Фото: REUTERS/Christian Mang 10 / 16
Коллектив Ғарбнинг Украина инқирозига дипломатик йўл билан ечим топишга бўлган уринишлари ўз самарасини бермади. Россия халқаро ҳуқуқ нормаларига зид равишда ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олди. Энди нима бўлади?
Украинанинг Шарқий ва Ғарбий қисмларга бўлиниб кетиши
Россия ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш орқали улар ҳозиргача эгаллаб олган Украинанинг Донецк ва Луганск областларига тегишли ерларни мустақил давлат ҳудуди сифатида қабул қилди. Аммо ЛХР ва ДХРнинг аниқ белгиланган маъмурий чегаралари мавжуд эмас. Бу эса айирмачилар томонидан чегарани кенгайтириш борасидаги ҳаракатлар бошлаши эҳтимолини инкор этмайди.
Ғарбнинг пассив реакцияси (Иккинчи жаҳон урушидан аввалги Буюк Британия бош вазири Чемберленнинг Германияни «тинчлантириш» сиёсати каби) ва Россиянинг фаол ва агрессив қўллаб-қувватлаши айирмачилар томонидан Шарқий Украинанинг тўлиқ эгаллаб олинишига (Днепр дарёси чегара ҳудуд бўлиши мумкин) замин яратиши мумкин. Ўрта ва узоқ муддатли истиқболда Россиянинг империалистик тажовузлари давом этадигандек гўё. Чунки Путин орқага чекиниш ҳақида ўйлаб ҳам кўргани йўқ. Бу қуйидаги оқибатлар билан характерланади.
Биринчидан, Ғарбий Украина шарқдаги табиий ресурсларсиз (Донецк ва Луганск кўмир саноати марказлари ҳисобланади) барқарор иқтисодиёт барпо этиши имконсиз. Малакатдаги металлургия саноати ва энергетика тармоғи тўлиқ кўмир захираларига боғланган. Ҳарбий ҳаракатлар давом этиши эса 2014 йилда бошланган энергетика инқирозини янада кучайтиради. Натижада Ғарбий Украинадаги иқтисодий ҳолат кескинлашиб кетади.
Иккинчидан, Европа Иттифоқи томон мигрантларнинг янги оқими вужудга келиши мумкин. Бу эса ЕИ доирасида вазият кескинлашишига сабаб бўла бошлайди. Дастлаб, 2015 йилда юзага келган мигрантлар инқирози иттифоққа аъзо давлатлар қарашларидаги хилма-хилликни намоён этганди.
Германия қочқинларга жой бериш ва ҳар бир давлат уларни тақсимлаб олиши керак, деган фикрни илгари сурган бўлса, шарқдаги давлатлар, хусусан Венгрия бу таклифга кескин муносабат билдирди ҳамда Сербия ва Хорватия билан чегараларида тўсиқлар ўрнатди. Бу амалиётини Болгария Туркия билан чегарасида, Австрия Словения билан чегарасида, Шимолий Македония Греция билан чегарасида, Латвия Россия билан чегарасида такрорлади. Бу Европа мамлакатлари орасидаги геостратегик қарашларнинг бўлинишини кўрсатиб қўйди. Янги миграция оқими сабаб чегарасиз ташкилотда чегаралар пайдо бўла бошлайди ва бу ички низо кучайишига олиб келиши мумкин.
Россиянинг бевосита ҳарбий ҳаракатларга кириши
Яқин келажакда уруш бошланиши эҳтимоли кам. Кенг қамровли ҳарбий ҳаракатлар катта эҳтимол билан Донецк ва Луганск КХШТга киргач ёки Украина томондан чиндан ҳам Россия ҳудудига снаряд учиши сабаб бошланиши мумкин. Чунки Беларусь ҳам урушга қўшилиши учун КХШТга аъзо давлатлар ҳудудига таҳдид бўлиши керак.
Умуман олганда, Россия уруш қилмай туриб, катта ютуққа эришди. Демократия, либерализм ортидан эргашувчилар АҚШ ўз тарафдорларини оғир шароитда ташлаб кетишининг гувоҳи бўлишди. Америка президенти маъмурияти бу ишни дастлаб Афғонистонда қилди: НАТОнинг бошқа аъзолари билан келишмай туриб, ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетди.
Путин эса пандемиядан кейинги ҳукумат нўноқлиги туфайли шаклланаётган танг вазиятга Ғарбни айбдор қилиб кўрсатишда давом этади. Россия президентининг ички ва ташқи сиёсати бирлашиб кетган: ташқи сиёсатдаги муваффақиятлардан ички норозиликларни бартараф этиш воситаси сифатида фойдаланади.
