19:05 / 17.11.2021
2 774

Арманистон-Озарбайжон чегарасида яна тўқнашувлар кузатилди. Асосий маълумотлар

Арманистон-Озарбайжон чегарасида яна тўқнашувлар кузатилди. Асосий маълумотлар
Фото: Reuters
16 ноябрь куни тушга яқин Арманистоннинг шарқий чегараларидаги Сицернакар тоғли туманида Арманистон ва Озарбайжон ҳарбийлари ўртасида отишма бошланди, у қисқа вақтда зирҳли техника ва артиллерия иштирокидаги тўлақонли ҳарбий ҳаракатларга айланиб кетди. Бир неча соат давомида Арманистоннинг бутун жануби-шарқий чегараси бўйлаб фаол жанглар давом этди. Бу 2020 йилнинг ноябрь ойида 44 кунлик уруш тугаганидан бери содир бўлган энг жиддий тўқнашувга айланди.

Жанг бошланганидан сўнг, иккала томон ҳам деярли бир вақтда бир-бирларига ўз йўқотишлари ҳақида маълум қилди. «Соат 16:00 (Тошкент вақти билан 17:00) ҳолатига кўра, Арманистоннинг шарқий чегарасида вазият ўта кескинлигича қолмоқда. Арманистон томонида қурбонлар ва ярадорлар бор, улар ҳақида маълумот аниқланмоқда, иккита жанговар позиция йўқотилгани ҳақида маълум қиламиз» — дейилади Арманистон ҳарбий бошқармаси матбуот хизматининг 16 ноябрь кунги баёнотида.

«Республика шарқида Озарбайжон Қуролли Кучлари билан олиб борилган жанглар натижасида 15 га яқин ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди», — деди Арманистон парламентининг ташқи алоқалар бўйича доимий комиссияси раҳбари Эдуард Агажанян ва бу маълумот ҳали тасдиқланмаганини қўшимча қилди.

Арманистон Мудофаа вазирлиги, шунингдек, 12 арман аскари — етти нафар шартнома бўйича армияга олинган аскар ва беш нафар ҳарбий хизматчи асирга олингани ҳақида хабар берди.

Жанглар бошланганидан 3 соат ўтиб, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Арманистон армияси шахсий таркиби ўртасида ваҳима устун эканини, Озарбайжон армияси эса қарши ҳужумга ўтаётганини маълум қилди.

Шунингдек, портлаш ва отишма овозлари жанг майдонидан бир неча километр узоқликда – Арманистоннинг Сюник вилоятидаги энг йирик шаҳарлардан бири Горисдан ҳам эшитилган.

Томонлар қандай баёнот берди?
Озарбайжон билан чегарадаги отишма туфайли Ереван 1997 йилдаги икки томонлама келишувга мувофиқ Арманистон суверен ҳудудини ҳимоя қилиш учун Москвага мурожаат қилди, деди мамлакат Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян. Бу оғзаки баёнот бўлса-да, ундан кейин расмий ёзма мурожаат қилинади, дея қўшимча қилди у. «Ҳужум Арманистоннинг суверен ҳудудига қаратилгани сабабли биз Россияга икки давлат ўртасида 1997 йилда тузилган келишув доирасида Арманистоннинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, ўзаро мажбуриятларни бажариш сўрови билан мурожаат қиламиз», — деди Григорян.

Григоряннинг сўзларига кўра, «агар мавжуд тузилмалар билан инқирозни ҳал қилиб бўлмаса, Арманистон бошқа тузилмаларга, яъни бошқа халқаро ҳамкорларга мурожаат қилишга мажбур бўлади».

Арманистон бош вазири Никол Пашинян ватандошларни «Муқаддас Ватанни ҳимоя қилишга» тайёр туришга чақирди.
Жангнинг олтинчи соатида чегарадаги вазият кескинлашгани учун Ереван Москвадан расмий равишда ёрдам сўраб ўтирмади, деди Арманистоннинг Россиядаги элчиси Вардан Тогонян.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линде Ереван ва Бокуни чегарадаги вазиятни юмшатиш учун зудлик билан чоралар кўришга чақирди.

16 ноябрь куни кечқурун Арманистон Мудофаа вазирлиги зиддият ҳудудидаги жанглар Россия томони воситачилигида тўхтатилганини эълон қилди.

Россия Мудофаа вазирлигида хабар қилинишича, Арманистон ва Озарбайжон Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу билан музокаралар ўтказгандан сўнг икки давлат чегарасидаги Килисали тоғи ҳудудида тўқнашувларни тўхтатганини маълум қилган.

«Телефон суҳбатлари натижасида Озарбайжон ва Арманистон томонлари вазиятни барқарорлаштириш чораларини кўрди. Ҳозирда Килисали тоғи ҳудудида тўқнашувлар тўхтади, вазият нормал ҳолатга қайтди ва назорат остида», — дейилади Россия Мудофаа вазирлиги хабарида.

Ереван бир киши ҳалок бўлгани, 12 киши асирга олингани ҳақида хабар бермоқда.

Тўқнашувлар сабаби нимада?
Чегаранинг ушбу қисмида – Арманистоннинг Сюник вилояти ва Озарбайжоннинг Келбажар туманида олти ойдан бери тўқнашувлар давом этмоқда. Бу ердаги доимий кескинлик авваллари тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси назоратида бўлган Келбажар тумани 2020 йилги урушдан кейин Озарбайжонга ўтгани, натижада Арманистон ва ТҚР ўртасидаги маъмурий чегара деб ҳисобланадиган жойда, Арманистон-Озарбайжоннинг давлатлараро чегараси пайдо бўлгани билан юзага келди.

Мазкур ҳудудда Қорабоғ урушидан кейинги биринчи жиддий воқеа 2021 йилнинг 12 май куни содир бўлган — ўшанда Озарбайжон ҳарбийлари Қора кўл ҳудудига (арман тилида Сев Лич) кириб келган. Ереван воқеани «Арманистон суверен ҳудудига тажовуз» деб атаган ҳамда Москва ва КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилган.

28 июлда ҳам Арманистон ва Озарбайжон чегарасидаги зиддият янгидан авж олган. Ереван Озарбайжон кучлари тўлақонли жанговар ҳаракатлар бошлагани ҳақида, Боку эса Арманистон томонидан ўқ узилгани ҳақида хабар берган. Ереван хабарига кўра, отишмада уч киши ҳалок бўлган, тўрт киши яраланган. Боку икки ярадор ҳақида маълум қилган.

Ҳозирги тўқнашувлар бошланишидан олдин томонлар бир-бирини провокацияда айблади. Можаро бошланишидан бир кун аввал Никол Пашинян Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Озарбайжон ҳаракатларини босқинчилик деб баҳолади ва шу муносабат билан мудофаа вазири Аршак Карапетянни истеъфога чиқариш ташаббуси билан чиқди. Унинг ўрнига бош вазир ўринбосари, ҳукмрон «Фуқаролик шартнома» партиясини бошқарадиган Сурен Папикян тайинланди.

Май ойидан бери Боку икки давлат ўртасидаги янги чегара делимитация ва демаркация қилинмагунча, унинг қаердан ўтганини аниқ айтиш мумкин эмаслигини таъкидлаб келади ва олти ойдан ортиқ вақт ўтдики, ўз қўшинларини минтақадан олиб чиқишдан бош тортади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Арманистон-Озарбайжон чегарасида яна тўқнашувлар кузатилди. Асосий маълумотлар