1 857
«Украина ядро қуроли бор агрессорга қандай хавф туғдирсин?» – НАТО Россияга яна «йўқ» деди
Фото: Getty Images
Брюсселдаги НАТО штаб квартирасида икки йил ичида илк марта Россия – НАТО кенгаши йиғилиши ўтказилди. Уч соат давом этиши кўзланган музокаралар тўрт соатга чўзилиб кетди. Учрашув якуни бўйича маълумот берган НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ҳам, Россия ТИВ ва мудофаа вазирлиги ҳам Европада янги конфликт юзага келиши хавфи борлигини инкор этишмади.
Россия ва Ғарб давлатлари ўртасидаги хавфсизлик масаласида учта учрашув ўтказилиши белгиланганди ва Брюсселда уларнинг иккинчиси ўтди. 10 январ куни Женевада АҚШ ва Россия ўртасида музокаралар ўтказилганди, бугун, 13 январ куни ЕХҲТ доирасида Венада учинчи учрашув бўлиб ўтди.
Брюсселда Россия делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Гришко ҳамда мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин раҳбарлик қилди. АҚШ делегациясига эса Женевада бўлгани каби давлат котибининг биринчи ўринбосари Уэнди Шерман бош бўлиб, унга кўплаб юқори мансабли дипломатлар ҳамроҳлик қилди. Йиғилишни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг бошқарди.
Йиғилишда кўп гап айтилди, лекин асосий бўладиган гап НАТО бош котиби Йенс Столтенберг тилидан чиқди. «Биз Украина альянсга кирмаслиги бўйича кафолат бермаймиз», деди бош котиб Россия талабларига жавобан.
Москва иддао қилаётган асосий талаб – айнан Украина ва Грузиянинг НАТО кирмаслиги бўйича юридик кафолат ҳисобланади.
Йиғииш якуни бўйича НАТО бош котиби брифингда иштирок этди. Кейинроқ Россия ТИВ баёноти ҳам эълон қилинди.
Столтенберг нима деди?
«НАТО сафига кирувчи иттифоқчилар ва Россия ўртасида фикрий қарама-қаршилик мавжуд. Буни бартараф этиш осон бўлмайди, лекин мулоқотга киришиш шарт. Биз давлатларнинг альянсга аъзо бўлиши масаласида фундаментал принципларимизда собит қолган ҳолда компромиссга бормоқчи эмасмиз. Ҳамма альянсга кириш-кирмаслигини ўзи ҳал қилади», деди НАТО бош котиби.
Столтенберг Россияга қарши кескин фикрлар ҳам билдирди.
«Россия аскарлари Грузия, Украина, Қрим ва Молдовада бу давлатларнинг розилигисиз бўлиб турибди. Россия Европа давлатларида кимёвий қуролдан фойдаланяпти ва мамлакат ичкарисидаги демократик мухолифатни бўғмоқда», деди у.
Альянс бош котиби Европада янги қуролли низо эҳтимоли борлиги ҳақида гапирди.
«Европада янги қуролли тўқнашув хавфи пайдо бўлган. Айнан шу хавфни бартараф этиш учун тўпланганмиз. Россия билан ядро сиёсати, ракеталарни биргаликда чеклаш каби мавзуларда муҳокамалар тарафдоримиз. Россияга улар куч ишлатса, иқтисодий ва сиёсий босимга учраши бўйича сигнал юборганмиз. Биз ўз иттифоқчиларимизни ҳимоя қиламиз», деди Столтенберг.
«Россия – агрессор»
НАТО бош котиби Россия Украина ёки бошқа бирор давлатнинг альянсга киришига вето (чеклов) қўйишга ҳақли эмаслигини эслатди.
«Россия Украинанинг НАТОга киришига вето қўйиш ҳуқуқига эга эмас. Бу борада альянс аъзолари якдил фикрда. Шу сабабли, Киевга ёрдам кўрсатишга тайёрмиз. Ҳамма ўз йўлини мустақил танлашга ҳақли. Украина қачон НАТОга киришга тайёр бўлишини фақат Украина ва альянсдаги 30 иттифоқчи ҳал қилади, бошқа ҳеч ким.
Россия Украинага қарши аллақон куч ишлатиб бўлди. 2014 йил Қримни босиб олди, энди эса Донбассни босиб олишга уринмоқда. Украина Россия учун хавф туғдирмайди. Россия – агрессор, Россия – кучли ядро қуролига эга давлат ва айнан Россия ҳозирги инқироз ҳолатини юзага келтирди. Украина ўзини мудофаа қилишга ҳақли ва НАТО ташкилот сифатида бу борада ёрдам беришга тайёр. Россияга Украинага қарши яна бир бор куч ишлатадиган бўлса, у ерда сафимизни кенгайтириш ҳақида янада жиддийроқ ўйлашга мажбур бўламиз. Биз Украина ва Европада хавфсизлик масаласида жиддий гаплашиб олдик», деди Столтеньерг.
