00:47 / 07.01.2022
4 730

Олмаотадаги намойиш гувоҳлари: «Кимдир машинада қурол олиб келди, ташлади ва кетди»

Олмаотадаги намойиш гувоҳлари: «Кимдир машинада қурол олиб келди, ташлади ва кетди»
Abduaziz Madyarov / AFP / Scanpix / LETA
Қозоғистонда бир неча кундан буён намойишлар тўхтамаяпти. Охирги кунларда мамлакатдаги вазият бир неча марта ўзгарди. Намойишчилар аввалига Нурсултон Назарбоев ҳамда ҳукумат истеъфосига эришди. 5 январь куни кечга яқин бутун Олмаотани назорат қила бошлагандек кўринишди. Бироқ кейинроқ ҳарбийлар шаҳарга қайтиб, «аксилтеррор операцияси» ўтказа бошлашди. Намойишлар вақтида 18 нафар ҳарбий, ўнлаб намойишчилар ҳалок бўлгани хабар қилинди. «Медуза» сўрови билан маҳаллий журналист Айсулу Тойшибекова мамлакатдаги вазият ҳақида репортаж тайёрлади.

5 январь куни соат 15:00лар атрофида танишим билан уйдан чиқдим-да, туман бўйлаб юриб нималар бўлаётганини билишга ҳаракат қилдим. Кўчада одам кўп, дўконларда навбат, нон тугаган эди. Намойишчилар урна, челак ва бетон тўсиқ бўлакларини ташлаб, катта чорраҳаларни ёпишга уринарди. Дўконлар, бозорлар ва одатда овқат етказиб берувчи сервис скутерлари билан гавжум бўладиган KFC ёпиқ эди. Бир неча квартал нарида полиция машиналари ёнар, ҳарбий «КамАЗ» эса ғилдираги тешилиб, бир аҳволда турарди. Намойишчилар унга «Қозоқ» деб ёзиб кетганди. Икки соат аввал худди шу ерда намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар кузатилган. Улар одамларни Олмаотанинг асосий майдони – Астана ҳамда Мустақиллик майдонига ўтказмасликка ҳаракат қилган.

Ёнимиздан навбатдаги эркаклар ва оз сонли аёллардан иборат намойишчилар яёв ўтиб кетди. Бир неча машина қарама-қарши йўналишдан келаётган машиналар ҳаракатига йўл қўймаслик учун одамларнинг олдида борарди. Яна баъзи машиналар чорраҳаларни ёпишга сафарбар қилинган. Кимдир жим кетар, кимдир «Олға, Қозоғистон!» деб бақирарди.

Йўловчилар намойишчиларни телефонда суратга олаётганда улар камерага олмасликни сўрашди. Йўл йўлакай эса қўлларидаги таёқлар билан учраган назорат камераларини синдириб кетишди.

«Чол, кет»
5 январь куни кечга яқин интернетни ўчиришди, ҳатто кабелли провайдерлар ҳам ишламай қолди. Такси сервислари ҳам муаммо билан ишлай бошлади. Шу сабаб кўчага чиқдик-да, қўл кўтариб такси тўхтата бошладик. Ҳайдовчи 2 минг тенгега (5 доллар) Республика майдонига олиб боришга рози бўлди.

Биз юрган йўлда айтарли воқеа юз бермади, шу сабаб манзилга тез етиб бордик. Ҳайдовчи бизни майдоннинг олдигача олиб борди. Шу тариқа камида уч минг одам тўпланган намойиш орасига тушиб қолдик. Ёнимизда ёнаётган Олмаота ҳокимияти турарди. Майдонда Қозоғистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб илинган байроқлар ҳилпирамоқда. Мустақиллик монументи олдида жуда кўп намойишчилар тўпланди. Йўлнинг нариги томонида эса яна бир гуруҳ йиғилган. Кимлардадир зирҳли кийим, каска, ҳимоя ниқоблари бор эди. Бургут овчилари ҳам қўлига қушини қўндириб келган.

Олмаота ҳокимиятидаги ёнғин. 2022 йил 5 январь
Валерий Шарифулин / ТАСС / Scanpix / LETA

Хуллас, майдонда ҳаммани кўриш мумкин эди. Фақат полиция ва ҳарбийлардан ташқари. Намойишчилардан бирининг айтишича, ҳарбийларни умуман кўришмаган: «Улар фақат ана у ерда (президент резиденциясига ишора қилиб) отишяпти, холос». Шу вақт майдонда ўзига хос йўлак пайдо бўлди ва бир киши айнан қароргоҳ томон боришга ундади.

Одамлар жўшқин кайфиятда резиденция томон отланди. Унга яқинлашган сари ўқ овозлари баландроқ ва тиниқроқ эшитилди. Кўчалар қоронғи, чироқлар ўчганди. Ягона ёруғлик манбайи одамлар исиниш учун ёққан гулхан ва кам сонли одамларнинг машинаси чироқлари эди.

Бир вақт одамлар «Шал, кет» (Чол, кет) деб бақириб қолишди. Бунга жавобан ўқ отилди. Кўпчилик майдон томон қочди, биз ҳам. Чорраҳаларда ҳам одам кўп, намойишчилар қўлбола тўсиқлар ясаб олганди. Ўқ овози эса тинмади. Овоз яқинлашган сайин биз ҳам узоқлашавердик.

Олмаота кўчаларидаги намойишчилар. 2022 йил 5 январь
Yerlan Dzhumayev / ТАСС / Scanpix / LETA

«Уларни урманг, улар ҳам биз каби одам»
Одамлар галаси билан бирга майдон томонга қайтдик. Кимдир шунчаки нима бўлаётганини билиш учун кўчага чиққан, кимдир бир неча соатдан бери кўчада эди. Шу вақт Назарбоев проспектидаги уйлардан бирининг деразасидан бир аёл намойишчиларга қараб бақирди: «Тарқалинглар, шовқиндан бола ухлата олмаяпмиз». Одамлар эса унга яхшиси намойишга қўшилишини айтишди.

Майдондан узоқлашган сари одамлар камайиб борарди. Кўчада Назарбоев проспекти деган ёзув тахтаси ётибди. Бу вақтда Толдиқўрғонда Назарбоевнинг ҳайкалини ҳам йиқитишди. Нариги кўчада эса майдондан бир соат олдин қайтган йигит-қизларни кўрдик. Улар бугун биринчи марта намойишларга қўшилган.

Ўша йиқитилган ҳайкал. Фото: Ateo Breaking
Мен билан гаплашган қизнинг айтишича, одамлар Олмаота ҳокимиятини қўлга олган вақтда намойишларга қўшилган: «Тўғриси, жуда қўрқдим. Чунки у ерда агрессия бор эди. Аммо бу, нима десам экан, инсонийликка қарши бормаган ҳолатдаги агрессия эди. Ҳа, одамлар режимдан ғазабда бўлса-да, бир-бирларига меҳрибон эди». Қизнинг айтишича, унинг кўз олдида ҳокимият биносидан оз сонли ҳарбийларни олиб чиқиб ташлашган.

«Ҳарбийларни урганлар ҳам бўлди. Одамлар эса «Урманг, улар ҳам биздай одам, фақат буйруқни бажаришган», дейишди. Яраланган намойишчи ва аскарларни одамлар ўз машинасида касалхонага олиб кетди. Митинг жуда яхши ташкиллаштирилганди, одамлар бир-бирига қўполлик қилмади, холис бўлишди, талончиликка йўл қўйилмади», дейди намойишчи қиз.

Yerlan Dzhumayev / ТАСС / Scanpix / LETA
Унинг айтишича, одамлар дўконларни талаши MonAmie косметика дўконига бостириб киришгандан сўнг бошланган: «Бир одам дўкондан нарсалар ола бошлаганда қолганлар керак эмас, деб бақиришди. Кейин кўпчилик ўзини дўконга урди. Кимлардир қурол олиб кела бошлаганда биз кетишга қарор қилдик. Бу ҳолат менга жуда шубҳали кўринди: кимдир машинада қурол олиб келди, ташлади ва ҳеч нима демай кетди. Одатда машиналар ярадорларни олиб кетгани келаётганди», дейди исми шартли равишда Нозгул деб ўзгартирилган қиз.

Гувоҳ қизнинг айтишича, намойишлар ҳозир кўпчилик тасвирлашга уринаётгандек ёввойиларча ўтказилмаган: «Кўпчилик ваҳшийларча намойишлар қилингани ҳақида гапирмоқда, лекин бундай бўлгани йўқ». «Бизни тамаки ва сомса билан меҳмон қилишди», дейди яна бир йигит.

Айнур исмли яна бир олмаоталик қиз 4 январь куни уйининг ёнидан минглаб одамлардан иборат намойишчилар ўтгани, онаси ҳам уларга қўшилмоқчи бўлганидан хавотирга тушганини айтди. Кейин эса қизнинг ўзи намойишларга қўшилишга қарор қилган:

«Бугун уйғондим-да, ортиқ уйда ўтириб бўлмайди, бутун Қозоғистон чиқди, дедим. Биринчидан, биз дўстларимиз билан доим ўзгариш кераклиги ҳақида гапириб келамиз. Мен ҳам ўз фуқаролик позициямни билдиргим келди. Иккинчидан, кўчага чиққанлар оломон экани, ҳайвон каби ўзини кўрсатаётганини айтишди. Бундай эмаслигини ўз кўзим билан кўргим келди. Ва амин бўлдимки, бу одамлар шунчаки умргузаронликни эмас, нормал ҳаётни талаб қилишмоқда. Ҳозир тарихий лаҳзалар кетмоқда. У нима билан якунланишидан қатъи назар бурилиш нуқтаси бўлади».

* * *
5 январь куни кечқурун Олмаотада «аксилтеррор амалиёт бошланди». 6 январь тонгида ҳокимлик биноси қаршисидаги Республика майдонида юзлаб ҳарбийлар ва қуролланган намойишчилар ўртасида отишма бошлангани хабар қилинди. Шаҳар полицияси маълумотига кўра, 6 январга ўтар кечаси митингнинг ўнлаб иштирокчилари ўлдирилган (қурбонларнинг аниқ сони бўйича рақамлар келтирилмади), полиция маъмурий бинолар ва полиция департаментини қамал қилганларга ўқ узилганини маълум қилган. Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида камида 18 нафар полициячи ҳалок бўлган.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Қозоғистонга ўз ҳарбийларини юборган. «Тинчликпарвар контингент» таркиби асосан россиялик ҳарбийлардан иборат. Қозоғистон ҳукумати интернетни блоклашда давом этмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Олмаотадаги намойиш гувоҳлари: «Кимдир машинада қурол олиб келди, ташлади ва кетди»