Қрим сценарийси
Бу кўпроқ Ғарбнинг позициясига боғлиқ. Агар Россия ўз ҳудудини ДХР ва ЛХР билан кенгайтириб олишда жиддий қаршиликка учрамаса ва бу ҳудудларнинг аниқ административ чегаралари белгиланса, Қримдаги каби Донецк ва Луганскнинг эгаллаб олинган ҳудудларида референдум ўтказилиши ва Россия ҳудудига қўшиб олиниши мумкин.
Коллектив Ғарбнинг кескин чоралари
ДХР ва ЛХР мустақиллиги тан олишниши ортидан Германия «Шимолий оқим-2» газ қувури сертификациясини тўхтатиб қўйди. АҚШ Россия давлат қарзи ва банкларига қарши бирламчи санкциялар пакетини эълон қилди. Австралия, Канада ва Япония ҳукуматлари ҳам Россияга қарши чекловлар жорий қилди.
ОАВда энг қатъий сценарий бўйича янги санкциялар жорий этилиши ҳақидаги гаплар ҳам янграй бошлади. Булар: Россияни SWIFT (банклараро тўлов тизими)дан узишни, доллар транзакциялари ва давлат ташқи савдосига тақиқ қўйишни назарда тутади. Аммо коллектив Ғарбда бу борада ягона ёндашув маҳжуд эмасдек туюлмоқда. Франция ва Германия нисбатан юмшоқ стратегия қўллашни хоҳламоқда. Сабаби, Россияга қарши киритиладиган оғир иқтисодий чоралар (хусусан, Россия ташқи савдосига тақиқ қўйиш) Европа Иттифоқида энергетика ресурслари нархи кескин қимматлаб кетишига сабаб бўлади. Россия ЕИ газ импортининг тахминан 41 фоизи ва нефть хомашёси импортининг 27 фоизини таъминлайди.
Маълумот учун, «Шимолий оқим-2» орқали Россиядан Европага катта миқдорда газ экспорт қилиш кўзланган. У ҳали ишга тушгани йўқ ва бу айнан Германия бевосита назорат қила оладиган оператор ҳисобланади. Унинг охирги манзили ҳам айнан Германия. Россия гази АЭСларидан воз кечаётган Германия учун муҳим энергетик хомашё ҳисобланади.
Бундан ташқари, айни вазиятда Россияга нисбатан кескин чоралар кўрилмаса, НАТОга кейинчалик аъзо бўлган собиқ коммунистик блокдаги мамлакатлар Польша, Словакия, Венгрия, Руминия ва Болтиқбўйи давлатлари орасида ташкилотга нисбатан ишончсизлик пайдо бўла бошлайди.
Афғонистон сценарийси
Географик нуқтайи назардан Карпаторти уруш тақдирига энг катта таъсир қиладиган ҳудуд. АҚШ провакация қилиб, Россиянинг ушбу ҳудудга киришига (Россия қўшинининг чегара бўйлаб жойлашиши буни инкор этмайди) эришса, Афғонистон стратегиясини қўллаши мумкин.
Карпаторти Руминия билан туташган тоғли ҳудуд. Руминияда эса НАТО бемалол жойлашиб, украин жангчиларига ёрдам бериб тура олади. Ғарб Россиянинг Карпатортигача эгаллаб боришига тўсқинлик қилмайди. Тоғли ҳудудда боргач эса, украинлар партизан урушини бошлаши мумкин, худди афғон мужоҳидларидек. Натижада Путин Россиясининг иқтисодиёти «ухлайди».
