Австралиялик олимлар олиб борган сўнгги тадқиқот натижаларига кўра, ёлғизлик фақат эмоционал ҳолатга эмас, балки инсоннинг жисмоний соғлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Мутахассислар фикрича, одам табиатан бошқалар билан мулоқот қилиш ва муносабатда бўлиш учун яратилган.
Тадқиқотда айтилишича, ижтимоий муносабатлар инсон миясидаги муҳим жараёнларни фаоллаштиради — бу нафақат кайфиятни, балки умумий соғлиқни ҳам қўллаб-қувватлайди. Олимлар мия ижтимоий мулоқотни ҳаёт учун зарур жараён сифатида қабул қилишини таъкидлашган.
Шу билан бирга, одам ўзини ёлғиз ҳис қилганда, мия бундай ҳолатни хавф сигнали сифатида қабул қилади. Бу стресс гормонлари кўпайишига ва организмнинг “ҳимоя режими”ни ишга тушишига олиб келади. Натижада юрак фаолияти издан чиқиши, иммун тизими заифлашиши ва руҳий ҳолат ёмонлашиши мумкин.
Аксинча, мулоқот қилиш, яқин инсонлар билан гаплашиш ва руҳий қўллаб-қувватланиш окситоцин моддасининг ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Бу модда хавотирни пасайтиради ва инсонда хавфсизлик ҳиссини оширади. Ижтимоий муносабатлар стресс, тушкунлик ва ҳатто деменциянинг олдини олади.
Олимлар ҳар куни ҳеч бўлмаганда бир неча дақиқа суҳбат қуриш, яқинлар билан боғланиш ёки қизиқишлар бир хил бўлган одамлар билан мулоқот қилишни тавсия этишган. Қисқа мулоқот ҳам мияда ижобий ўзгаришлар уйғотиши, кайфиятни кўтариши ва стресс даражасини пасайтириши исботланган.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, оддий табассум ёки самимий саломлашиш ҳам руҳий соғлиқни мустаҳкамлашга ёрдам беради — чунки инсон ҳаётининг табиий қонуни мулоқот ва бирдамликка асосланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!