Дим ҳаво ва юқори ҳарорат, ҳатто, кечаси ҳам тез ухлаб қолишга халақит беради. Иссиқда тез ухлаб қолишга ёрдам берадиган бир нечта усуллар мавжуд.
Пардалар
Деразаларга қора парда ёки жалюзи осиб қўйинг. Уларни кечаси ёпиқ ҳолда сақланг ва кун давомида фақат эрталаб ва кечки пайт очинг. Бу хонани салқин тутади ва қуёш нурлари хонангизни иситиб юбормайди.
Деразаларга қуёшдан ҳимоя қилувчи махсус плёнка ёпиштириш ҳам мумкин. Бу иссиқдан сақланиш учун деразалари қуёшга қараган хоналар учун мос келади. Ҳатто, автомобиллар учун мўлжалланган плёнка ҳам уйингизни иссиқдан ҳимоя қилади.
Вентиляция
Вентиляция учун энг мақбул вақт — эрталаб соат 8 дан олдин ва 22:00 дан кейин. Иложи бўлса, эрталаб соат 4-5 да деразаларни очинг ва уларни қуёшнинг илк нурлари тушгунча очиқ қолдиринг. Айнан шу вақтда ҳаво ҳарорати энг паст бўлади ва уйни вентиляция қилиш учун бир неча соат етади.
Бошқа пайтларда кўчадан иссиқ ҳаво хонага кирмаслиги учун деразаларни ёпиб қўйинг.
Ҳавони намланг
Энг оддий намлагич ҳам хонадаги ҳавони совитишга ёрдам беради. Бунинг учун унга муздек сув қуйинг. Яна бир неча томчи лимон суви қўшишингиз мумкин.
Агар намлагич бўлмаса, оддий сув сепадиган идишдан фойдаланинг. Ҳар ярим соатда бир марта хонага муздай сув сепинг.
Уй жиҳозларини ўчиринг
Розеткага уланган барча маиший техника иссиқлик манбаи ҳисобланади. Қишда улар қанчадир даражада иситади, лекин ёзда, аксинча, ҳароратни оширади. Шунинг учун ишлатмайдиган ҳамма нарсани ўчиринг — кофе қайнатгичлар, электр чойнаклар, телевизор.
Бундан ташқари, сочиқ қуритгични ҳам ўчиринг — у иситиш тизими ўчирилган тақдирда ҳам хонадаги ҳавони иситади.
Дудбурондан фойдаланинг
Овқат пишириш ёки душ қабул қилиш пайтида дудбуронни ёқинг. Бу фен каби ишлайди ва хонадан иссиқ ҳаво ва буғнинг бир қисмини чиқариб ташлашга ёрдам беради.
Вентилятор
Иссиқ кунларда вентилятор асосан квартира ичидаги илиқ ҳавони айлантиради, гарчи у яратган шамол нафас олишни осонлаштирса ҳам. Кўпроқ салқинлик бериши учун вентилятор олдига бир шиша муз ёки музлатилган сув қўйинг.
Чойшаблар
Ёзда кўпроқ салқинлик берадиган матолардан тайёрланган чойшаблардан фойдаланишга ҳаракат қилинг. Пахта ёки ипак чойшаблари энг яхшисидир. Ушбу материаллар ҳавони яхши ўтказади.
Бундан ташқари, чойшабни музлаткичда совитишингиз мумкин. Уни пакетга солинг ва музлаткичга қўйинг. Ушбу чойшаблардан ухлашдан олдин фойдаланиш мумкин.
Бундан ташқари, грелкадан фойдалансангиз бўлади — ичига совуқ сув қуйиб, музлаткичга ва сўнгра ётоқхонага қўйинг.
Хонани намлаб тозаланг
Намлаб тозалашни унутманг ва буни иссиқ кунларда кунига 2-3 марта бажаринг. Лимон ва совуқ сувдан фойдаланинг. Бу нафақат квартирани совитади, балки чангдан ҳам халос қилади.
Душ қабул қилинг
Ётишдан олдин совуқ эмас, балки илиқ душ қабул қилинг. Агар иссиқ танага совуқ сув қуйилса, у кўпроқ иссиқлик ҳосил қила бошлайди. Шунинг учун сув иссиқ эмас хона ҳароратида бўлиши керак.
Овқатга эътибор беринг
Кечаси протеинли овқатлар истеъмол қилмасликка ҳаракат қилинг — бу метаболизмни оширади ва тана ҳароратининг ошишига сабаб бўлади. Спиртли ичимликлар сувсизланишга олиб келади, шунинг учун кечаси ҳеч нарса ичмаслигингиз керак. Аммо ётишдан уч соат олдин аччиқроқ нимадир ейишингиз мумкин — бу терлашни кучайтиради ва тер танани совита бошлайди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг