Севимли резаворлар ва мевалар, тўғридан тўғри томорқадан териб олинган сабзавотлар ва ҳатто янги сут ва дудлаш учун гўшт: кутилган пикник муаммога ва ундан ҳам ёмонроқ фожиага айланмаслиги учун хавфсизлик чоралари ва гигиена қоидаларига риоя қилиш керак.
Ёзги овқатдан заҳарланиш ҳақида гапирганда биринчи навбатда қўзиқорин билан заҳарланиш хаёлга келади. Аммо ҳатто биз хавфсиз ва фойдали ҳисоблаган овқатлар ҳам жиддий соғлиқ муаммоларига олиб келиши мумкин. Қайси ёзги маҳсулотлардан эҳтиёт бўлишингиз кераклигини билиб олинг.
Томорқадан териб олинган резаворлар ва сабзавотлар
Ёзнинг завқли ишларидан бири — эрталаб боққа югуриб чиқиб, барра бодринг, помидор ёки пишган қулупнайни танлаб, дарҳол ейиш. Эҳтиёт бўлинг! Ёзги овқатдан заҳарланишнинг деярли ярми янги сабзавот, мева ва резаворлардан келиб чиқади. Ейишдан олдин уларни яхшилаб ювиб ташланг! Эсингизда бўлсин: очиқ ҳавода ўсадиган сабзавот ва мевалар кўплаб бактериялар манбаидир.
Кўкатлар
Исмалоқ ёки салат барги, яшил сабзавотлар ёзда қуёшда қолган гўштдан кўра хавфлироқдир: озиқ-овқат заҳарланишининг энг кенг тарқалган сабабларидан бири бўлган одам норовируси бу сабзавотларнинг кенг, салқин баргларини афзал кўради. Бундан ҳам ёмони, у салат ёки исмалоқда бир неча кун туриши мумкин. Уларни иссиқлик билан ишлов бермасдан туриб ишлатганда заҳарланиш хавфи ортади. Салат баргларини жуда эҳтиёткорлик билан ювинг ёки яхшиси, устидан қайноқ сув қуйинг.
Микрокўкатлар
Салатлар ва овқатларга ажойиб қўшимча, тўғрими? Шунингдек, у листерия ва E.cоli’нинг потенсиал манбаи ҳисобланади. Тавсия: баргли кўкатларники билан бир хил: яхшилаб ювиб ташланг ва қайноқ сув қуйинг.
Қовун ва тарвуз
Ҳеч қаерда ва ҳеч қачон ўзгартирмаслик керак бўлган қоида: тарвузларни ва айниқса, қовунларни кесишдан олдин яхшилаб ювиб ташланг. Қовунлар том маънода ўсишининг бутун даври давомида ерда ётади ва пўстлоғида хавфли бактерияларнинг ҳақиқий тўпламини жамлайди, улардан энг хавфлиси салмонеллалар ва листериялардир. Кесилган қовунни музлаткичда сақлашни унутманг: қовунни столга қўйишингиз мумкин бўлган вақт бир ёки икки соатдан ошмаслиги керак.
Янги шарбат
Янги шарбатлар том маънода витаминларга бой, аммо улар пастеризация қилинмаган, яъни мева ёки сабзавотларнинг қобиғида яшаган барча бактериялар стаканингизга тушиши мумкин. Агар сиз шарбатларни ўзингиз тайёрласангиз, мева ва сабзавотларни яхшилаб ювинг (яхшиси, устига қайноқ сув қуйинг), агар тайёрини сотиб олсангиз, жараённи диққат билан кузатиб туринг.
