Осиё Чемпионлар Лигаси-2 мусобақасининг «В» гуруҳи доирасидаги «Аркадаг» – «Андижон» учрашуви олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда «бургутлар» бош мураббийи Максим Шацких ва дарвозабон Эржан Токотаев иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб беришди.
— Аввало барчангизни қутлаб қоламан, — деди Шацких. — Биз рақиб ҳақида етарлича маълумотга эга бўлдик. Туркманистон чемпионининг ўтган йилги «Чақириқ Кубоги»даги ўйинларини синчиклаб ўргандик, CAFA турниридаги баҳсларини ҳам таҳлил қилдик. Шу боис, гуруҳдаги илк беллашувга жиддий тайёргарлик кўрдик.
Тажрибали мутахассиснинг таъкидлашича, «Аркадаг» аслида Туркманистон миллий терма жамоасининг асосий ўзаги ҳисобланади:
— Деярли 99 фоиз футболчилари миллий терма сафида ўйнайди. Биз учун бу катта синов. Лекин биз «Андижон» сифатида майдонга чиқяпмиз ва мақсадимиз — ғалаба. Бу ерга дуранг учун келмадик. Тезкор ва интизомли ўйин кўрсатамиз, деб ишонаман.
Шацких жамоанинг ҳозирги ҳолати ҳақида ҳам тўхталди:
— Ҳаммаси ижобий. Сафаримиз муваффақиятли кечди. Белгилаган режаларимизни амалга оширишга ҳаракат қиламиз.
«Андижон» дебютчи экани, таркиб ҳамон тўлиқ шаклланмагани ҳақидаги саволга эса шундай жавоб қайтарди:
— Изланишларимиз давом этяпти. Ҳозир ҳеч нарса аниқ айтмайман, аммо таркибни кучайтириш режамиз бор.
Матбуот анжуманида дарвозабон Эржан Токотаев ҳам иштирок этди. Қирғизистонлик посбон яқинда CAFA турнирида жароҳат олгани ҳақида саволга жавоб берди:
— Раҳмат, аҳволим яхши. Жароҳатдан сўнг тўлиқ тикландим. Эртанги ўйинга тайёрман, — деди Токотаев.
Рақиб ҳақидаги фикрларини у қўшимча қилди:
— «Аркадаг» катта тажрибага эга жамоа, ўзининг кучли жиҳатлари бор. Лекин биз қўрқмаймиз, рақибни ҳурмат қиламиз. Шу боис, қизиқарли ва кескин баҳс бўлиши аниқ.
Маълумот учун, «Аркадаг» – «Андижон» учрашуви 17 сентябрь куни соат 18:45 да старт олади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!