Соғлом бўлиш учун кунига 10 минг қадам юриш кўпчилик учун амалга ошириш қийин бўлган сеҳрли рақамдай туюлиши мумкин. Лекин олимлар соғлик учун фойдали бўлишига 5 минг қадамдан ками ҳам етарли бўлишини аниқлашди.
Дунё бўйлаб 226 минг иштирокчи қатнашган янги тадқиқотда 4 минг қадам ҳар қандай сабабга кўра содир бўладиган бевақт ўлим хавфини камайтириш учун етарли эканини аниқланди. Юрак ва қон томирларига фойдали бўлиши учун 2,3 минг қадам ҳам етарли бўлади. Лекин қанча кўп юрилса, шунча соғлик учун фойдани сезиш мумкин, демоқда тадқиқотчилар.
4 минг қадамдан бошлаб то 20 минг қадамгача ҳар минг қадам эрта ўлим хавфини 15 фоизгача камайтириб боради.
Полшанинг Лодз университети ва АҚШнинг Жон Ҳопкинс тиббиёт университетлари жамоалари инсоннинг ёши, жинси ва қаерда яшашидан қатъи назар пиёда юришдан оладиган фойдаларини тадқиқ қилиб кўришди.
Лодз университети профессори Мацей Банахнинг айтишича, гарчи даволовчи препаратлар сони кўпайиб бораётган бўлса-да, улар соғлик учун ягона ҳимоя воситаси бўлолмайди.
"Мен ишонаманки, биз ҳар доим турмуш тарзимиздаги ўзгаришларга: диета ва жисмоний ҳаракатга эътиборли бўлишимиз керак. Улар таҳлилларимиз қандай бўлишининг энг асосий кўрсаткичлари ҳисобланади, юрак-қон томир касалликларини камайтириш ва узоқ яшашда самараси катта", дейди Мацей Банах.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, етарлича жисмоний ҳаракат қилмаслик ҳар йили 3,2 млн эрта ўлимга сабаб бўлади. Бу — дунёда энг кўп учраши жиҳатдан тўртинчи ўринда турадиган ўлим сабаби ҳисобланади.
Фитнес мураббийи Ҳани Файннинг таъкидлашича, бир жойда кўп ўтириш метаболизмни секинлаштиради, мушаклар ўсиши ва уларнинг кучига таъсир қилади. Бу эса мушакларда оғриқ ва ачишишлар пайдо бўлишига олиб келади.
"Бир жойда кўп ўтириш турли хил белоғриқларга олиб келади. Офисда кўп ўтирадиган одамларнинг бели стрессли тарзда доимий бир хил ҳолатда бўлади. Бу эса кейинчалик муаммоли ҳолатларга олиб келиши мумкин", дейди у.
Ҳани Файнга кўра, оддийгина юмушлар: туриш, харид қилиш, пол артиш, телефонда юриб туриб гаплашиш кабилар ҳам бизни нисбатан фаол қилади ва танамизда калориялар нисбатан фаолроқ парчаланишига ёрдам беради".
Турмуш тарзига доимий юришни қўшиш эса қон босимини пасайтиради, мушакларни кучайтиради. Бундан ташқари, сайр қилиш энергияни оширади, эндофрин беради ва соғлом вазнни сақлашга ҳисса қўшади.
Қандай қилиб сайр қилиш керак?
- Энг аввал бекатгача 10 дақиқалик йўлни пиёда босиб ўтиш;
- Дўстлар билан учрашувда пиёда сайр қилишни танлаш;
- Ҳомиладорликда доимий сайрни одат қилиш;
- Офисда ҳар соатда ўриндан туриш учун эслатмалардан фойдаланиш;
- 10 дақиқалик сайрни секинлик билан кўпайтириб, ярим соатга етказиш мумкин.