НАТО бош котиби ракеталарни чеклаш масаласига ҳам тўхталди.
«Мулоқот давомида кенг доирадаги қатор учрашувларда иштирок этишга тайёр эканимизни билдирдик. Хусусан, Европада ракеталарни чеклаш бўйича ҳам. Бу таклифимиз Россия томонидан илиқ кутиб олинди, лекин улар аниқ жавоб айтиш учун вақт керклигини айтишди.
НАТО иттифоқчилари [Россия билан] фуқаролик ёки ҳарбий мулоқотни доимий йўлга қўйишни истайди. Шунингдек, Москва ва Брюсселдаги миссиялар фаолиятини тиклашга ҳам қарши эмасмиз. Москва НАТО қошидаги дипломатик миссияси ва НАТОнинг Москвадаги оффисини ёпганидан афсусдамиз», деди НАТО бош котиби мулоқотдан кейинги брифингда.
Америка томони нималар деди?
Женевадаги АҚШ – Россия музокараларида ҳам қатнашган АҚШ давлат котиби ўринбосари Уэнди Шерман Брюсселдаги музокараларда Россия томонидан ҳеч қандай янгилик эшитмаганини айтди. У Россиянинг баъзи талабларини умуман қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлади.
«Эшикларимиз мулоқот учун очиқ», деди АҚШ вакили НАТО бош котибидан кейин сўз олар экан.
АҚШ вакили Россиянинг Украинага бу галги бостириб кириши 2014 йилдагига қараганда жиддийроқ оқибатларга олиб келишини, бундай эҳтимолда «Шимолий оқим-2» очилиши имконсиз бўлишини таъкидлади. Шерман хоним Россия билан қуролланишга қарши кураш ва конфликтларни ҳал қилиш борасида ҳамкорлик қилиш имкони борлигини айтиб ўтди.
Олдинроқ АҚШ сенати Россия Украинага бостириб кирган тақдирда Россияга қарши қўлланиши мумкин бўлган санкциялар ва Украинага кўрсатилажак ҳарбий ёрдам бўйича қонун лойиҳасини тақдим этганди.
Фомин, Грушко ва Столтенберг музокаралар олдидан / Getty Images
Москва нима демоқда?
Россия мудофаа вазирлиги ўз вакили Александр Фоминнинг йиғилишда сўзлаган нутқининг айрим қисмларини келтирди. Кейинроқ ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Грушко Брюсселда матбуот анжуманида иштирок этди. Россия вакилларининг иккиси ҳам Европада қуролли тўқнашувлар бўлиши эҳтимолини рад этмади.
«Россия ва НАТО ўртасидаги муносабатлар хавотирли даражада ёмон ҳолатда. Москванинг деэскалация бўйича берган таклифлари рад этилди. Бу эса можаролар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин», деди Россия мудофаа вазирлиги вакили.
Йиғилишда Россия манфаатларини ҳимоя қилган икки вакил ҳам мамлакатнинг охирги вақтларда айниқса кўп қистаётган иддаоси бўлмиш хавфсизлик кафолати ҳақида гапирди. Грушко НАТО шарққа қараб кенгаймаслиги бўйича Россияга ҳуқуқий кафолат тақдим этиши кераклигини, Фомин эса бу келишув қисқа муддатларда тайёрланиши лозимлигини таъкидлади.
Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Россия Украинанинг НАТОга кириши танлов эркинлиги деб эмас, бевосита Россия хавфсизлиги масаласи деб ҳисоблашини билдирди: «Бу бизнинг хавфсизлигимизга жиддий таъсир қилади ва кейинчалик қарши туришга мажбур бўладиганимиз хатарли ҳолатларни келтириб чиқаради».
Александр Грушконинг айтишича, россиялик музокарачилар вазият бу тарзда давом этса, Европа хавфсизлиги учун «оғир оқибатлардан огоҳлантирган». Россия ТИВ вакили бундай очиқ ва ўткир музокараларда қачон иштирок этганини эслолмаслигини қайд этди. «Дилдан суҳбат бўлгани»га ишончи комил бўлган Россия вакилининг сўзларига кўра, улар НАТО вакилларига вазият қанчалик кескин эканини тушунтириб бера олишган.
Учрашувгача нима дейишганди?
