ҳокимиятни марказсизлаштириш масалаларини муҳокама қилишни талаб этаётгани ҳақида айтганди. Ўз навбатида, «Толибон»га яқин одамлар Масъуд ўзини мамлакатдаги барча тожиклар вакили сифатида тан олишни талаб қилганини айтишган.

Толиблар Панжшерни нега бу қадар тез эгаллашди?
Август ойи охирида Панжшердаги ва унга қўшни бўлган Бағлондаги ҳарбий отрядлар бир неча туманларни толиблардан қайтариб олишди ва стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Саланг довони сари ҳаракатланишди. У ерда толиблар томонидан эгалланган марказий ҳудудларни Афғонистон шимоли билан боғловчи тоннел жойлашган. 1980-йилларда Шоҳ Масъуд ҳам бу тоннелга бир неча марта ҳужум қилиб, Кобулдаги советлар армияси таъминотини узиб қўйиш амалиётларини ўтказарди.

Толиблар дарҳол катта куч билан қарши ҳужумга ўтишди — бунинг учун Бағлонда етарлича кучлар бор эди; қаршилик ҳаракати отрядлари Панжшер ичкарисига чекинтирилди. Шундан кейин «Толибон» Панжшерни тўла эгаллаш учун кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларга киришди.

Бу амалиёт 2 сентябрь куни бошланди, толиблар водийга бир вақтнинг ўзида шимолдан ҳам — ўтиш қийин бўлган Ҳиндукуш тоғлари орқали — ва жанубдан, Кобул томондан ҳам ҳужум бошлади. Шундан сўнг ушбу ҳудуддаги ҳарбий ҳаракатлар бўйича ёлғон хабарлар оқими кенгайди: толиблар 3 сентябрдаёқ ғалабани қизғин нишонлай бошлашди (Кобулда ҳавога ўқ узилиши оқибатида қурбонлар бўлди, шундан сўнг ҳаракат ҳиссиётларни тийишни буюриб, ҳавога ўқ узишни тақиқлади).

Толибларга яқин нашрлар ва блогерлар вилоят тўлиқ эгаллангани, Қаршилик ҳаракати етакчилари эса вертолёт орқали Тожикистонга қочишгани ҳақида ёзишди. Бунга жавобан панжшерликлар толиблар жанубда ҳам, шимолда ҳам қуршаб олингани, мингдан ортиқ жангарилар ўлдирилгани, қолганларининг аксар қисми асирга олингани ҳақида айтишди. Аммо бу хабарларга илова қилинган суратлар ва видеолар бутунлай бошқа мамлакатлардаги ҳарбий ҳаракатларга оид эди (масалан, аслида Яманда содир бўлган жуда кўп тасвирлар тарқалди), шунингдек, аввалроқ Афғонистоннинг бошқа ҳудудларидаги жанглар акс этган видеороликлар тақдим этилди.



Ҳал қилувчи бурилиш 4 сентябрь куни рўй берди. Геолокация бўйича мутахассислар «Толибон» томонидан эълон қилинган бир неча видеога асосланган ҳолда Қаршилик кучлари дарага жанубдан кириш жойи яқинида йўл ёқасидаги қояларни портлатиб, душман йўлини тўсиб қўйишганини аниқлашди.

Аммо толиблар шу куниёқ тош уюмларини ҳамда йўлга жойлаштирилган миналарни айланиб ўтиб, даранинг марказий қисмида пайдо бўлишди. Шундан сўнг, Қаршилик ҳаракати мудофааси амалда синдирилди. 5 сентябрь куни кечқурун толиблар Масъудлар оиласи юрти ва вилоят маъмурий маркази ҳисобланган Бозоракка етиб келишди.

Қаршилик ҳаракатини қутқариб қолиш учун сўнгги уриниш Кобулда рўй берди. Пойтахтдаги диний уламолар икки томондан ҳам урушни тўхтатиб, келишиб олишни, толиблардан водий қамалини бекор қилишни талаб қилишди. Аҳмад Масъуд бу ғояни олқишлади: у фейсбукдаги саҳифасида агар толиблар Панжшердан кетишса, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга тайёрлигини билдирди. Табиийки, ташаббусни қўлга олиб, водий марказига етиб келган толибларни бу шарт қаноатлантирмасди ва улар бу ҳақда ўйлаб ҳам кўришмади.

5 сентябрь кунги жанглар вақтида ҳаракат спикери Фаҳим Даштий ҳалок бўлди (у Шоҳ Масъуд билан ҳам бирга ишлаган, 2001 йилдаги суиқасд вақтида у билан бир хонада бўлиб, портлашдан оғир жароҳатланган), шунингдек, маҳаллий ортядларнинг бир неча қўмондонлари ва афғон армияси генераллари ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Толиблар кичик Масъуд ва Амрулла Солиҳни Бозоракдан топа олишмаган.

6 сентябрь куни Масъуд аудиомурожаат йўллади; у ўз мурожаатида барча афғонларни толиблар режимига қарши кўтарилишга чақирди.

Қаршилик ҳаракати нега бу қадар тез мағлуб бўлди? Энди толиблар хотиржам бўлиши мумкинми?
Панжшерда бу сафар кўтарилган исённинг муваффақият учун имкониятлари аввалбошдан деярли йўқ эди.