Устрица
Вибриоз — ҳалокатли инфекциянинг қўзғатувчиси. Бу денгиз маҳсулотларида яширинган бўлиши мумкин. Эски қоида: номида “р” ҳарфи бўлмаган (бежиз бу танланмаган) бир неча ой ичида денгиз маҳсулотларини истеъмол қилманг. Айнан ёз ойларида, иссиқ ҳавода денгиз маҳсулотлари, айниқса, устрица билан заҳарланиш жуда осон. Аммо бу фойдали таомлардан воз кечишингиз керак дегани эмас: уларни фақат ишончли кафе ва ресторанларда буюртма қилинг ва ҳеч қандай ҳолатда уларни хом ҳолда истеъмол қилманг.
Гўшт
Ёз оқшомида гўштни дудлаш ёки панжарада пишириш ёқимли бўлгани билан хавфлидир. Чунки E.cоli бактериялари бўлиши эҳтимоли юқори. Яхшиси шундаки, у иссиқлик билан ишлов бериш пайтида ўлади. Ёмони, овқат пишириш вақтида эҳтиёт чораларини кўрмасангиз, у қўлларингизга, кейин эса оғзингизга тушиши мумкин. Қийма, шунингдек, пичоқ ва тахтакачдан фойдалангандан кейин қўлингизни яхшилаб ювинг. Гўштни яхшилаб пиширинг.
Янги сут
Бу мазали ва жуда фойдали, аммо хавфли: пастеризация пайтида сутнинг таъми ўзгариши мумкин, аммо хавфли бактериялар, албатта, ўлади. Бироқ ҳатто пастеризация қилинган сутни ҳам стол устида унутмаслик керак: ёзда, иссиқда, фақат музлаткичда сақланг!
Хом тухум
Салмонеллёз — бу эскирган тухумдан юқтириб олиш осон бўлган инфекция. Энг катта хавф: салмонеллалар ҳатто, ёқимсиз ҳидга эга бўлмаган ёки ташқи кўринишидан инфекцияланмаган тухумлардан ҳеч қандай фарқ қилмайдиган тухумларда ҳам бўлиши мумкин. Тухумни хом ҳолатида истеъмол қилиш одат тусига кирмаслиги эҳтимолдан йироқ. Аммо хамирли таомларда, пишириқларда ишлатаётганда эҳтиёт бўлиш керак.
Заҳарланишни қандай аниқлаш мумкин ва бу вақтда нима қилиш керак?
Агар шунга қарамай, сиз хавфли бактериялардан заҳарланиш аломатларини пайқасангиз, дарҳол чоралар кўриш керак.
Заҳарланиш белгилари
Озиқ-овқат заҳарланишининг дастлабки белгиларини имкон қадар эрта аниқлаш ва зудлик билан чоралар кўриш муҳимдир.
- Қорин бўшлиғида кучли буришиш;
- Кўнгил айниши ва қайт қилиш;
- Ҳароратнинг кўтарилиши (баъзан 39 даражагача);
- Умумий заифлик.
Нима қилиш керак?
Заҳарланишнинг биринчи белгисида дарҳол шифокорни чақиринг. Аммо бунинг иложи бўлмаса (масалан, таътилни шаҳар ташқарисида ўтказаётган бўлсангиз) ёки бирор сабабга кўра яқин келажакда ёрдам кела олмаса, қуйидаги чораларни кўриш керак:
- Беморнинг ошқозонини ювинг. Бунинг учун тоза сувдан (камида бир литр) ёки калий перманганатнинг кучсиз эритмасидан фойдаланишингиз мумкин, сўнгра дарҳол қусишни қўзғатишингиз керак. Бу токсинларнинг қонга кейинги сўрилишининг олдини олади.
- Агар беморда диарея бўлмаса, организмнинг ўз-ўзини тозалашини тезлаштириш учун унга ич келтирувчи препарат бериш лозим.
- Ошқозонни ювишдан кейин бемор фаоллаштирилган кўмир ичиши керак. Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, заҳарланишда организм намликни сезиларли даражада йўқотади, шунинг учун кўпроқ газсиз минерал сув ичиш керак.
- Беморга ётоқда дам олишни таъминланг: заҳарланиш организмга оғир юк бўлиб, унга тикланиш имкониятини бериш зарур.