Музокаралардан аввал НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россия хавфсизлик масаласида мулоқотга тайёрлигидан хурсандлигини, Россия билан келишиш мумкинлигини айтганди. Дипломат Норвегия бош вазири бўлган вақтда Россия билан келишиш мумкинлигига гувоҳ бўлганини эслаганди ҳам.
Россия ТИВ вакили Александр Грушко эса бўлажак музокаралар жиддий ва очиқ бўлишини айтиб, «ҳақиқатни тан олиш вақти келгани»ни таъкидлаганди. Унинг фикрича, НАТОдагилар альянснинг Россия томон кенгайиши жиддий муаммо эканини энди англаб етган.
10 январ куни Россиянинг Украина НАТОга кирмаслиги бўйича юридик кафолат сўраётгани бўйича Женевада АҚШ – Россия форматида учрашувлар ўтказилди. Унда АҚШ вакили бундай кафолат берилмаслигини очиқ айтганди. Олдинроқ Жо Байден Россияни Украинага навбатдаги марта бостириб киришга уринаётганини айтган, Путин эса мамлакати хавфсизлиги учун ҳарбий куч ишлатишга ҳам тайёрлигини маълум қилганди.
Шуниндек, серияли учрашувлар бошланиши олдидан АҚШ Давлат департаменти вакиллари Россияни СССРни тиклашга уринишда айблаган бўлса, Россия ТИВ НАТО 1997 йилдаги ҳолатига қайтиши кераклигини айтганди.
Россия нималарни талаб қилмоқда?
Россия армиясининг 100 мингга яқин аскарлари мамлакатнинг Украина билан чегарасига тўпланаётгани ҳақида хабарлар тарқала бошлагач, Украинага навбатдаги босқин амалга оширилиши бўйича аввалига миш-мишлар, кейинроқ расмийларнинг баёнотлари чиқа бошлади. Чегарада қўшин тўплаётганини рад этмаган Москва НАТОдан (аслида АҚШдан) Украина ва Грузия ҳеч қачон альянс аъзосига айланмаслиги бўйича ҳуқуқий кафолат талаб қилди.
Шунингдек, Россия НАТОга аъзо давлатлар Шарқий Европа, Кавказорти ва Марказий Осиёда ҳеч қандай ҳарбий амалиёт амалга оширмаслиги кераклигини талаб қилди. Бу талаблар доирасида Россия НАТО аъзо давлатлари ҳудудигача етиб бориши мумкин бўлган яқин ва ўрта масофадаги ракеталар машғулотини тўхтатишга тайёрлигини билдирди.
Россиянинг талабларига жавобан АҚШ ва НАТО вакиллари альянсга аъзо бўлиш ҳар бир давлатнинг ўз иши экани, ҳеч ким учун қарор чиқарилмаслигини таъкидлади. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг муаммони музокаралар столига ўтирибгина ҳал қилиш мумкинлигини айтган ва 12 январдаги учрашув вақтини ўзи белгилаганди. Учрашувлардан олдин эса НАТО бош котиби Россия Украина билан чегарада қўшин йиғишда давом этаётганини айтиб, бу агрессив ҳаракатларнинг жавоби борлигини эслатганди.
GETTY IMAGES
НАТО – Россия кенгаши нима ўзи?
Ушбу кенгаш 2002 йил хавфсизлик ва мудофаа масалаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ташкил этилган. 2008 йилда илк марта муносабатларга дарз кетиб, кенгаш фаолияти тугатилади, чунки Россия – Грузия урушини НАТО Россиянинг Грузияга агрессияси деб қабул қилганди. Орадан ярим йил ўтиб кенгаш вазирлар даражасида қайта тикланди.
2014 йил Россия Қримни ўз сафига қўшиб олгач, муносабатлар янада ёмонлашди. НАТО Россия билан ҳарбий ва фуқаролик мулоқотларини номаълум муддатга тўхтатди, Россия совуқ уруш давридан буён илк марта НАТО саммитига чақирилмади.
НАТО – Россия кенгаши йиғилиши охирги марта 2019 йил ўтказилганди. 2021 йилга келиб томонларнинг муносабатлари яна ёмонлашди. Октябр ойида Россия Украина чегарасида қўшин тўплаётгани сабаб мамлакатнинг НАТОдаги миссиясидан 8 дипломат Россияга қайтариб юборилди, яна 2 лавозим оптималлаштирилди. Ишдан кетган россиялик дипломатларни Столтенберг Россия разведкасининг эълон қилинмаган ходимлари деб атаганди.
Брюсселдаги учрашувлардан кейин эса Столтенберг НАТО Москвада ваколатхонасини қайта очишга тайёрлиги, Брюсселдаги Россия ваколатхонаси ҳам ҳеч қандай қўшимча шартларсиз очилиши мумкинлигини таъкидлади. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас