19:16 / 14.11.2023
282

Қовоқнинг илмий жиҳатдан исботланган 7 фойдаси

Фото: Lifehacker

Қовоқ – кўпчилик севиб истеъмол қиладиган маҳсулот. У шунчаки мазали эмас, организм учун фойдали ҳамдир. Қовоқнинг илмий жиҳатдан исботланган фойдали хусусиятлари ҳақида қуйида билиб оласиз.

1. Таркибида катта миқдорда А витамини сақланади

Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, қовоқ таркибида бета-каротин – организмга тушганидан кейин А витаминига айланадиган ўсимлик пигменти миқдори жуда кўп. Айнан бета-каротин қовоққа тўқ сариқ ранг беради.

А витамини организм учун муҳим моддалар сирасига киради. Танамиз бу витаминни мустақил равишда ишлаб чиқара олмайди: витамин организм томонидан тайёр ҳолатда ёки каротиноидлар кўринишида қабул қилинади. Истеъмол қилинаётган маҳсулотлар таркибида А витамини миқдори кам бўлса, бу саломатликка салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди: кўриш қобилияти ёмонлашади, иммунитет тушиб кетади, тананинг турли аъзолари ва тўқималари – суяклардан тортиб мия фаолиятигача секинлашади.

Таркибида катта миқдорда бета-каротин сақланадиган маҳсулот эҳтимолий гиповитаминознинг олдини олишга ёрдам беради. Организм А витаминининг бир кунлик меъёрини қабул қилиши учун кунига 300 гр қовоқ ейиш керак бўлади. Уни ўзингизга ёққан кўринишда – қирғичдан ўтказилган, қайнатилган, димлаб пиширилган, қуритилган ёки бошқа бирор усул билан тайёрлаб истеъмол қилишингиз мумкин.

2. Қовоқ бошқа турдаги озуқавий моддаларга ҳам бой

Қовоқ ўз таркибида А витаминидан ташқари қуйидагиларни ҳам сақлайди:

– оқсил;

– углеводлар, жумладан овқат ҳазм қилиш жараёни учун ўта муҳим бўлган клетчатка;

– C, E, B2 (рибофлавин) витаминлари;

– минераллар (калий, рух, марганец, темир, магний)

Саломатликка зарар келтирувчи тўйинган ёғлар, холестерин ва натрий (улар одатда юрак, томирлар, буйраклар, ошқозон ва бошқа аъзоларга зарар етказади) қовоқ таркибида деярли мавжуд эмас.

3. Қовоқ ёрдамида озиш мумкин

Қовоқ этининг 94 фоизи сувдан иборат. Бу эса унинг кам калорияли маҳсулот эканлигидан дарак беради: 100 гр қовоқнинг озуқавий қиймати бор-йўғи 20 ккал га тенг. Устига-устак, калорияларнинг катта қисми организмга углеводлар, жумладан клетчатка кўринишида етказилади. Клетчатка эса фойдали хусусиятга эга: у ошқозон-ичак трактига тушганидан кейин намликни ўзига сингдириб олади, ўлчам жиҳатидан катталашади ва тўқлик ҳиссини пайдо қилади. Шунинг учун ҳам қовоқ истеъмол қилинаётган калориялар миқдорини камайтириш, ортиқча вазндан халос бўлиш ва очлик ҳиссига қарши курашишни истаган инсонлар учун мукаммал даражада мос келади.

4. Қовоқ таркибида антиоксидантлар жуда кўп

Антиоксидантлар – тана ҳужайраларининг эркин радикаллар томонидан зарарланишига қарши курашувчи моддалар бўлиб, ушбу жараён “Оксидловчи стресс” деб аталади. Шифокорлар уни тез қариш, сурункали яллиғланиш ҳолатларининг пайдо бўлиши, юрак-қонтомир, эндокрин тизими ва мия фаолиятидаги бузилишлар, баъзан саратон касалликларига олиб келувчи ҳужайралар мутацияси билан боғлашади.

