
Қатарда ўтказилаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати қизғин паллага кирди. Бугун “J” гуруҳида иштирок этаётган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси гуруҳ босқичининг ҳал қилувчи — учинчи турида Панамага қарши майдонга тушади.
Исломбек Исмоилов бошқарувидаги жамоа аввалги икки турда 3 очко тўплаб, ҳозирча гуруҳ жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Бу — жамоамизнинг плей-офф босқичига чиқиш имкониятини сақлаб қолишини англатади. Шунинг учун ҳам бугунги баҳс нафақат ғалаба, балки нуфуз ва ишонч учун ҳам катта аҳамиятга эга.
Панама терма жамоаси эса бу вақтгача ғалаба қўлга кирита олмаган ва гуруҳда охирги поғонада бормоқда. Аммо шунга қарамасдан, рақиб жамоа ҳам ўз обрўсини сақлаб қолиш мақсадида майдонда бор кучини ишга солиши табиий. Шу боис бу кечадаги тўқнашув шиддатли ва кескин бўлиши кутилмоқда.
Баҳс Тошкент вақти билан соат 18:30 да старт олади. Шу вақтда “J” гуруҳининг иккинчи ўйини — Ирландия ва Парагвай ўртасидаги беллашув ҳам бошланади. Гуруҳдаги вазият жуда тор, ҳар бир очко ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга, бугун чемпионат доирасида бошқа гуруҳларда ҳам бир қатор қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтади. Масалан, “K” гуруҳида Уганда ва Франция, Чили ва Канада жамоалари баҳс олиб боради.
“K” гуруҳи
Уганда U-17 — Франция U-17 (17:30)
Чили U-17 — Канада U-17 (17:30)
“I” гуруҳида Чехия АҚШга қарши майдонга чиқса, Буркина-Фасо Тожикистон билан курашади.
“I” гуруҳи
Чехия U-17 — АҚШ U-17 (19:45)
Буркина-Фасо U-17 — Тожикистон U-17 (19:45)
Шунингдек, “L” гуруҳида Саудия Арабистони Малига, Янги Зеландия эса Австрияга қарши беллашув ўтказади.
“L” гуруҳи
Саудия Арабистони U-17 — Мали U-17 (20:45)
Янги Зеландия U-17 — Австрия U-17 (20:45)
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси учун бу ўйин гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаш ва кейинги босқичга йўл олиш имконини тақдим этади. Ёш йигитларимиз аввалги баҳсларда кўрсатган интизом, жамоавий уйин ва руҳий барқарорликни сақлаб қолишса, мухлисларни янги ғалаба билан хурсанд қилиш эҳтимоли юқори.
Шуни ҳам айтиш жоизки, Исломбек Исмоилов шогирдлари бу чемпионатда фақат натижа учун эмас, балки ўз салоҳиятини намойиш этиш ва мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун ҳам майдонга тушмоқда. Улар учун ҳар бир ўйин — катта футболга йўл очувчи синов, ҳар бир дақиқа — тажриба мактаби.
Бугунги баҳс нафақат мусобақадаги тақдирни, балки ёш авлоднинг иродаси ва маҳорат даражасини ҳам кўрсатади. Мухлислар юртимиз ёшларидан янги шиддат, жонкуярлик ва чиройли ўйин кутмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!