1980-90-йиллардаги урушлар вақтида Шоҳ Масъуд аввалига Покистон билан, кейин — Тожикистон билан боғланувчи очиқ йўлларга эга эди. Бу йўллар орқали у Панжшерда қазиб олинган қимматбаҳо тошларни сотиши ва қўшни давлатлардан қурол-яроғ сотиб олиши мумкин эди. 2021 йилда қаршилик ҳаракатига раҳбарлик қилган ўғли эса ташқи дунёдан бутунлай узилиб қолган, фақат Бозоракдаги бир неча Ми-17 русумли вертолётлар орқали ташқари билан алоқа ўрнатиш мумкин эди. Мамлакатнинг Тожикистон ва Покистон билан чегаралари тўлиқлигича толиблар назоратига ўтган.

Кичик Масъуд ва унинг сафдошларини жаҳондаги давлатларнинг бирортаси қўлламади — на очиқчасига, на махфий равишда. Афғонистон вице-президенти Амрулла Солиҳ АҚШ унинг ёрдам ҳақидаги сўровига жавоб қайтармаганига ишора қилди. Этник тожиклар ва ўзбекларнинг бошқа етакчилари 15 август куниёқ мамлакатдан қочиб кетишганди, уларнинг вакиллари ҳеч қандай ёрдам бера олмасликлари, Эрон, Туркия ва Ўзбекистон ҳукуматлари томонидан бунга тақиқ қўйилгани ҳақида айтишди.

Миллий масала эса («Толибон» асосини ташкил этувчи тожиклар ва пуштунлар ўртасидаги анъанавий рақобатга умид қилиш) бу сафар у қадар катта аҳамиятга эга бўлмади. «Толибон»нинг амалдаги раҳбариятида тожиклар ҳам бор (худди қаршилик ҳаракатида собиқ афғон ҳарбийлари — пуштунлар иштирок этаётгани каби). Толибларнинг Панжшерга юришига Афғонистондаги машҳур тожик толибларидан бири Қори Фасиҳуддин раҳбарлик қилди.

Минтақадаги асосий куч бўлмиш Покистон очиқчасига кичик Масъуднинг рақибларини қўллаб-қувватлади. Тўғри, Миллий фронт вакиллари покистонликларнинг аралашуви бўйича бироз бўрттириб юборишди: улар 5 сентябрь куни дара Покистон самолётлари ва дронлари томонидан бомбардимон қилингани, Бозорок эса Покистон армиясининг махсус топшириқли бўлинмалари томонидан қамал қилингани, амалиётни шу кунларда Кобулга учиб келган Покистон разведка хизмати раҳбари бошқаргани ҳақида айтишди, аммо бу даъволарни тасдиқловчи бирорта далил келтиришмади (масалан, қулаб тушган F16 самолёти Панжшерда эмас, Уэльсда суратга олинган). Лекин чиндан ҳам Покистон муассасалараро разведка бошқармаси (ISI) директори, генерал Файз Ҳамид Панжшер қамали бошланиши арафасида Кобулга келганди.

Аммо, Масъуд мағлубиятининг асосий сабаби — Кобул эгаллангач, «Толибон»нинг афғонларга тақдим этган лойиҳаси қабул қилингани бўлди. Бу лойиҳадаги асосий икки жиҳат — уруш якунланиши ва ҳаракатнинг юмшагани эди. Кўплаб афғонлар Панжшердаги қаршилик ҳаракатини навбатдаги адоқсиз фуқаролик уруши таҳдиди сифатида кўришди, толиблар эса кўп қурбон бермасдан тезда бунинг олдини олишди. Бундан ташқари, кўплар «Толибон»нинг тинчликпарвар руҳдаги баёнотларига ишонмоқда, хусусан, улар Панжшер аҳолисини — «танамизнинг бир қисми, Афғонистоннинг бошқа фуқаролари билан тенг ҳуқуқларга эга бўлган биродарларимиз» деб аташди.

Буларнинг бари «Толибон» мамлакатда мустаҳкам ҳокимиятни қўлга киритганини англатадими? Бунга ишонч йўқ: ҳокимиятни сақлаб қолиш жуда қийин бўлади. Ғарб юз ўгиришидан кейин Афғонистоннинг иқтисодий ҳолати деярли ҳалокат ёқасида. Толиблар Хитой ёрдамига умид қилишмоқда, аммо улар тезда бундай ёрдам олиши қийин. Очиқчасига Панжшердаги қаршилик ҳаракатини қўллаган Эрон энди расман ушбу вилоят куч билан босиб олинганидан норози эканини маълум қилди. Чегара ҳудудлардаги миллий озчиликлар етакчилари фаоллашмоқда (ҳозирча фақат сўзда), буёғига партизан уруши олиб боришга ўтган Аҳмад Масъуднинг баёнотидан кейин барча йирик шаҳарларда Покистоннинг мамлакатга таъсирига қарши намойишлар бошланган. Буларнинг бари бир бўлиб шуни англатадики, янги қаршилик ўчоқлари пайдо бўлиши вақт масаласидир, афғонларнинг адоқсиз уруш якунланиши борасидаги умидлари эса — хаёлот.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистон — тўлиқ «Толибон» ҳукмига ўтди. Панжшер нега уч кун ичида қулади?