16:54 / 08.04.2022
1 530

Украинадаги вазият бўйича сўнгги маълумотлар: Песков «жиддий йўқотишлар» ҳақида гапирди

Украинадаги вазият бўйича сўнгги маълумотлар: Песков «жиддий йўқотишлар» ҳақида гапирди
Sergey Dolzhenko / EPA / Scanpix / LETA
Россия президенти матбуот котиби россиялик ҳарбийлар Украинада «жиддий йўқотишлар»га учраганини тан олди, Украина ҳукумати россияликлар Донецк ва Луганск областлари аҳолиси эвакуациясига халал бериш учун темирйўлга зарба берганини маълум қилди. Днепр мэри аёллар ва болаларни хавфсиз жойга кетишга чақирди, НАТО саммити иштирокчилари Украинага янада кўпроқ қуроллар етказиб беришни ваъда қилишди.

Песков - Россиянинг «жиддий йўқотишлари» ҳақида
Sky News нашрига берган интервьюсида Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Украинадаги «махсус амалиёт» давомида Россиянинг йўқотишлари сезиларли даражада бўлганини тан олди, аммо қандайдир рақамни келтирмади. «Бизнинг йўқотишларимиз сезиларли даражада. Ва бу биз учун улкан фожиа», деган у Британиянинг Sky News телеканалига берган интервьюсида.

Россия Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни уруш сифатида тан олмайди ва буни «махсус амалиёт» деб атайди. Шу вақтга қадар Россия ҳукумати ўз кучларининг йўқотишлари ҳақида гапиришдан сақланиб келарди.

Россия шаҳарларида ҳар куни Украинада ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг дафн маросимлари ўтказилмоқда. BBC ҳисоб-китобларига кўра, Россия регионлари расмийлари хабар берган қурбонларнинг 20 фоизи - офицерлардир.

Шахси аниқланган 1083 нафар қурбондан 217 нафари - мақоми кичик лейтенантдан генералгача бўлган офицерлардир. Бу BBC ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён Россия армиясидаги йўқотишларнинг тасдиқланган рўйхатидаги ҳарбий хизматчилар сонининг 20 фоизини ташкил этади.

Британия телеканалига берган интервьюсида Песков яна бир бор Россия Бучада тинч аҳолининг оммавий қирғин қилинишига алоқадорлигини тан олмаслигини такрорлади. Песковнинг фикрича - бу саҳна кўриниши бўлган. Кремль халқаро текширув ўтказилишини қўллаб-қувватлайди, аммо «халқаро тергов бўйича аччиқ тажриба»ни ёддан чиқармайди. Песков бу ўринда «Корея самолёти бўйича халқаро тергов»ни эслаб ўтган.

НАТОни Песков «тинчликпарвар альянс» эмас деб атади: «У дунёни қутблаштириш учун ташкил этилган ва унинг мавжудлигининг бош сабаби - Россия билан қарама-қаршилик».

Темирйўлга ҳужум ва Днепрдан эвакуация
Украина темирйўллари («Укрзализныця» АЖ) вакили мамлакат шарқидаги шаҳарлар тинч аҳолисини темирйўл орқали эвакуация қилиш ушбу ҳудуддан келувчи ягона тармоқ портлатилгани туфайли имконсиз бўлиб қолганини маълум қилди. Чоршанба куни Донецк ва Луганск областларининг Украина ҳукумати назоратидаги қисмлари расмийлари маҳаллий аҳолини ушбу ҳудудларни тарк этишга чақирганди, яқин вақтлар ичида бу ерда Россия қўшинларининг кенг кўламли ҳужуми бошланиши кутилмоқда.

«Душман Донецк темирйўлининг Барвенково станцияси яқинида авиазарба берди. Бу Славянск, Краматорск ва Лиман шаҳарларидан темирйўл орқали ягона чиқиш йўли ҳисобланади», дея ёзган Украина темирйўлларининг «Пассажирская компания» АЖ филиали директори Александр Перцовский фейсбукдаги саҳифасида.

Шу тариқа, унинг сўзларига кўра, Славянск ва Краматорскда учта эвакуация поезди блокланиб қолган. Бу вақтда Днепр мэри Борис Филатов Донбассдан келган одамларни шаҳарда қолмасдан, янада хавфсизроқ жойга кетишга чақирган.

«Донбассдаги вазият аста-секин қизиб бормоқда, апрель етарлича қизғин бўлишини тушунтириб турибмиз, шунинг учун барчадан илтимос қиламан, муҳим инфратузилмаларда фаолият юритмайдиган, саноат корхоналарида ишламайдиган, қўшимча қиймат яратмайдиган аёллар, болалар ва шаҳарни тарк эта оладиган кекса кишиларга нисбатан хавфсиз жойга кетишни тавсия қиламан», деган Филатов.

Кулеба НАТО давлатларини Украинага кўпроқ қурол беришга чақирди
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба НАТО мамлакатларини Украинага янада кўпроқ қурол беришга чақирди ва Донбасс учун жанг Иккинчи жаҳон уруши воқеалари каби бўлишидан огоҳлантирди.

«Сиз ёки ҳозир ёрдам берасиз - мен шу кунлар ҳақида айтяпман, ҳафта эмас - ёки сиз ёрдам жўнатганингизда жуда кеч бўлади. Ва кўплаб одамлар ҳалок бўлади, кўплаб тинч аҳоли вакиллари ўз уйларини йўқотади, кўплаб қишлоқлар ер билан битта бўлади. Ёрдамингиз жуда кеч бўлгани учун», деган Кулеба Брюсселда Шимолий Атлантика альянси саммитидаги чиқишида.