Байден администрациясининг пассивлиги
Жо Байден администрацияси ҳукумат тепасига келганидан кейин ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда муваффақиятсизликка учради. Буни қуйидаги кейслар мисолида ҳам кўриб чиқиш мумкин:
- Хитой Тайванга жиддий хавф сола бошлади. Пекин Вашингтонни «ягона Хитой» тамойилига амал қилишга ва Тайван билан расмий алоқаларни тўхтатиш бўйича очиқча таҳдидли мурожаатлар қилмоқда;
- Шимолий Корея яна баллистик ракеталар синови ўтказишга зўр бера бошлади;
- Эрон бўйича «режалар» ва санкциялар деярли самара бермаяпти;
- Хитойнинг киберсалоҳияти ўсишига қаршилик қилмай қўйилди;
- Космик қуролли кучлар тузиш сиёсати сустлашиб қолди;
- Россияга «Шимолий оқим 2»ни қуришга рухсат берилди;
- Америка ҳарбийлари Афғонистондан муваффақиятсиз тарзда олиб чиқиб кетилди ва ҳукумат тепасига «Толибон» келишига қаршилик кўрсатилмади;
- Қўшма Штатларнинг ўзи Россиянинг нефть таъминотига қарам бўлиб қолди. Ваҳоланки, Вашингтон расмийлари Европа давлатларини «Шимолий оқим 2»дан воз кечишга зўр бериб чақиришаётганди. Баъзи манбаларга кўра, Россия биржада ёнилғи нархини 120 долларга чиққунча ушлаб тура олса, АҚШда инфляция 10 фоизгача чиқиб кетиши мумкин;
- Миграция бўйича ишлар издан чиқиб кетди. Мамлакат ичида жиноятчилик даражаси ошди, жанубий чегаралар орқали муҳожирларнинг назоратсиз оқими кучайди;
- Инфляция 40 йиллик рекордни янгилади ва йиллик ҳисобда 7,5 фоизгача тезлашди.
Энди юқоридаги баъзи ҳолатларни Украинадаги сиёсий инқирозга боғлашга ҳаракат қиламиз. Байден ҳукумати фискал сиёсатда хатолар қилди. Коронавирусга қарши турли чоралар билан аҳолини ҳимоя қилиш ва сайловдан кейин берилган ваъдаларини бажариш учун жуда катта миқдордаги пулни иқтисодга эмиссия қилиб юборди. Натижада, АҚШда инфляция ўсди. Инфляцияни жиловлашнинг энг тезкор, самарали ва синалган воситаси эса солиқларни ошириш. Аммо солиқлар пандемия даврида асоссиз оширилса, Байден администрациясининг обрўси тўкиларди (бу ҳар хил оқибатларга олиб келиши мумкин). Солиқларни ошириш учун эса Байденга баҳона керак эди. Шу сабабли Украина қурбон қилинмоқда. Россия Украина ҳудудларини босиб олган тақдирда ҳам НАТОга аъзо бўлмаган, АҚШдан узоқдаги бир давлат. Украина инқирози фонида Россия билан муносабатларнинг кескинлашиши баҳонаси остида ҳарбий хавф мавжуд деган важ билан солиқларни оширишга асос топилиши мумкин эди.
Бундан ташқари, уруш хавфи сабаб глобал бозорда саросима кучаяди. Бунинг оқибатида Қўшма Штатлар молия ва нефт-газ, олтин ва валюта бозорларида нархларни ўйнатиб, катта миқдорда маблағ ишлашга ҳаракат қилиши мумкин. Кредитлар қимматлашади, олтин нархи ҳам ошади.
Таъкидлаш керакки, ҳозирда дунёдаги энг кўп олтин захираларига эга давлат айнан АҚШ. Вазият қандай тугашидан қатъи назар, Қўшма Штатлар барибир ютади. Ўтган 60 йил ичида сиёсий можаро марказини (1961 йил Куба инқирози сабаб вазият кескинлашуви) ўз чегараларидан Россия чегарасига қадар олиб келиб қўйди.
Хулоса
Охирги йиллардаги НАТО ва Россия ўртасидаги зиддиятлар фонида Украина қурбон қилинмоқда. Украина геосиёсий жиҳатдан, НАТО ва Россия ўртасидаги буффер зонага айланиб қолди. На Россия билан муроса қилиб, алоқаларни илиқлаштиришни уддалади, на Ғарб давлатлари билан тўла-тўкис ҳамкорлик қилишга ўта олди.
Постсовет диёридаги ҳар қандай бошбошдоқликлар бевосита Ўзбекистонга ҳам таъсир ўтказади. Россия иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистоннинг иккинчи энг йирик ҳамкори ҳисобланади ва унинг янада оғирроқ Ғарб санкцияларига дучор бўлиши бевосита ҳам, билвосита ҳам Ўзбекистонга таъсир қилади. Биргина мигрантлардан келадиган трансчегаравий пул ўтказмалари камайиши аҳоли харид қувватининг сезиларли пасайиб кетишига олиб келиши мумкин.
Достон Аҳроров
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Шолц «тез орада» Путин билан гаплашишга тайёрлигини маълум қилди
Трамп АҚШ бош прокурори лавозимига конгрессмен Гетц номзодини илгари сурди
Реваншда ғалаба қозониш учун Тайсон Фьюрига нима керак?
1 декабрдан ичимлик ва оқова сув учун тўлов фақат электрон шаклда амалга оширилади