12:33 / 27.09.2021
854

ЖССТ коронавируснинг келиб чиқишини ўрганишни янги жамоа билан давом эттиради

ЖССТ коронавируснинг келиб чиқишини ўрганишни янги жамоа билан давом эттиради
Фото: Reuters
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) олимларнинг янги жамоаси билан SARS-CoV-2 коронавирусининг келиб чиқиши бўйича қайта текширув бошлайди. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди. Гуруҳ лаборатория хавфсизлиги, биологик хавфсизлик ва генетика, шунингдек, ҳайвонлар касалликлари бўйича мутахассислардан иборат 20 га яқин кишини ўз ичига олади. Тадқиқотни Хитой ва бошқа мамлакатларда ўтказиш режалаштирилган.

ЖССТ текширувининг янги босқичи ҳақида тадқиқотчиларнинг биринчи гуруҳи Хитойнинг Ухань шаҳридан қайтганидан бир неча ой ўтгач эълон қилинди. Дастлабки босқич якунида мутахассислар SARS-CoV-2 пайдо бўлишининг тўртта версиясини тақдим этганди, улар орасида ҳақиқатга энг яқини коронавируснинг одамларга воситачи ҳайвон орқали кўршапалаклардан юқиши версияси эди. Шу билан бирга, вируснинг Ухандаги лабораториядан сизиб чиқиши эҳтимолини ЖССТ «жуда кам» деб баҳолаган.

Янги гуруҳ ЖССТга келажакда инфекция тарқалишининг олдини олишда зарур маълумотларни топишга, шунингдек, инсон хатти-ҳаракатлари янги касалликларнинг пайдо бўлишига таъсир қиладими ёки йўқлигини аниқлашга ёрдам беради. Ушбу миссия доирасида мутахассислар ҳозирги пандемия сабабларини, шу жумладан коронавирус сунъий келиб чиққан бўлиши мумкинлигини текширади.

АҚШ расмийлари, жумладан, давлат котиби Энтони Блинкен, ЖССТнинг текширувни қайта бошлашини талаб қилган, деб ёзади WSJ. Ўз навбатида Хитой ушбу ташкилотдан вируснинг келиб чиқишини ўрганаётганда бошқа мамлакатларга, масалан, Италия ва АҚШга эътибор қаратишни талаб қилган.

Янги гуруҳ аъзолари шу ҳафта охиригача танланиши кутилмоқда. Бироқ жамоа Хитойда ишлаш учун рухсат оладими ёки йўқми, ҳозирча номаълум. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Пекин биринчи тадқиқотни ўтказган гуруҳ билан «тўлиқ ҳамкорлик қилганини» айтди.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида нутқ сўзлаб, «Хитой COVID-19 нинг келиб чиқиши бўйича илмий асосланган тадқиқотларга риоя қилади ва унда фаол қатнашади, ҳар қандай сиёсий манипуляцияга кескин қарши чиқади», деди.

Февраль ойида ЖССТ миссияси иштирокчиларидан бири Доминик Дуаер Хитой расмийлари мамлакатда COVID-19 нинг биринчи ҳолатлари бўйича ўз тадқиқотларини мутахассислар билан бўлишганини лекин уларга вируснинг қачон ва қандай тарқалишини аниқлашга ёрдам берадиган маълумотни кўришга рухсат бермаганини айтганди.

Кейинчалик, ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус, ташкилот SARS-CoV-2 келиб чиқишининг барча версияларини, шу жумладан лабораториядан сизиб чиқиш вариантини кўриб чиқаётганини айтди. У Хитойни очиқ ҳамкорликка чақириб, тўлиқ маълумот бу вариантни истисно қилишга ёрдам беришини таъкидлади.

Август ойи охирида АҚШ Миллий разведка бошқармаси коронавируснинг келиб чиқиши ҳақида ҳисобот тақдим этди. Муассаса ходимлари вирус Хитой томонидан биологик қурол сифатида ишлатиш учун яратилмаган, Хитой ҳукумати эса касалликнинг биринчи ўчоқлари пайдо бўлгунга қадар SARS-CoV-2 ҳақида билишмаган деган хулосага келди. Бироқ разведка хулосасига кўра, вируснинг сунъий келиб чиқиши ҳақидаги гипотезани рад этиш учун етарли далиллар йўқ.

Хитой бу ҳисоботни илмий жиҳатдан ноаниқ деб топди. Унга кўра, АҚШ разведкаси ўз хулосаларини ХХРнинг «айбдорлиги ҳақидаги тахминга» асослаган. Пекин Вашингтонни «коронавируснинг келиб чиқишини сиёсийлаштиришни тўхтатишга» чақирди. Хитойлик олимлар SARS-CoV-2 қандай пайдо бўлгани тўғрисида ўз тадқиқотларини олиб борди ва унинг сунъий яратилгани эҳтимолдан йироқ деган хулосага келди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » ЖССТ коронавируснинг келиб чиқишини ўрганишни янги жамоа билан давом эттиради
[/banner_pushhouse