У Украина Европани Россия гази ва нефтидан бутунлай воз кечишга ундашда давом этишини қўшимча қилган. Альянс раҳбари Йенс Столтенбергнинг сўзларига кўра, НАТО Украинага ҳарбий ёрдам ҳажмини оширади, у Киевга қурол етказиб берилишини ваъда қилди, аммо айнан қандай қуроллар ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмади.

Столтенберг дунё Украинадаги можаро чўзилишига тайёр бўлиши кераклигини қайд этди. НАТО бош котиби сўзларига кўра, уруш ҳафталар, ойлар ва ҳатто йиллар мобайнида давом этиши мумкин.

Жен Псаки: Украинада Россиянинг ҳар бир танкига 90 та танкка қарши тизим бўлади
Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки кечқурунги брифинг чоғида АҚШ келгусида ҳам Украинага қурол етказиб беришда давом этишини маълум қилди.

«Қурол етказиб бериш деярли ҳар куни амалга оширилмоқда. Икки кунгина олдин биз 100 млн долларлик қуроллар етказиб берилиши тўғрисида эълон қилдик - булар украинлар россияликлар билан курашда самарали фойдаланаётган ва уларга ўз мамлакатини ҳимоя қилишда қўл келаётган «Жавелин»лар», деган у.

«АҚШ Россиянинг бир танкига қарши Украинага 10та танкка қарши қурол етказиб бермоқда», деган у. Унинг сўзларига кўра, агар АҚШнинг барча иттифоқчиларининг ҳиссаси қўшилса, Ғарбнинг Россия танкларига қарши етказиб берадиган танкка қарши тизимлари сони 90 га 1 нисбатида бўлади.

«Украина етакчилари уларга қандай тизимлар кераклигини айтишмоқда. Улар рўйхатларни тақдим этишмоқда. Биз нима беришимиз мумкинлигини билиш учун бу рўйхатларни кўриб чиқамиз. Биз уларнинг сўровларининг аксарини қаноатлантирмоқдамиз», деган у.

Австралия Украинага 20 та жанговар зирҳли транспорт воситаларини етказиб беради

Австралия Киевдан бўлган сўровга жавобан Россия босқинига қарши туриш учун Украинага ўз ҳудудида ишлаб чиқарилган Bushmaster русумли 20та жанговар зирҳли транспорт воситасини тақдим этади.

Украина президенти Володимир Зеленский 31 март куни Австралия парламентига мурожаатида «Россияга қарши урушда шошилинч ёрдам» сўраганди.

Австралия мудофаа вазири Питер Даттон унинг мамлакати украинлар президентининг «бу чақириғига жавоб қайтариши»ни маълум қилди.

Bushmaster ўз салонидаги ҳарбийларни миналар ва бошқа кичик ва ўрта қувватдаги портловчи қурилмалардан, шунингдек артиллерия ва ўқотар қуроллардан отилган снаряд парчаларидан ҳимоя қила олади.

Ушбу транспорт воситаси ўз ичига 10 нафар ҳарбий хизматчини сиғдириши мумкин, уч кунга қадар автоном режимда ҳаракатлана олади.

Хабар қилинишича, махсус жиҳозланган ва Украина байроғи рангларига бўялган машиналарнинг дастлабки тўрттаси жума куниёқ Квинсленд штатидан йўлга чиқади.

Британия: Украинадаги урушнинг янги босқичи бошланди
Украинадаги уруш «янги, бошқа фаза»га кирган, дея маълум қилди Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс НАТО бўйича ҳамкорлар билан маслаҳатлашувдан кейин.

У бугунги кунда Британия альянс Украина мудофаасига ёрдам бериш бўйича келишиши ортидан Россиянинг нисбатан концентрацияланган (кучлар бир йўналишга жамланган) ҳужумига гувоҳ бўлаётганини айтиб ўтган.

«Путин тактикани ўзгартирди, аммо унинг нияти аввалгидек - бутун Украина устидан назоратни қўлга олиш», дейди Трасс хоним.

Форин-офис раҳбари Британия Украинага ёрдам ҳажмини оширишини қўшимча қилган - бу айнан қандай даражада бўлиши энди ҳал қилинмоқда.

Британия разведкаси маълумотларига кўра, айни вақтда шимолдаги Россия қўшинлари тўлиқлигича Украинадан Беларусь ва Россияга ўтказилган. Бу қўшинларнинг бир қисми Украина шарқига, Донбассдаги ҳарбий ҳаракатлар учун ташланади.

Шарққа жўнатишга тайёр бўлиши учун бу қисмларнинг катта қисмини жиддий тўлдириш талаб этилади. Шимолдаги кучларни оммавий равишда шимолдан қайта дислокация қилиш учун камида бир ҳафта вақт кетади.

Шарқ ва жанубда шаҳарларни ўққа тутиш давом этмоқда, Россия ҳарбийлари стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган Изюм шаҳридан жануб томон силжишда давом этмоқда.

ЕИ Россияга қарши янги санкцияларни маъқуллади
ЕИнинг 27 мамлакати вакиллари Россияга қарши янги санкциялар пакетини маъқуллади, аммо тафсилотлар кейинроқ эълон қилинади.

ЕИ давлатлари раҳбарлари янги ҳужжатларга имзо чекишгач, Евроиттифоқ Россия кўмиридан босқичма-босқич воз кечиш, Россия ва Беларусдан юк машиналари ва денгиз портлари орқали юк ташишни чеклаш, ароқ ва икра импортини тақиқлаш, технологиялар ва қурилмалар экспортига тақиқларни кучайтириш, шунингдек айрим давлат банклари активларини музлатишни бошлайди. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинадаги вазият бўйича сўнгги маълумотлар: Песков «жиддий йўқотишлар» ҳақида гапирди