Қовоқ таркибида антиоксидантлардан альфа ва бета-каротин, бета-криптоксантин ва бошқалар сақланади, улар организмга оксидловчи стресс ҳамда унинг асоратларига қарши курашиш учун ёрдам беради.

5. Қовоқ юрак-қонтомир тизими саломатлигини мустаҳкамлайди

Қовоқ таркибидаги калий, B витамини, клетчатка, антиоксидантлар юрак-қонтомир тизими фаолиятини рағбатлантиради. Санаб ўтилган моддалар тизим фаолиятида ўта муҳим ўрин туради.

6. Кўриш қобилиятининг ёмонлашишига қарши курашади

Қовоқ кўзлар саломатлиги учун муҳим бўлган А витаминига бойлиги ҳақида юқорида айтиб ўтдик. Бундан ташқари, унинг таркибида кўриш қобилияти учун зарур бўлган бошқа моддалар ҳам бор.

Қовоқ – лютеин ва зеаксантиннинг энг яхши манбаларидан бири ҳисобланади. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, ушбу моддалар катаракта, ёш билан боғлиқ ўзгаришлар, жумладан сариқ доғ пайдо бўлиши каби кўз касалликлари хавфини камайтиради.

7. Тери ҳолатини яхшилайди ва эрта қаришнинг олдини олади.

Бета-каротин ултрабинафша нурлари таъсирида терига етказиладиган зарар миқдорини камайтиради. B витамини эса коллаген ишлаб чиқаришга ёрдам беради – у терининг муҳим элементи бўлиб, тери таранглигини сақлайди, натижада жароҳатлардан кейин терининг қайта тикланиши учун кўп вақт керак бўлмайди. А витамини, лютеин, зеаксантин ва бошқа антиоксидантлар эса қариш жараёнини секинлаштиради.

Қовоқ истеъмоли кимлар учун зарарли?

Қовоқ – ўта мазали ва фойдали маҳсулот. У аксарият ҳолларда организм учун хавфсиз ҳисобланади. Бироқ айрим инсонлар қовоқни шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда истеъмол қилганлари маъқул.

Қандай ҳолатларда дейсизми?

– Таркибида А витамини мавжуд бўлган қўшимчалар қабул қилаётган бўлсангиз. А витамини – организм учун жуда керак, аммо унинг миқдори кўпайиб кетса, витамин тана учун заҳарга айланади, буйраклар, жигар фаолиятидаги бузилишлар, остеопорозга сабаб бўлади. Бир вақтнинг ўзида қовоқ ва А витаминига бой бўлган маҳсулотларни истеъмол қилиб, гипервитаминозга дучор бўлиш имконсиз, боиси организм овқатдан қанча витаминни ажратиб олиши кераклигини жуда яхши билади. Аммо А витаминини етарли миқдорда қабул қила туриб, синтетик қўшимча ҳам ичсангиз, гипервитаминозни келтириб чиқаришингиз ҳеч гап эмас.

– Қовоқ истеъмолидан кейин ўзингизни ёмон ҳис қилаётган бўлсангиз. Мисол учун, терида тошмалар пайдо бўлса, қорин дам бўлиши, кўнгил айниши, диарея кузатилса, сизда катта эҳтимол билан қовоққа аллергия бор.

– Маълум дори воситалари, мисол учун литий асосидаги препаратларни доимий равишда қабул қилсангиз. Қовоқ сийдик ҳайдаш хусусиятига эга, бу эса дори воситаларининг таъсирини кесиб қўйиши, уларни организмдан чиқариб юбориши мумкин.

– Ошқозон шираси билан боғлиқ муаммо ёки гастритингиз бўлса. Қовоқ эти ошқозондаги кислота даражасини янада пасайтириб юборади.

– Қандли диабетдан азият чексангиз. Қовоқ – юқори гликемик индексга эга маҳсулот ҳисобланади, уни истеъмол қилиш қондаги қанд миқдорининг ошишига сабаб бўлади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қовоқнинг илмий жиҳатдан исботланган 7 фойдаси